Линклар

logo-print

“Қурбонларнинг кўпи аёллар”


Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси вакилларига кўра, Қозоғистонда қулфурушлар ўлжасига айланаётган кишиларнинг 80 фоизи аёллардир.

Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси вакилларига кўра, Қозоғистонда қулфурушлар ўлжасига айланаётган кишиларнинг 80 фоизи аёллардир.

Қозоғистонга сотиш учун олиб келинаётган марказий осиёликларнинг бир қисми мамлакат ўзида эксплуатация қилиниши баробарида уларнинг аксарияти чет давлатларга транзит қилинаяптилар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 29 январ куни мамлакат фуқароларини Қозоғистонга олиб бориб, уларни қулликка сотиб юборган қулфурушлар қўлга олинганини маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, қўлга тушган одамфурушларнинг бири 2008 йилнинг баҳор ва кузида қирғизистонлик 14 фуқаро, хусусан, 7 аёлни Қозоғистонга пуллаш учун олиб келинганликда айбланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, қирғизистонлик одамфуруш Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида истиқомат қилган ўз ватандошларини Қозоғистонда яхши маошли ишга жойлаштириб қўйиш ваъдаси билан Остона шаҳрига олиб келиб, уларни қулфурушларга сотиб юборган:

- Бугунги кунга келиб қулфурушлар қўлидан қочиб қутилганларнинг бири ички ишлар бўлимига: “бизни қирғизистонликлар Қозоғистон фуқароларига сотиб юборишди, шуларга нисбатан чора кўрсангизлар”, дея мурожаат қилди.

Ҳозирда Бишкек шаҳрида яшаб келган икки қулфуруш қўлга олинди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, дея маълум қилди “Озодлик”ка Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати нозири Ўлжабай Қазибаев.

Матбуот хизмати вакилига кўра, қўлга олинган икки қирғизистонлик бугунги қадар 27 нафар ҳамюртини Қозоғистонга олиб келиб пуллашга улгургани аниқланган.

Айни пайтда улар Қирғизистон жиноий кодексининг 124-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди:

- Бирининг фамилияси Кран, у асли Хитой фуқароси экан, иккинчи қулфурушнинг фамилияси Маматов бўлиб, унинг Қирғизистон фуқароси экани маълум бўлди. Улар ҳозир ҳибсхонада сақланмоқда, деди Ўлжабай Қазибаев.

Маълумотларга кўра, ҳар йили 4 миллион одам қулфурушликнинг янги кўриниши дея баҳоланаётган одам савдоси қурбонига айланади.

Айни пайтда қозоғистонлик кузатувчилар мамлакатда одам савдосининг икки кўриниши, яъни жинсий ва меҳнат эксплуатацияси кузатилаётганини айтадилар.

Уларга кўра, ҳозирда одам савдогарлари аксар ҳолларда аёллар ва болаларни пуллаш билан шуғулланаяптилар.

Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси ходимаси Карема Жанбулатованинг айтишича, Қозоғистонда одам савдосига қурбонларининг кўпи аёллардир.

- Қозоғистонда қулфурушлар ўлжасига айланаётганларнинг 80 фоизга яқинини аёллар ташкил этади. Улар орасида вояга етмаган, 16-17 ёшдаги қизлар ҳам бор, дейди Карема Жанбулатова.

Аввалроқ ўзбекистонлик аёлларнинг ҳам Қозоғистонга ишлаш учун олиб келиниб, сўнг қўлликка сотиб юборилиш ҳолатлари тез-тез учраётгани ҳақида маълум қилгандик.

Ўзбекистонликларнинг баъзилари Қозоғистоннинг ўзида асоратга дучор қилинган бўлсалар, уларнинг яна бир қисми Қозоғистон орқали узоқ хорижга олиб чиқиб кетилган.

Айни пайтда кузатувчилар Қозоғистон одам савдоси учун қулай транзит ҳудуд ролини ўтаётганини ҳам таъкидламоқдалар:

- Одамларни Қозоғистон орқали бошқа давлатга чиқариб юборадиган маршрутлар турлича. АҚШ давлат департаменти ҳисоботига кўра, Қозоғистон орқали транзит қилинаётган одамларнинг аксарияти Ўрта Осиё давлатлари фуқароларидир.

Уларни Қозоғистонга олиб келиб, сўнг Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Греция, Кипр, Франция, Италия, Португалия, Белгия, Туркия, Исроил, Албанияга каби давлатларга сотиб юбориш ҳолатлари кузатилган, дейди одам савдоси бўйича эксперт Айнур Сидиқова.

Халқаро миграция ташкилоти Қозоғистон бўлими маълумотларига кўра, ҳозир Ўрта Осиё давлатлари фуқароларининг 70 фоизи Қозоғистон орқали хориж давлатларига сотиб юборилаётган бўлса, қолган 30 фоизи Қозоғистоннинг ўзида эксплуатация қилинаётгани маълум.
XS
SM
MD
LG