Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Қишлоқ йилида қурилиш кўп бўлади


Президент Ислом Каримов имзолаган дастурда айтилишича, 2010 йилгача ўзбек қишлоқларида лой ва чанг йўллар қолмайди.
Президент Ислом Каримов имзолаган дастурда айтилишича, 2010 йилгача ўзбек қишлоқларида лой ва чанг йўллар қолмайди.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ““Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” тўғрисидаги давлат дастури”ни имзолади.

Бу ҳужжатга биноан жорий йилда қишлоқ ҳудудларидаги 1.913,9 километр йўл таъмирдан чиқарилади, қишлоқ аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиш даражасини яхшилаш мақсадида 67 та янги йўналишда қатнов йўлга қўйилади.

Бундан ташқари дастурда Қорақалпоғистон ва Хоразмда аҳолини сув билан таъминлашни яхшилаш ҳам назарда тутилган. Жумладан, Кегейли туманида 15,2 километр, Беруний туманида 61,2 километр, Қўшкўпир туманида 14 километрли водопровод тармоғи ётқизилади. Шунингдек, электр тармоқлари ҳам таъмирланади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати бу борада Regnum ахборот агентлигига маълумот берар экан, 2009 йилда қишлоқларда болалар учун мўлжалланган 168 та спорт мажмуаси қурилиши ва қайта тикланишини билдирган.

“Дастур доирасида 6 та академик лицей,164 профессионал коллеж, 65 та умумтаълим мактаби қурилиши режалаштирилган.

“Саломатлик-2” дастури асосида эса 46 қишлоқ шифокорлик пункти ва 87 касалхона замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминланади”, деб билдирган Regnum ахборот агентлигига Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили.

Президент имзолаган дастурга асосан қишлоқларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш асносида 140 минг янги ишчи ўрни яратилиши ҳам назарда тутилган.

Президент матбуот хизмати вакилининг Regnum агентлигига тушунтиришича, “жой жойларда цемент, ғишт ва гипс ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш” орқали нафақат янги ишчи ўринлари яратилади, балки аҳолининг қурилиш маҳсулотларига бўлган талабини қондиради ва бу маҳсулотлар таннарҳининг арзонлашига сабаб бўлади.

12.uz ахборот портали Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни бартараф қилиш учун хориждан катта қарз кўтаргани тўғрисида хабар берганди.

Бу маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати жами 15 та лойиҳани ўз ичига олган махсус дастурни амалга ошириш учун 325 миллион доллардан кўпроқ миқдорида маблағ сарфланишини режалаштирган.

Айни пайтда Озодлик радиосига суҳбат берган ўзбекистонлик фермерлар “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да ўн йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслигини айтган эдилар.

Хоразмлик собиқ фермер Отаназар Оллаберганов Озодликка махсус дастурларнинг барчаси хўжакўрсинга эълон қилиниши тўғрисида фикр билдирганди.

- Қишлоқ хўжалиги борми¸ бошқа соҳа борми – бу ерда мансабдорларнинг ҳаммаси ўғри. Инвестиция киритиладими¸ ëрдам ажратиладими барибир бу жойига етиб келмайди. Катталар уни чўнтагига¸ уй қуришга¸ машина олишга сарфлайди. Бунинг қишлоқ хўжалигига¸ оддий деҳқонга ҳеч қандай ëрдами тегмайди. Қишлоқ тараққиëти йили бўладими¸ бошқа йил бўладими ҳаммаси фақат номига бўлади. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди¸ - дейди Отаназар Оллаберганов.
XS
SM
MD
LG