Линклар

Ироқ демократияси синовдан ўтмоқда


Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий 31 январ куни сайлов участкаларига келаётган сайловчилар фаоллигидан мамнуният изҳор этди.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий 31 январ куни сайлов участкаларига келаётган сайловчилар фаоллигидан мамнуният изҳор этди.

31 январ куни миллионлаб ироқликларни участкаларга чорлаган маҳаллий сайловларга жорий йил якунига белгиланган умумийхалқ сайлови олдидан имтиҳон сифатида қаралмоқда.

Ироқнинг 18 вилоятидан 14 тасида ўтказилаётган сайловда 14 минг номзод маҳаллий ҳокимият идораларидаги 440 ўрин учун ўзаро кураш олиб бормоқдалар.

Хабарларга кўра, 15 миллиондан зиёд ироқлик маҳаллий ҳокимият идораларига сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга.

Бағдоддаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий сайловчилар фаоллигини олқишлаб, ўз ватандошларини бугунги сайловларда овоз беришга чақирди.

- Мен ўзимни бахтли ҳис қилаяпман. Боиси кўпгина фуқароларимизнинг сайловларда иштирок этганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Бу фуқароларимизнинг ҳукуматга бўлган ишончини ва Ироқ ҳалқининг сайловда иштирок эта олишини намойиш этади.

Ишончим комилки, янги кенгаш аъзолари халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладилар. Чунки бу кенгашлар зиммасига катта маъсулият юкланган, деди Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий.

Айни пайтда Ироқ бўйлаб хавфсизлик чоралари кўчайтирилган. Барча йирик шаҳарларда содир этилиши мумкин бўлган қўпорувчилик амалиётларини олдини олиш мақсадида кўчаларга хавфсизлик идоралари ходимларидан иборат қўшимча куч сафарбар қилинган.

Бироқ хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн туғилиб ўсган Тикрит шаҳрида учта ракета портлагани хабар қилинди. Маҳаллий расмийларга кўра, бу портлашлардан ҳеч кимга зарар етмаган.

Сайловлар муносабати билан Ироқнинг барча чегаралари ҳам ёпилган. Бундан ташқари, мамлакатнинг йирик шаҳарларида, жумладан, Бағдод, Фалуджа ва Мўсул шаҳарларида машиналар қатновига ҳам таъқиқ жорий қилинган.

Сайлов натижаларининг келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда журналистлар суҳбатида бўлган айрим ироқликлар мазкур сайловларни ўз иродасини эркин ифодалаш учун имконият эканини таъкидламоқдалар:

- Бу биз учун буюк кун. Ҳеч қандай босим ва таъқибларсиз эркин овоз бериш биз учун ниҳоятда катта имкониятдир.

Мен эркин фуқароман ва мен ўз манфаатларим учун кураша оладиган номзод учун овоз бераман, дейди бағдодлик Ҳамид исмли сайловчи.

Ироқдаги сайловларни маҳаллий кузатувчилардан ташқари юзлаб хорижлик кузатувчилар ҳам назорат қилмоқдалар.

Шиаларнинг муқаддас Нажаф шаҳрида овоз берган маҳаллий сайловчилардан бири бу галги сайловлар аввалги сайловга қараганда шаффоф бўлишига умид билдирди:

- Аввалги сайлов натижалари қалбакилаштирилган эди. У ҳаққоний сайлов бўлмаган. Бироқ бугунги сайловнинг ҳақонний бўлишига ишончим катта, дейди ироқлик сайловчи.
XS
SM
MD
LG