Линклар

Ўзбеклар ғалаба қилди


"Бунёдкор"нинг ютуқларга эришишида бразилиялик машҳур футболчи Зиконинг меҳнати катта бўлди.

"Бунёдкор"нинг ютуқларга эришишида бразилиялик машҳур футболчи Зиконинг меҳнати катта бўлди.

Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” футбол клуби Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ўртоқлик учрашувида Чехиянинг энг кучли футбол клуби бўлган “Славия”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Бу ҳақда Regnum ахборот агентлиги “Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизматига таянган ҳолда маълум қилди.

Ўзбекистонлик футболчилар Анвар Солиев ва Тимур Кападзе “Славия” дарвозасига иккита тўп киритишга муваффақ бўлганлар. Чех футболчилари эса “Бунёдкор” дарвозасига фақат битта тўп киритганлар.

Чехия футбол чемпионати лидери бўлган Праганинг “Славия” командаси билан учрашув Дубайдаги “Жабал Али” стадионида бўлиб ўтган.

“Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизматининг билдиришича, бу Бирлашган Араб Амирликларида ўзбек футболчилари ўтказган учинчи беллашув бўлди.

“Бунёдкор” Болгариянинг "Литекс” клуби билан бўлган ўйинни тенг натижа билан якунлаган. Украинанинг “Металист” командаси устидан ғалаба қозонган. Йил бошида эса Испанияда ўтган ўртоқлик учрашувида машҳур “Барселона” футбол клуби билан беллашиб, тенг натижага эга бўлинган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, “Бунёдкор” клуби ўзининг илк йирик ғалабаларига бразилиялик машҳур футбол юлдузи ва тренер Зико бош мураббийлик қилган даврда эришган эди.

Бироқ Зико орадан олти ой ўтгач бу клубни тарк этди ва Москванинг “ЦСКА” командаси билан шартномани имзолади.

Айни пайтда Gazeta.uz нашри Миржалол Қосимов раҳбарлигидаги футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ҳам Бирлашган Араб Амирликларида юқори натижаларга эришганини ёзади.

Бу ерда 2011 йилда ўтадиган Осиё ўйинларига танлов турнири доирасида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари терма командаси билан беллашиб, 1:0 ҳисобида ғолиб бўлган.

Бундан ташқари Миллий терма жамоа яна учта ўртоқлик учрашувлари ўтказган. Улардан энг аҳамиятлиси УЕФА ва суперкубок ғолиби бўлган Санкт-Петербургнинг “Зенит” командаси билан беллашув бўлган. Футбол майдонида ўзбек спортчилари “Зенит”ни 1:0 ҳисобида мағлуб қилганлар.

Ўзбек матбуотининг хабар қилишича, 11 феврал куни Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ўз майдонида Бахрейн футбол клубини қабул қилади.

Бу ўйинларнинг барчаси 2010 йилда бўладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик доирасида ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG