Линклар

Сиëсийлар яна гаровда қолди


Халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаолларининг сиëсий маҳбусларни озод қилиш ҳақидаги сўров ва талаблари йиллардан бери Тошкент томонидан беписандларча рад этиб келинмоқда.

Халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаолларининг сиëсий маҳбусларни озод қилиш ҳақидаги сўров ва талаблари йиллардан бери Тошкент томонидан беписандларча рад этиб келинмоқда.

Ўтган йил Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳбуснинг афв этилиб¸ озодликка чиқарилгани маълум бўлди. Аммо бу амнистия ҳам яна сиëсий ва диний айб билан қамалганларни четлаб ўтди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ўтган йилги амнистия билан сиёсий маҳбусларнинг ҳам қамоқдан озод қилинишини кутган эдилар.

Ўзбекистондаги виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовга кўра, ҳар йилгидай бу гал ҳам амнистия сиёсий маҳбусларни четлаб ўтди.

- Сентябр ойидаги амнистиялардан Норбой Холжигитов ëки Алишер Кароматовларнинг чиқишини жуда ҳам кутган эдик.

Норбой Холжигитовнинг аҳволи жуда ҳам ëмон. Норбой Холжигитов амнистияга тушишга ҳар томонлама тўғри келарди. Ëши¸ муддати тўғри келарди¸ дейди Баҳодир Намозов.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитасининг интернет нашрида эълон қилинган маҳбусларнинг рўйхатида 30 дан зиёд сиёсий тутқуннинг исми-шарифи келтирилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу рўйхат жуда узун.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи маълумотига қараганда, Ўзбекистонда сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбуслар сони тахминан 10 минг нафар бўлиши мумкин.

Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида икки йилу саккиз ой қамоқ жазосини ўтаган марғилонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибаева бу рўйхатга тушган маҳбусларга амнистия қўлламаслик учун ишлатиладиган тадбирлар кўплиги ҳақида гапиради.

- Амнистия эълон қилинишидан бир ҳафта олдин қамоқхоналарда террорчилик ҳаракатлари ўтказилади. Бу маҳкумлар тилида террор деб аталади.

Қисқа муддат ичида бир маҳбусга керак бўлса, 3-4 тадан қоидабузарлик (нарушение) расмийлаштирилади. “Ички тартиб-қоидани бузди”, деб улар амнистияга туширилмайди.

Энг ачинарлиси, сиëсий маҳбуслар ва диний эътиқоди учун қамалганларнинг ҳатто 60-65 ëшга чиққанлари ҳам тартиббузарлар рўйхатида туради¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ амнистия масалалари бошида шахсан Ислом Каримовнинг ўзи турибди.

- Ҳақиқий жиноятчилар амнистияга тушади¸ жиноят қилмаган бегуноҳлар эса яна ичкарида қолаверади. Сиëсий маҳбусларга ва эътиқоди учун ўтирганларга амнистия қўлланилмайди. Чунки уларнинг ҳаммаси Ислом Каримовнинг шахсий буйруғи билан чиқади.

У кишининг буйруғи бўлмагунча, бирор сиëсий маҳбус озод қилинмайди¸ эътиқоди учун ўтирганларнинг бирортасига енгиллик берилмайди. Чунки президентимиз уларнинг ҳаммасидан жуда қўрқади.

Ислом аканинг назарида сиëсий маҳбуслар чиқса¸ ҳозироқ ҳамма ëқда ағдар-тўнтар бўлиб, у кишини курсисидан олиб ташлашади¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов ҳам сиёсий маҳбусларнинг амнистияга тушмаслиги сабабини Каримов режими юритаётган сиёсатдан излаш керак, деган фикрда.

- Булар ҳукумат томонидан гаровга олинган одамлар. Агар яхшироқ¸ манфаатли таклиф тушса¸ озод қилади. Кимга кўпроқ эътибор бўлаëтганига¸ ким орқали кўпроқ нарса ундирса бўлишига қарайди-да.

Энди ундириш дегани бу сиëсий капитал бўлиши мумкин¸ иқтисодий капитал бўлиши мумин¸ дейди Отаназар Орипов.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукуматининг амнистия қарори ҳар йилгидай 8 декабр куни эмас, балки 1 сентябр, яъни Ўзбекистон мустақиллигининг 17 йиллиги муносабати билан эълон қилинди.

Айрим маълумотларга кўра, амнистиядан кейин Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбуслар сони тахминан 38 мингни ташкил қилади.

Ўтган йилги амнистия туфайли “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилоят Зарбдор туман бўлими раиси Мамаражаб Назаров ва шу ташкилотнинг Андижон вилоят Марҳамат туман бўлими раиси Дилмурод Муҳиддиновлар қамоқдан озод этилди.
XS
SM
MD
LG