Линклар

"Очиқ эшиклар" ëпилиши мумкин

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Россияга расмий ташрифи ҳақида маҳаллий матбуотда хабарлар пайдо бўлмагани ҳам, таҳлилчилар фикрича, мазкур сафарнинг қолдирилганидан нишонадир.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Россияга расмий ташрифи ҳақида маҳаллий матбуотда хабарлар пайдо бўлмагани ҳам, таҳлилчилар фикрича, мазкур сафарнинг қолдирилганидан нишонадир.

Душанбе ва Москва ўртасидаги ноталар урушидан сўнг¸ Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 2 феврал куни Москвага белгиланган сафари тақдири мавҳумлигича қолмоқда.

Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси матбуот котиби Камил Магомедов Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Москвага белгиланган расмий сафари тақдири ҳамон номаълум қолаётганини билдирди:

- Сафарга оид масалалар юзасидан изоҳ берилмайди. Бу масала ўрганилмоқда. Ҳозирча биз президент Имомали Раҳмон сафарига доир ҳеч қандай ҳужжат олганимиз йўқ, деди россиялик дипломат.

Аммо Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари давлат раҳбарининг Москвага расмий сафари¸ албатта¸ амалга ошади, деган ишончда.

Айни пайтда¸ маҳаллий оммавий ахборот воситалари жимлиги ҳам президент Раҳмоннинг Москвага сафари қолдирилганига оид тахминларни билвосита тасдиқлагандай бўлаяпти.

Зеро¸ аънанага кўра¸ Имомали Раҳмоннинг расмий сафарлари олдидан Тожикистон телевидение ва радиоси¸ шунингдек матбуот президент борадиган мамлакат ва музокараларда кўриладиган масалалар борасида уч-тўрт кун аввал тўлиқ маълумот беради.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 2 феврал куни Россияга расмий ташрифи билан бориши номаълум қолаётган бир кезда¸ Душанбе раҳбарининг 4 феврал куни Москвада бўлиб ўтиши кутилаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашиши кутилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидича, бу борада зарур ҳужжатлар ҳозирланган ва тасдиқланган.

Мазкур йиғилиш арафасида¸ Имомали Раҳмон 2 феврал куни Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашиб, россиялик ҳамкасби билан 2008 йил Душанбеда имзоланган ҳамкорлик шартномалари ижроси хусусида суҳбатлашиши керак эди.

Аммо Россия президенти Дмитрий Медведевнинг ўтган ҳафта Ўзбекистонга қилган сафари¸ аниқроғи унинг Тошкентда айтган бир гапи¸ бу режаларни тўзитиб юборди.

Ўзбекистон телевидениеси мухбири Севара Турсунованинг “Марказий Осиёдаги баъзи давлатларнинг гидро-энергетик иншоотларни қуриш режалари ва бунда минтақадаги бошқа мамлакатларнинг манфаатлари инобатга олиниши борасида Россиянинг позицияси” ҳақидаги саволига Ислом Каримов билан ëнма-ëн ўтирган президент Медведев қуйидагича жавоб қилди.

- Ҳар қандай лойиҳа, хусусан гидро-электр станциялари каби катта лойиҳалар қўшниларнинг фикри инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Мавжуд вазиятда алоҳида иш тутиш кетмайди. Бу ҳеч қандай натижага олиб келмайди ёхуд кейин сиёсий воситалар билан ҳал этиш лозим бўладиган тарангликни келтириб чиқаради.

Келишмовчиликларни ҳал қилишнинг хатарлироқ усулларини гапирмаса ҳам бўлади.

Шу сабабдан гидро-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, у ёки бу буюртмани бажариш ҳақида гап борар экан, Россия федерацияси ўз ҳудудида бирор иншоотни қуриш нияти бўлган ҳар бир давлат қўшнилари билан келишиб олиши лозим, деб ҳисоблайди, дея баён қилди Медведев.

Кремл раҳбарининг бу баёноти Тожикистон томонидан Роғун ГЭСига оид Тошкент билан Душанбе ўртасидаги келишмовчиликларда Ўзбекистон тутаётган позицияга ён босиш, дея талқин этилди.

Президент Медведевнинг бу баëноти хусусида расмий Душанбенинг Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юбориши эса¸ энди Тошкент ва Душанбе қолиб¸ Душанбе ва Москва ўртасига кучли совуқчилик солди.

- Сўнгги бир неча кун давомида уч давлат Россия-Тожикистон-Ўзбекистон ўртасида юз берган даҳанаки жанглар Россия ва Тожикистон муносабатларининг совуқлашишига сабаб бўлди.

Бу, ўз навбатида, жаноб Имомали Раҳмонни Россия зиёратидан маҳрум қилди, дейди тожикистонлик таҳлилчи Рашид Ғани.

Айни пайтда таҳлилчилар¸ Имомали Раҳмон ва Дмитрий Медведевнинг 4 феврал куни Москвада бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти йиғилиши доирасида учрашишлари эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидламоқдалар.

Таҳлилчи Рашид Ғани фикрича, мазкур йиғилишда вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов иштирокидаги уч томонлама учрашув бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов феврал учрашувларидан кейин Тожикистоннинг Россия билан алоқалари совуб кетган тақдирда ҳам, бу Имомали Раҳмон ва унинг сиёсатини боши берк кўчага киритиб қўймайди, деган фикрда.

- Тожикистон ўз ташқи сиёсатида “Очиқ эшиклар” сиёсатини эълон қилган.

Агар Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабат шу алфозда сақланиб қолгудек бўлса, у ҳолда Тожикистон аввал имзоланган ҳамкорлик шартномалар доирасида бир қатор исломий давлатлар, хусусан, Эрон Ислом Жумҳурияти, қолаверса, Хитой ва Ғарб давлатлари томон юз тутиши табиий, дейди таҳлилчи Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG