Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:18

“Сангород” рози эмас


Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматованинг айтишича, унинг эри охирги учрашувда қон туфлаётган бўлган.
Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматованинг айтишича, унинг эри охирги учрашувда қон туфлаётган бўлган.

Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси маъмурияти қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Алишер Кароматовнинг аҳволини қониқарли баҳолаб, унинг иши судда кўриб чиқилишига розилик бермади.

Алишер Кароматовнинг адвокати Ғиёс Намозов ҳуқуқ фаолининг касаллиги боис унинг иши маҳкамага ўтказилишини сўраб ёзган аризасига жавоб хати олган.

Ғиёс Намозовнинг 31 январ куни Озодликка маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги маҳбуслар шифохонаси маъмурияти унинг аризасига рад жавобини берган.

- Тошкентдаги “Сангород”дан аризамга жавоб хати олдим. Хатда ёзилишича, улар Алишер Кароматовнинг соғлиги кундан кунга яхшиланиб бораётгани учун аризамизни рад қилишган.

“Алишер Кароматовни касаллиги бўйича озод қилишга ҳожат йўқ, чунки у тузалиб бораяпти”, дейилади жавоб хатида, дейди адвокат Ғиёс Намозов.

Адвокатга кўра, агар Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси маъмурияти унинг аризасини қабул қилганида, Алишер Кароматовнинг иши судга оширилиб, у касаллиги туфайли муддатидан олдин қамоқдан озод қилиниши мумкин эди.

Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига мурожаат қилиб, Алишер Кароматовнинг соғлиги билан қизиқдик.

- Бизнинг бу борада маълумот беришга ҳаққимиз йўқ. Бизга шундай буйруқ берилган. Иложи бўлса, бундай мурожаат билан бизга бошқа қўнғироқ қилманг, деди Тошкент шаҳридаги маҳбуслар шифохонаси ходими.

Лекин Озодлик мухбирлари танишишга муваффақ бўлган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли Республика касалхонасининг Алишер Кароматов соғлиги борасидаги маълумотномасидан ҳуқуқ фаолининг аҳволи тўғрисида билиш мумкин.

Маълумотномада ёзилишича, Алишер Кароматов касалхонага ўтган йилнинг 13 октябр куни келтирилган бўлиб, унга сил касаллиги ташхиси қўйилган.

“Ҳозирда беморнинг умумий аҳволи ўрта оғир бўлиб, у қон туфламоқда. Бемор бўлинмада сил касаллигига қарши даволанаяпти”, дейилади ўтган йилнинг 4 декабрида ёзилган маълумотномада.

Мазкур маълумотномага касалхона бош врачи ўринбосари майор Имомов, бўлинма бошлиғи ва даволовчи шифокор имзо чеккан.

Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматованинг Озодликка билдиришича, у эри билан охирги марта жорий йилнинг 16 январ куни учрашган. Суҳбатдошимиз ўша пайтда эрининг аҳволи оғир бўлганини ва у қон туфлаётганини айтади:

- Алишер акани охирги кўрганимда аҳволи яхши эмасди. У сал қаттиқроқ гапирса ҳам қон туфлаётганди.

Сил касаллигининг оғир кўринишидаги беморлар даволанаётган бўлимда ётибди.

Биринчи марта борганимда шифокорлар “Алишер аканинг аҳволини ўта оғир”, деб айтишган. Уларни ўзини кўрганингизда, жуда қўрқинчли аҳволда эди.

Худди нимадир суяб қўймаса, гавдасини тик тутиб ўтира олмайдиган аҳволда эдилар, деди Намуна Кароматова.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилади.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олишда айбланиб ҳибсга олинган.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йилдан қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

40 ёшли Алишер Кароматов Қарши шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётганди.

2008 йилнинг 13 октябр куни уни соғлиги ёмонлашгани боис Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ўтказишди.

Ўтган йилнинг 25 декабр куни Сирдарё вилоят жиноят ишлар суди Алишер Кароматовнинг кассация тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқиб, дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди.

Куни кеча эса Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси маъмурияти уни касалллиги боис озод қилишни рад қилди.

Адвокат Ғиёс Намозовнинг Озодликка билдиришича, улар Алишер Кароматовни озод қилишга қаратилган курашни давом эттирадилар.

- Биз барибир суднинг юқори инстанцияларига мурожаат қилаверамиз. Эндиликда Алишер Кароматовнинг касаллиги бўйича эмас, балки унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича ариза тайёрлаяпмиз.

Унга нисбатан тўққиз йиллик қамоқ жазосини енгиллатиш учун ҳаракат қиламиз, деди адвакат Ғиёз Намозов.
XS
SM
MD
LG