Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:35

“Эримни ноҳақ қамашди”


Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг бирор кишини "Ҳизбут-Таҳрир"га алоқадорликда айблашларига баъзан унинг уйидан топилган бир дона варақа ҳам баҳона бўлиб қолаяпти.
Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг бирор кишини "Ҳизбут-Таҳрир"га алоқадорликда айблашларига баъзан унинг уйидан топилган бир дона варақа ҳам баҳона бўлиб қолаяпти.

Тожикистонда ҳизбчиликда айбланиб қамалганларнинг яқинлари суд ҳукми адолатсиз чиқарилганини айтаётган бир пайтда тожик расмийлари бундай хулоса чиқаришга эрталигини таъкидламоқдалар.

Душанбелик Сувонова Заринахон турмуш ўртоғи 40 ёшли Сувонов Камолнинг 2008 йил бошида “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти аъзоларига шерикликда айбланиб қамалганини айтади.

Заринага кўра, унинг эри Камол шаҳар четидаги уйини ўзига нотаниш одамларга ижарага берган.

Орадан бироз вақт ўтиб, ижарачилар “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг Душанбедаги фаоллари сифатида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олингач, уй эгаси Камол ҳам уларга шерикликда айбланган.

- Улар ҳизбчи бўлган, менинг эрим билмаган. “Сен шерик бўлгансан” деб, бегуноҳ эримга 6 йил беришди. Эрим “Ҳизбут-Таҳрир”дан умуман хабари йўқ. Фақат беш вақт намозини ўқиб келган.

Эрим қўлга олинганида махсус хизмат ходимлари қўлларини занжир билан боғлаб, роса калтаклаб, айбини бўйнига қўйган. Эримни туҳмат билан қамашди, дейди Зарина.

Бугунги кунда асосий таъминотчисидан айрилиб қолган Зарина балоғатга етмаган уч боласи билан қийналиб яшаётганини айтади:

- Азоб билан яшаб турибмиз. Ҳар ой бир марта эримга ҳам егулик ташиш керак.

5-синфда ўқийдиган ўғлимга пирожний пишириб бераман, бозорга чиқариб сотади. Шунинг ҳисобидан бир амаллаб яшаб турибмиз, дейди Зарина.

Заринанинг гапига қараганда, ҳизбчи деб қамалганларнинг яқинларига қамоқхона ходимлари ҳам яхши муносабатда бўлмайдилар.

- Болаларим отасини икки ойда бир марта кўради. Унгача қўйишмайди. Улар отасини соғиниб, йиғлашади, дейди кўз ёшларини артар экан аёл.

Суҳбатдошимизнинг турмуш ўртоғи Заринага ўзи тушган қамоқхонада 16 ҳизбчи борлигини, улардан уч нафари ўзбекистонлик эканини ва улардан айримлари ноҳақ ҳукм қурбони бўлганини айтишганини маълум қилган.

Бироқ Тожикистон Олий суд раиси Нусратулло Абдуллоев шикоятлар апелляция судида кўрилмагунича, “ноҳақ қамалган” дея хулоса чиқариш нотўғрилигини таъкидлайди:

- Жиноят иши апелляция судларида ўрганилмай туриб, суд қуйи бўғинлари чиқарган ҳукм ва қарорлар адолатсиз экани борасида хулоса чиқариш ёки уларни айблаш эрта, дейди Олий суд расмийси.

Жаноб Абдуллоевга кўра, 2008 йил Ҳизбут-таҳрирга аъзоликда гумонланиб қўлга олинган 28 киши устидан ҳукм ўқилди. Олий суд расмийсининг қайд этишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 50 фоизга камдир.

Қайд этиш жоизки, 2008 йилнинг 11 мартида Олий суд ҳукми билан “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти экстримистик ташкилот деб эълон қилинган эди.

Ўша қарор эълон қилингандан буён мазкур ташкилотга аъзоликда айбланганларга нисбатан ҳали бирор марта ҳам оқлов ҳукми чиқарилган эмас.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуқаюм Юсупов “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда айбланганларнинг ҳаммасига ҳам бир хил мезон билан ёндошиб бўлмаслигини таъкидлайди:

- Кўпинча айбловчилар айбланувчининг уйидан китоб ёки варақа топилгани далил қилиб олишади.

Аммо ўша одам ташкилот ғояларидан хабардорми, ҳақиқатан ҳам уни тарғиб қилганми, йўқми - реал текширмайди.

Натижада гуноҳ қилган ҳам, молиявий эҳтиёж ортидан билмасдан шу йўлга кириб қолган ҳам бир хил жазо олади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG