Линклар

Андижон саси тингани йўқ

  • Ҳурмат Бобожон

Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этган қочқинларнинг яқинлари ҳам, яқинда Европа мамлакатларидан бирига келган суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистондаги таъқиб ва қамоқдан қочиб, чет элдаги қариндошлари олдига кетишга уринмоқдалар.

Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этган қочқинларнинг яқинлари ҳам, яқинда Европа мамлакатларидан бирига келган суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистондаги таъқиб ва қамоқдан қочиб, чет элдаги қариндошлари олдига кетишга уринмоқдалар.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалар ортидан Ўзбекистонни тарк этган ва Европа давлатларидан бирида бошпана топган оилалардан яна бири узоқ йиллик айрилиқдан сўнг бирлашди.

2005 йилнинг майида Андижонда ҳукумат кучлари оддий одамларга қарата ўт очиши ортидан 500 га яқин ўзбекистонлик аввал Қирғизистон, сўнгра Руминия ва у ердан учинчи давлатларга кўчирилганди, бироқ кўпларининг оила аъзолари ватанда қолиб кетганди.

Кўзи ёшлиғларин ҳолин на билсун мардуми ғофил...

Европа давлатларидан бирида бошпана топган андижонлик қочқинлардан бирининг Ўзбекистонда қолиб кетган турмуш ўртоғи ва фарзандлари яқинда Европа мамлакатларидан бирига етиб келди ва яқинлари билан дийдорлашди.

Ўзбекистонда қариндошлари хавфсизлигини ўйлаб, суҳбатдошимиз ўз исмини айтишни истамади.

- Бизларга мана шу 13 май воқеаси туфайли жуда ҳам кўп оилаларга турли кўринишларда тазйиқлар бўлгани боис жуда кўпчилик ватанини тарк этишга мажбур бўлди.

Оила парокандалигини, фарзандлари дийдорига интилиш нима эканини фақат айрилиқ азоби бошига тушган инсонгина ҳис қила олади, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Андижон воқеасидан сўнг қочқинларнинг Ўзбекистонда қолган яқинларини сўроқ қилишлар тинмаган. Андижон воқеаларига боғлиқ одамларга босимлар кучайган. Бунинг натижасида қочқинларнинг янги тўлқини пайдо бўлган.

Суҳбатдошимиз таҳқиромуз сўроқлар ва босимларга дош бера олмай, Андижондан кетишга ахд қилганини айтади.

- Қўполликлар, азоблар шундан иборатки, кўпроқ бизга мунтазам тергов бўлди. Ахир бизни нима гуноҳимиз бор эди?

Нима учун ўзимизни юртимизда ўзимизни ўзбек милиция ходимларимиз бизни доим тергов қилади, тўхтатиб паспортимизни доим текширади?

Лекин бу ерда - Европада мен маҳаллий аҳолидан фарқим жуда катта бўлса ҳам бирон марта полиция мени тўхтатгани ва ҳужжат текширгани йўқ, дейди суҳбатдошимиз.


Қайтганлар сўроқ-саволга тутилаяпти

2006 йил ёзида АҚШдаги андижонлик қочқинларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган эдилар. Уларнинг Андижонга қайтиш қарорига келишларига Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасининг фаол тарғибот ишлари туртки бўлгани айтилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан, Ҳюман Райтс Вотч ватанга қайтган андижонлик қочқинлар ҳукумат босимлари остида қолишгани ҳақида хабар берган эди.

Яқинда Андижондан Европага қочиб келган суҳбатдошимиз бу холатларни тасдиқлади.

- Бир-икки гуруҳ қайтиб борган эди. Лекин мен битта ҳолатни айтаман. Фақат кўрганимни айтаман. Мен улардан, яъни қайтиб борганлардан сўрадим, нимага бунақа деб?

- Уларнинг айтишларича, 15 кундан кейин СНБда савол-жавоб бериб турасиз, деб айтишибди. Кейин 15 кундан кейин ҳақиқатан ҳам савол-жавоб бўлибди, деб эшитдим.

Энди ҳозир нима бўлди билмадим. Қамалдими, борми-йўқми - билмадим. Лекин бир хафтада бир ИИБга сўроққа чақирилаётганини эшитганман, айримларини қамаб қўйгани ҳақида ҳам эшитганман, деди андижонлик қочқин.

Андижонда ҳукумат қўшинлари намойишчиларни нишонга олиши ортидан ҳалок бўлганлар сони расман 187 нафар экани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра эса, бу рақам беш юздан ортиқ.


Эртага қиёмат бўлса керак, деб ўйладим

Суҳбатдошимиз ўзи кўрганлари асосида ҳалок бўлганлар бундан-да кўп бўлиши мумкинлигини айтади.

- Биласизми, армия келди, юзига қора ниқобларни кийиб олиб, улар деразадан қарайдиган бўлсак ҳам, “отаман” деди. Шундай ўраб олди-да кўчада кўринганки одамни.

Уйимиз яқинида бола кўтарган аёлни ҳам, болаларини ҳам шундай-шундай отиб юборди.

Бир томонда ёмғир, соат 12 гача отди, 12-1 гача тасир-тусир бўлиб отган бўлса , биз: “ҳеч ким қолмади, ҳаммасини отиб юборди”, деб ўйладик.

“Эртага қиёмат бўлса керак”, деб ўйладим. Кечаси билан қалтираб ўтириб чиқдим, ухлаганим йўқ. Кўчалар қон бўлиб оққанидан кейин ҳаммалари “кўча мия, ичакларга тўла”, деб айтишиб келишди-да. Қанча одам бор эди - йўқку улар! – дейди суҳбатдошимиз.

Ўтган йил ёзида Чехияда бўлган андижонлик қочқинларнинг фарзандлари топишишгани хабар қилинган.

Чехия ҳукумати қочқинлар болаларини чиқаришни сўраб, Тошкентга мурожаат қилган, бироқ бу иш бермагач, мустақил журналист Томаш Влахни ишга солган ҳамда у олти бола ва бир аёлни Андижондан Чехияга олиб келган.

Андижон воқеаларидан сўнг андижонлик 15 қочқин Чехияда бошпана топганди. Улардан айримларининг фарзандлари Ўзбекистонда қолиб кетган.

Чехия ҳукумати уларни ота-оналари билан бирлаштиришга ҳаракат қилган, бироқ ўзбек мулозимлари билан расмий мулоқот ҳеч қандай наф бермаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG