Линклар

logo-print

Афғонистонда сайлов кечиктирилди


Афғонистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатдаги президентлик сайловини 20 августга белгилади.

Афғонистон конституциясига мувофиқ, мамлакат тарихида иккинчи бор ўтказилаётган президентлик сайлови жорий йил май ойига белгиланган эди.

Бироқ Марказий сайлов комиссияси раиси Азизуллоҳ Лоден сўзларига кўра, техник, таъминот ва хавфсизликка оид муаммолар туфайли сайловни кечиктириш қарори қабул қилинган.

- Сайловни қолдириш учун бизда қонуний сабаблар мавжуд. Бюджет, техника ва бир қатор муаммолар боис биз президентлик сайловини аввал белгиланган санада ўтказа олмаймиз¸ деди Афғонистон Марказий сайлов комиссияси раиси.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг ҳам ушбу сайловда ўз номзодини қўйиши кутилмоқда.

Бироқ мамлакатда кузатилаётган коррупция ҳолатлари ва жангариларнинг фаоллашуви боис Ҳамид Карзай етакчилигидаги ҳукумат кескин танқидларга учраб келмоқда.

Айни пайтда Афғонистонда 55 минг кишилик ҳарбий контингентга етакчилик қилаётган НАТО Марказий сайлов комиссиясининг бугунги қарорини олқишлади.

Халқаро альянс матбуот вакили Жеймс Апатурайнинг таъкидича, ушбу муддат ичида НАТО Афғонистондаги халқаро кучлар сафини кенгайтириб, ўтказилажак сайловлар хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

XS
SM
MD
LG