Линклар

Ироқда сайлов якунланди


Ироқда шанба куни маҳаллий ҳукумат тузилмаларига ўтказилган сайловда берилган овозлар ҳисобланмоқда.

Мамлакатдаги 18 вилоятдан 14 тасида бўлиб ўтган сайловда жами 15 миллион сайловчи рўйхатга олинган. Маълумотларга кўра, сайловчилар иштироки жуда юқори бўлгани боис, айрим вилоятларда сайлов вақти бир соатга узайтирилган.

Овоз бериш жараёнида жиддий тартиббузарлик ёҳуд зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо кузатувчилар минглаб овоз берувчилар ўз номи сайловчилар рўйхатига киритилмаганидан шикоят қилганини қайд этдилар.

-Мана биз умумхалқ сайловини эсон-омон ўтказиб олдик. Энди эса интиқлик билан унинг натижалари кутамиз. Умид қиламанки, сайлов натижалари мамлакатдаги сиёсий жараёнларни яна янги куч билан давом эттиришга жиддий туртки беради. Бундан ташқари, биз сайлов олдидан дуч келган муаммоларни унутамиз ва Ироқ келажагини қуришга астойдил киришамиз, деб умид қиламан,- деди Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий.

Ҳозирга қадар БМТ Ироқдаги сайловларни олқишлади. АҚШ президенти Барак Обама эса бу сайловни мамлакат бошқаруви келажакда ироқликлар қўлига ўтиши томон ташланган жуда муҳим қадам, деб баҳолаб, унинг тинч-осойишта ўтгани билан сайловчиларни қутлади.

XS
SM
MD
LG