Линклар

Қамоқдан яна тобут чиқди


 Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ расмийлар таҳдид-таҳликасидан қўрққан қурбонларнинг яқинлари¸ уларнинг қандай ўлгани оид кўрган-билганлари ҳақида мум тишлашга мажбурлар.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ расмийлар таҳдид-таҳликасидан қўрққан қурбонларнинг яқинлари¸ уларнинг қандай ўлгани оид кўрган-билганлари ҳақида мум тишлашга мажбурлар.

Ўзбек расмийлари қамоқхоналарда шароит ўнгланиб, қийноқлар қўлланилмаётгани ҳақида гапираëтган айни пайтда қамоқхона қийноғидан ўлганлар сони ошиб бормоқда.

2009 йилнинг 18 январ куни милиция ходимлари 41 ёшли Абдулатиф Аюповнинг жасадини уйига олиб келган ва у ўша куниёқ орган ходимларининг талабига мувофиқ зудлик билан дафн қилинган.

Бу ҳақда 30 январ куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.

Абдулатиф Аюпов Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшаган. Унинг Янгийўлдаги қариндошларига кўра, Абдулатиф Аюпов қамоқхонада пайтида сил касаллиги билан оғриган ва ўлимига ҳам шу касаллик сабаб бўлган.

- Ҳа, қайнакам “Сангород”да эди. Сил касал эди. Биласиз-ку, сил касал тузалмайди. Йўталганда ўпка узилиб кетибди-да, дейди Абдулатиф Аюпов қариндошларидан бири.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса Абдулатиф Аюпов қийноқлар натижасида ўлганлигини тахмин қилади. Унга кўра, Аюповнинг қариндошларига нисбатан тазйиқ ўтказилгани боис¸ улар ҳақиқатни гапирмаяпти.

- Биз Абдулатифни қийноқ натижасида ўлган, деб ҳисоблаймиз. Бизга маълум бўлишича, Аюповнинг жасадини олиб келган милиция ходимлари уйидагиларини сал қўрқитишган. Шунинг учун улар қўрқувда.

Балки жасадда қийноқ излари бордир, лекин уйидагилари бу нарсани гапиришга нимагадир қўрқишаяпти. Сабаби буларнинг қамоқда яна қариндошлари бор экан.

Улар: “Агар биз тўғрисини айтсак¸ уларнинг ҳам жасадини олиб келиб бериши мумкин”, деган гапларни гапиришаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Абдулатиф Аюпов даволанган Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Абдулатиф Аюпов дастлаб 2000 йил ҳибсга олиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2004 йилда у амнистия туфайли озодликка чиқарилган.

Лекин орадан икки йил ўтгач, у яна ҳибсга олиниб¸ бу гал 11 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Тошкент вилоят жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Абдулатиф Аюпов Ҳизбут-Таҳрир диний ташкилотига алоқадорликда айбланган.

Маълум бўлишича, Абдулатиф Аюпов 2008 йилнинг 24 сентябр куни Навоийдаги қамоқхонадан Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ўтказилган ва 18 январ куни унинг тобути Янгийўлга келтирилган.

Озодлик олган маълумотларга кўра, бу кейинги беш ой мабайнида қамоқхонадан чиққан тўртинчи тобутдир.

Ўтган йилнинг 2 сентябр куни 33 яшар Муҳаммадшокир Ортиқовнинг жасади, 3 октябр куни 36 яшар Абдураҳмон Қўчқоровнинг тобути уйига келтирилган.

23 ноябр куни милиция ходимлари 33 га кирган андижонлик Ҳошимжон Қодировнинг жасадини унинг яқинларига олиб келиб топширган.

Бу учала марҳум ҳам Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамалган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, улар қамоқхонадаги қийноқлар боис оламдан ўтган.

Uznews.net сайтининг ёзишича, Ҳошимжон Қодировнинг танасида қийноқлардан сўнг қолган 70 тача доғ бўлиб, унинг оёқ ва қўлларининг тирноқлари суғуриб олинган, оғзида биронта ҳам соғ тиши қолмаган.

Қийноқларнинг олдини олиш тезкор гуруҳ фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, қийноқлар натижасида ўлаётган маҳбусларнинг асосий қисмини диний айблар билан қамалган маҳбуслар ташкил қилади.

- Охирги пайтларда қийноқлар натижасида қамоқхоналардан маҳбусларнинг ўликлари қайтиб келаëтганининг асосий сабаби¸ уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган шахсларнинг, ташкилотларнинг йўқлиги.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар тергов жараëнида¸ биринчи инстанцияда ва судда уларни ҳимоя қиламиз¸ лекин шахс устидан ҳукм ўқилиб¸ жазони ижро этиш муассасасига жўнатилганда¸ уларнинг кетидан югурадиганлар фақат оила аъзолари ва яқинлари бўлиб қолаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Яқинда Тошкент вилоят суди Ўзбекистондаги энг шов-шувли маҳкама жараёнига якун ясади. Бу қийноқлар ошкор қилинган дастлабки судлардан бири бўлди.

Тошкент вилоят апелляция суди 30 яшар Музаффар Тўйчиевни қийнаб ўлдирганликда айбланган тўрт милиция ходимига нисбатан узоқ йиллик қамоқ жазоси белгилаш бўйича чиқарилган дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Музаффар Тўйчиевни калтаклаб қийнашда 15 нафар милиция ходими иштирок этган. Улардан фақат тўрт нафари жазога тортилган.

Суд ҳукмига кўра, Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими тергов изолятори бошлиғи ўринбосари Абдуқосим Исмоилов 17 йилга, шу ички ишлар бўлимининг бошқа ходимлари Азиз Аҳмедов 15 йилга, Жаҳонгир Ғаниев ва Дилмурод Пайсеновлар 8 йилданга озодликдан маҳрум этилганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG