Линклар

Яқин Шарқда кескинлик ошиб бормоқда


Франция президенти Николя Саркози Ғазода эришилган тинчлик сулҳи давомийлигини таъминлаш мақсадида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ва Қатар бош вазири билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек бугун Яқин Шарқ бўйича АҚШ президентининг махсус вакили Жорж Митчелл Франция ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер билан учрашмоқда.

Айни пайтда Исроил қўшинлари Ғазо минтақасида бир нечта объектни ҳаводан ўққа тутди.

Исроил ҳарбийларига кўра, бугунги ҳаво зарбаларида Ғазо минтақасида Ҳамасга қарашли хавфсизлик комплекси ҳамда Миср чегарасига яқин ер ости тунеллари нишонга олинган.

Фаластин шифокорларининг билдиришича, Исроил зарбаси оқибатида бир фаластинлик нобуд бўлган, яна уч киши тан жароҳати олган.

Мазкур ҳаво зарбаларининг якшанба куни Ҳамас жангариларининг Исроилга ракета улоқтиришига жавобан амалга оширилгани айтилмоқда. Исроил расмийларига кўра, Ҳамас жангарилари якшанба куни давомида Исроил ҳудудига камида 10та қўлбола ракета улоқтирган.

Бундай ракеталардан бирининг Исроил жанубида портлаши оқибатида исроиллик икки ҳарбий ва бир фуқаро тан жароҳати олган.

Бундан бир оз аввал Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Ҳамас жангариларининг ҳар қандай жанговар ҳаракатларга жавобан Исроил қақшатқич зарба бериши тўғрисида огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG