Линклар

Ўзбекистонда қийноқлар давом этаяпти

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон расмийлари рад этиб келаётганига қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар бу мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар анъанага айланиб бораётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон расмийлари рад этиб келаётганига қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар бу мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар анъанага айланиб бораётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон қамоқхоналарида диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан қийноқлар давом этяпти. Бу ҳақдаги хабарни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи тарқатди.

Қарши шаҳрининг 64/33 қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Олим Бойматов ҳам оғир қийноқларга солинмоқда.

Тутқуннинг онаси Ҳадича Чалаҳнинг айтишича, унинг ўғли Олим 2006 йилда Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳадича опа қамоқдаги биринчи кунидан бошлаб ўғли мунтазам тарзда қийноққа солиниб келинаётганини айтади:

-Олимжонни Тоштурмадан Қаршидаги қамоққа кўчиришганининг иккинчи куни қаттиқ урганлар. Белига тепишган, буйраклари шишиб кетган. Яқинда эса товонини дубинка билан савашган,- деди Ҳадича опа.

Олим Бойматов илгари безориликда айбланиб бир йил қамоқда ўтириб чиққан эди.

-Қамалмасдан олдин Олим ичиб ва чекиб юрарди. Безори болалар билан қўшилиб безорилик ҳам қиларди.Қаерда юрганини ҳам билмасдим. Лекин безорилиги учун бир йил қамалганидан сўнг, туппа-тузук йигит бўлиб келди. Ичишни ҳам ташлади, чекишни ҳам. Оддий намозхон йигит бўлди,- дейди Хадича опа.

Унинг айтишича, О. Бойматов ресторанда официант бўлиб ишлади. Оилага кўмаклашди. Бундан Хадича опа хурсанд бўлганлигини, лекин бу шодлиги узоққа чўзилмаганини айтади.

- Ёмон қилиқларини ташлаб, энди икки-уч ой масжидга қатнаб, яхши йигит бўлганди. Лекин уни Ҳизбут-Таҳрирда айблаб, яна қамашди. Ҳозир ўзи ҳам қайси гуноҳи учун ўтирганини билмайди.

Олим ҳатто Ҳизбут тахрирнинг ўзи нима эканлигини ҳам билмайди. Энди тўғри йўлга тушган боламни намозхон бўлганлиги учун қамашди, -дейди Хадича опа.

Унинг сўзларига кўра, қамоқхонада тутқунларнинг озиқ-овқат таъминоти жуда ночор. Олиб борилган озиқ-овқатлар эса қабул қилинмаяпти.

- Яқинда кўргани борганимда ҳатто қотган нонни ҳам олишмади. Қамоқхона бошлиғидан ҳам илтимос қилдим. Рад қилди. Шунақа қарор чиққан экан. Лекин ўғлимнинг айтишича, бир маҳал иссиқ овқат беришади, ичидан битта яримта картошкани зўрға топишаркан. Алпқоматдай ўғлимдан ҳозир фақат суяк қолган,-деди Ҳадича опа.

Айни пайтда болалигидан юрак ҳасталиги билан оғриган Олимнинг аҳволи ёмонлашмоқда. Ҳадича опанинг сўзларига кўра, унга тиббий муолажа зарур. Лекин қамоқхона раҳбарияти бу ҳолатга бепарволик билан қарамоқда.

-Фақат менинг ўғлим эмас, балки диний айбловлар билан қамалган бошқа маҳбуслар ҳам у ерда хўрланмоқда. Намоз ўқиганларга жуда ёмон муносабатда бўлишаркан. Уларни одам ўрнида кўришмаскан.

Қўл-оёғини боғлаб, товонига дубинка билан роса урарканлар. Бақирмасин деб оғзини ҳам боғлаб қўйишаркан.

Охирги марта ўғлимни шундай урганларида нима қилаётганини ўзи ҳам билмай қолибди. Боши айланиб, тикансимлар томонга қараб кетибди. Қочмоқчи деб ўйлашиб отиб қўйишларига бир баҳя қолибди,-деди маҳбуснинг онаси.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилиши анъана тусини олган:

-Қийноқлар анъанага айланиб қолган. Бундан ташқари бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида тиббий хизмат кўрсатиш ҳам, озиқ-овқат масаласи ҳам борган сари ёмонлашиб боряпти. Айниқса диний айбловлар билан қамалган тутқунларга жуда оғир бўлаётир,-деди Суръат Икромов.

Ўзбекистон ҳукумати эса қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилишини мунтазам рад қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG