Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:54

Катта ўйин қайта бошланди


Давосдаги муҳокамаларда Марказий Осиë минтақасининг дунë саҳнасидаги ўрни ҳақида фикр билдириш¸ минтақа раҳбарларидан бирортаси бу форумга келмаганидан¸ Эрон ташқи ишлар вазири зиммасига тушди.
Давосдаги муҳокамаларда Марказий Осиë минтақасининг дунë саҳнасидаги ўрни ҳақида фикр билдириш¸ минтақа раҳбарларидан бирортаси бу форумга келмаганидан¸ Эрон ташқи ишлар вазири зиммасига тушди.

Давосда ўтаëтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Марказий Осиë ва Кавказ минтақасига бағишлаб уюштирилган муҳокамаларга айнан шундай ном берилди.

Мазкур муҳокамаларда Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий, Арманистон Ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян иштирок этди.

АҚШдаги Евроосиё гуруҳи президенти, Колумбия университети профессори Айн Бреммер раислик қилган йиғилишда Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари азалдан Россия таъсир доирасида бўлиб келганига қарамай, сўнгги йилларда Туркия ва Европа Иттифоқининг бу минтақаларга таъсири кучайиб бораётгани қайд этилди.

Бундан ташқари дунё иқтисодиёти секинлашаётганига қарамай, Кавказ ва Марказий Осиёнинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти ўзгаришсиз қолаётгани алоҳида урғуланди.

Туркия-Арманистон, Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги муносабатлар муҳокама қилинганидан сўнг йиғилиш раиси Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақийдан Марказий Осиё республикалари билан Эрон ўртасидаги алоқаларни шарҳлаб беришни сўради.

Эрон ва қўшни давлатлар ўртасида тарихий, маданий ва иқтисодий алоқалар қадимдан мавжуд бўлганини гапирган Манучеҳр Муттақий¸ Совет иттифоқи парчаланганидан кейин мустақил бўлган Марказий Осиё давлатлари ва Эрон ўртасидаги алоқалар яхшироқ ривожлана бошлаганини айтди.

Муттақий Марказий Осиё давлатларининг табиий ресурсларга бой экани ва уларнинг имконияти катта эканини алоҳида таъкидлади.

– Айниқса, энергетика соҳасида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон катта имкониятларга эга. Минтақанинг сув заҳираси эса Тожикистон ҳудудида жойлашган. Бу жуда муҳимдир¸ деди Манучеҳр Муттақий.

Эрон Ташқи ишлар вазири қадимий Ипак йўлида жойлашган Марказий Осиё давлатлари Ғарб ва Шарқни боғловчи муҳим транспорт йўлининг бир қисми эканини ҳам алоҳида урғулади.

Муттақий ўз мамлакати қўшни давлатлар билан қатор лойиҳаларни амалга ошираётганини айтди. Эрон Туркманистон ва Қозоғистон билан Каспий денгизининг шарқий қисмида темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олганини сўзига қўшимча қилиб, Эрон минтақа давлатлари билан бирга бошқа ташкилотларга ҳам аъзолигини айтди.

- Шунингдек, биз Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Покистон, Афғонистон ва Озарбийжон билан бирга Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзомиз. Эрон Марказий Осиё давлатлари аъзо бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга.

Сиз минтақа давлатлари ўртасида интеграция ва ҳамкорлик борасида кўплаб масалалар, мавзулар, муаммолар ва имкониятлар мавжуд эканини кўришингиз мумкин¸ деди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Манучеҳр Муттақий бир ойдан кам вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтишини, шунингдек, Чорбоғ ва Бам шаҳарлари ўртасида темир йўл линияси ишга тушишини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазири минтақа давлатлари учун четдан аралашув бўлаётганини танқид қилиб, бу тўсиқ олиб ташланиши кераклигини таъкидлади.

- Афсуски, 1990 йиллардан бери биз минтақавий интеграция ва ҳамкорликка халал бераётган ташқи аралашувларга дуч келдик. Биз бу тўсиқларни олиб ташлашимиз керак. Ҳозирда биз Қозоғистоннинг Каспий ҳавзасидаги қарийиб бир миллион баррел нефтини Эрон ҳудуди орқали хорижга экспорт қилишга келишиб олдик, деди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Манучеҳр Муттақий Марказий Осиё давлатлари дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан дўстона муносабатда эканини алоҳида урғулади:

- Табиий бойликлар¸ айниқса, энергетика ресурсларига бой Марказий Осиë минтақаси дунёнинг бошқа давлатлари, жумладан Россия ва Форс кўрфазида жойлашган қўшни давлатларга нисбатан ҳам дўстона муносабатда, деди Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтаётган анъанавий Жаҳон иқтисодий форуми йиғилишида сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий.
XS
SM
MD
LG