Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Қозоғистон мардикорга эшик ëпмоқчи


Агар Қозоғистон меҳнат муҳожирлари учун чегарасини ёпадиган бўлса, ўзбек мардикорларининг ягона умиди "чёрний ход"лардан.
Агар Қозоғистон меҳнат муҳожирлари учун чегарасини ёпадиган бўлса, ўзбек мардикорларининг ягона умиди "чёрний ход"лардан.

Глобал молиявий бўҳрондан зарба еган Қозоғистон иқтисодини ўз қўшнилари¸ биринчи галда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан иҳота қилиш уринишлари кучаймоқда.

Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Бердебек Сапарбоев ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш учун четдан келаётган меҳнат муҳожирлари сонини икки маротаба қисқартириш ва айрим хорижлик ишчиларнинг мамлакат ҳудудига киришини умуман таъқиқлаш таклифи билан чиқди.

Вазирлик матбуот котиби Арсений Дюсенов бу таклифни Озодликка мана бундай изоҳлади:

- Ёлланма ишчиларнинг сони ўтган йилнинг декбар ойида 50 минг кишига қисқарди. Шунинг учун республика Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири, тўртинчи тоифага оид хорижлик иш кучининг Қозоғистонга киришига таъқиқ жорий этишни таклиф қилди.

Ушбу тоифага қишлоқ хўжалигида ишлайдиган ихтисослашмаган ва мавсумий ишчилар киради, деди Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги матбуот котиби.

Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб кузатилаётган молиявий бўҳрон Қозоғистон иқтисодини ҳам четлаб ўтмагани ва мамлакат иқтисодий секторининг қатор соҳаларига катта зарар етказаётганини мамлакат ҳукумати тан олмоқда.

Бунинг оқибатида эса мамлакат аҳолисининг ўрта қатлами энг кўп зарар кўргани айтилмоқда.

Шу боис кузатувчилар, ҳозирда ҳукумат ўз фуқароларининг ишсиз қолмаслиги учун ана шундай кескин чоралар кўришга мажбур бўлаётир, деган фикрдалар.

Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Бердебек Сапарбаев олдинга сураётган бу таклифга кўра, хориждан келаётган иқтисослашмаган меҳнат мухожирлари Қозоғистон давлат чегарасидаёқ мамлакат ҳудудига киритилмай, ортга қайтарилади.

Бироқ кузатувчилар қозоқ расмийларининг бу каби таклифлари кузатилаётган молиявий инқирозга қарамай, мамлакат ҳудудига кириб келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини камайтирмаслигини таъкидлашмоқда.

Олмаотадаги қурилиш объектларида ишлаб, қиш мавсуми сабаб уйига қайтган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Абдураҳмон аканинг айтишича, чегарада айланма йўллар мавжуд.

Агар мардикорлар чегарадан ўта олмасалар ана шу айланма йўллар орқали мамлакат ҳудудига ноқонуний йўллар билан киришга мажбур бўладилар.

- Мардикорлар “Черный ход”дан ўтаверади барибир. Агар ўша жойларни ҳам маҳкам ушласа, меҳнат муҳожирлари ўтмаслиги ҳам мумкин, дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Абдураҳмон аканинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Қирғизистон билан давлат чегараларида айланма йўллар жуда кўп.

Чегара ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли муайян ҳақ эвазига муҳожирларни бир давлатдан иккинчи давлатга ана шу айланма йўллар орқали олиб ўтиб қўйиши мумкин.

Бироқ ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ўзбек меҳнат муҳожири ана шу айланма йўллар орқали қўшни давлатга ўтишнинг уддасидан чиққан тақдирида ҳам Қозоғистонда бошқа бир қатор қийинчиликларга учраши мумкинлигини айтади.

-Энди милициялар регистрация, прописка бўлмабди, ноқонунийсан, дейди. Ҳар хил қийинчиликлар туғилиши мумкин. Ишчиларга оғир тушиб кетади. Ишлаган пулини жарималар тўлашга сарфлайди-да, дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Ўз навбатида, Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Маҳмуд Нодирий, қозоқ расмийларининг чегарани назорат қилиш таклифини ўринсиз дея баҳолайди:

- Биринчидан, Қозоғистон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан визасиз ҳаракатланиши бўйича ўзаро шартномани имзолаган. Шу боис қайсидир бир кишининг Қозоғистонга айнан нима сабаб келаётганини аниқлаш жуда мушкулдир. Бу чегарани назорат қилиш тартибни жуда қийинлаштириб юборади.

Иккинчидан эса, Қозоғистон меҳнат бозори ўзини-ўзи бошқаради ва унга қанча меҳнат муҳожири кераклигини ўзи ҳал қилади, дейди Маҳмуд Нодирий.

Кузатувчилар¸ қозоқ расмийларининг меҳнат бозорини қаттиқ назорат остига олиш ҳаракатларидан хавотир билдирмоқдалар. Маҳмуд Нодирий ўз хавотирини мана бу сабабларда кўришини айтади.

- Хавотирли тарафи шундаки, қозоқ расмийларининг давлат чегарасини назорат қилиш бўйича киритаётган таклифлари коррупциянинг ривож топишига туртки бўлиши мумкин.

Бундай таклиф тадбиқ этилса, чегара ходимлари чегарадан ўтаётган кишиларнинг Қозоғистонга бош оғриғисиз ўтиб кетишлари учун пул талаб қилишлари мумкин, дейди Халқаро миграция ташкилотининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Маҳмуд Нодирий.
XS
SM
MD
LG