Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:00

Ўзбеклар - қозоқ полицияси ўлжаси


Миграция қонунида ўзбекистонликлар учун белгиланган чеклов туфайли¸ Қозоғистонда ишлаëтган юз минглаб ўзбеклар ноқонуний мақомга тушиб қолган.
Миграция қонунида ўзбекистонликлар учун белгиланган чеклов туфайли¸ Қозоғистонда ишлаëтган юз минглаб ўзбеклар ноқонуний мақомга тушиб қолган.

Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтмай юриши учун белгиланган қисқа муҳлат¸ расмийларга кўра¸ яқин орада ўзгармайдиган кўринади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги полиция идораларида рўйхатдан ўтмаган тожикистонлик ва қирғизистонлик фуқаролар билан боғлиқ вазиятни ҳозирча кескинлаштирмоқчи эмас.

Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазири Бауржон Муҳамеджонов 2009 йилнинг 29 январ куни вазирликнинг 2008 йил якунларига бағишланган коллегиясида билдирди.

Жаноб Муҳамеджонов мамлакат ҳудудида ҳозирда 700 мингга яқин қирғизистонлик ва тожикистонлик миграция бошқармаси рўйхатидан ўтмай яшаётгани ва ўз идораси бу ҳолатга кўз юмаëтганини маълум қилди.

Қозоғистон қонунлари¸ айнан Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларининг мамлакатда яшаб-ишлашларини енгиллатишни назарда тутади. Аммо мамлакатда кучайиб бораëтган молиявий бўҳрон шароитида айрим сиëсий гуруҳлар бу енгилликни чеклашни талаб қилмоқдалар.

Қозоғистон Ички ишлар вазирининг пайшанба кунги баëноти¸ бу босимларга қарамай¸ амалдаги қонунчиликнинг ўзгаришсиз қолажагини англатади.

Вазирлик расмийси Боғдот Хўжахметов¸ Озодлик билан суҳбатда 2008 йил қабул қилинган миграцияга оид қонуннинг асосий ўринларига изоҳ беради.

- Ўтган йили Қозоғистон миграция қонунчилигига ўзгартиш киритилиб, унга мувофиқ, Қирғизистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 90 кун, Тожикистон фуқаролари эса 30 кун миграция бошқармаларида рўйхатдан ўтмаган ҳолда юриш ҳуқуқига эга бўлган эдилар. Бу масала ҳукуматлараро миқёсда ҳал қилинган.

Мазкур масала Тожикистон президент Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Бакиевларнинг Қозоғистонга қилган ташрифлари чоғида кўтарилган эди.

Шундан сўнг Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги бу икки давлат фуқароларининг Қозоғистонга келиш тартибини енгиллаштириш қарорини қабул қилган эди.

Бироқ Ўзбекистон томонидан бундай масала кўтарилмаган, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов.

Қозоғистоннинг амалдаги миграция қонунчилигига кўра¸ Ўзбекистон фуқаролари Қозоғситон ҳудудида рўйхатдан ўтмаган ҳолда фақат беш кун юришлари мумкин¸ холос.

Ваҳоланки¸ Қозоғистонга иш илинжида келаëтган қўшнилар орасида ўзбекистонликлар энг катта рақамни ташкил этади.

Бундай чеклов¸ Қозоғистондаги ўзбек мардикорларининг маҳаллий полиция ходимлари овининг асосий нишонига айлантириб қўймоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги миграция бошқармаси раҳбари Серик Саинов ҳам¸ қозоқ полициячилари томонидан қўлга олинаётган чет эллик муҳожирларнинг кўпини ўзбекистонликлар ташкил қилишини яширмайди.

- Қозоғистонга келаётган муҳожирларнинг энг кўп қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Шунинг учун ҳам қўлга тушган меҳнат муҳожирларининг аксари Ўзбекистон фуқароларидир, дея қисқа жавоб билан чекланди қозоқ расмийси.

2008 йилнинг апрел ойида Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга расмий ташрифидан аввал қўшни давлатда ишлаётган аксар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ислом Каримовнинг Нурсултон Назарбоев билан учрашуви чоғида муҳожирлар масаласини ҳам кўтариши, пировардида Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонликларнинг шароити ҳам бироз яхшиланишига умид боғлаган эдилар.

- Нега десангиз, биз бу ерга келганимизга кўп йил бўлди, ўрганиб қолдик, ватанимиздек бўлиб қолди.

Ўзбекистонда иш йўқ, болалар ҳунари бўлгани билан бекор юришибди, деган эди Олмаотада ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирларидан бири.

Бироқ Ислом Каримов қозоғистонлик ҳамкасби билан музокаралар чоғида миграция масаласи бўйича лом-мим демади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, давлат раҳбарларининг амбициялари минтақа мамлакатлари ўртасидаги интеграцияга мудом халақит бериб келаяпти:

- Ўрта Осиё республикалари ўртасидаги муносабат яхши бўлишдан анча йироқроқда.

Улар ўртасида умумий бозор ташкил қилса бўларди, ўртасидаги муносабатларни яхшилашса бўларди, аммо биз бунинг аксини кўраяпмиз.

2008 йил апрелида Ислом Каримов Остонага сафари чоғида “аввал Қозоғистон бизга тараққиёт томонидан етиб олсин”, деган эди.

Бундай баёнотлар давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига йўл бермайди.

Давлат раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликдан кўпроқ калтак оддий халқнинг бошига келиб тушаверади, дейди Комрон Алиев.

Ҳозирда Ўзбекистон Жанубий Корея ва Россия билан ана шундай шартнома имзоланган бўлса, яқин келажакда Италия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан миграция масаласида давлатлараро ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирмоқда.

Аммо аксар кузатувчилар фикрича, ҳозирда аксар ўзбекистонликлар узоқ хориждан кўра Ўзбекистонга яқин бўлган Қозоғистонда қонунан ҳимояланган равишда ишлашни афзал биладилар.
XS
SM
MD
LG