Линклар

logo-print

Кимга тўй¸ кимга аза

  • Фаррух Юсуфий

Медведевнинг Ўзбекистон ëнини олиб қилган баëноти ва воқеаларнинг ундан кейинги ривожига қараганда¸ Самарқанд руҳи бу гал ҳам Оқсарой-Кремл муносабатлари илишига таъсир қилган кўринади.

Медведевнинг Ўзбекистон ëнини олиб қилган баëноти ва воқеаларнинг ундан кейинги ривожига қараганда¸ Самарқанд руҳи бу гал ҳам Оқсарой-Кремл муносабатлари илишига таъсир қилган кўринади.

Тожикистон президенти россиялик ҳамкасбининг Тошкентда қилган баëнотидан аразлаб¸ Москва сафарини буткул бекор қилган бўлса¸ Ислом Каримовнинг айни шу баëнотга миннатдорлик тариқасида Москвага келиши кутилмоқда.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 2 феврал куни Москвада Россия Президенти Дмитрий Медведев билан музокара қилиши керак эди, лекин расмий Душанбе мамлакатда авж олаётган энергетик бўҳрон боис президент Раҳмоннинг Москва сафари қолдирилганини маълум қилди.

Устига устак, Тожикистон президенти маъмуриятидаги исми сир сақланишини истаган манбанинг Озодлик радиосига айтишича, Имомали Раҳмон 10 феврал кунигача бўлган барча хорижий сафарларини қолдирган.

Ҳозирча расман баён қилинмаган бу маълумотга кўра, президент Раҳмон чоршанба куни Москвада бошланадиган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитларида ҳам қатнашмаслиги мумкин.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти матбуот котиби Виталий Струговец, Озодлик билан суҳбатда, бу хабарлар ҳозирча фақат матбуотда эълон қилингани ва президент Раҳмоннинг ташкилот йиғинида қатнашмаслигига оид расмий нота келмаганини таъкидлади.

- Ҳозирча Имомали Раҳмон ҳақиқатан ҳам саммитда қатнашмайди, дея олмаймиз. Бу ерда турли вариантлар эҳтимоли бор. Яъни у саммитда имзоланадиган ҳужжатларни Душанбеда туриб, ишчи тартибда имзолаши мумкин, ёки ўз ўрнига бошқа кимнидир, масалан бош вазирни саммитга юбориши мумкин.

Яна қайтараман, агар президент Раҳмон ҳақиқатан ҳам саммитга келмаса, бу вариантлар кўриб чиқилиши мумкин. Ҳозирча матбуотда эълон қилинган бу хабарларга кўра иш тута олмаймиз, дейди Струговец.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти котибияти вакили Василий Зюбин ҳам, жорий ҳафтага белгиланган ташкилот саммитида қатнашажак Тожикистон делегацияси рўйxатидан президентнинг исми расман олиб ташланмаганини маълум қилди.

Нима бўлганда ҳам, президент Раҳмон ҳозирча Россия президенти Медведев билан душанба кунига белгиланган музокаралардан воз кечиб, ўзининг Москва сафари кун тартибидан асосий ўринни ўчириб бўлди.

Раҳмон бу ҳаракати билан Медведевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида, Тошкент билан Душанбе ўртасидаги зиддиятнинг асосий сабабчиларидан бири бўлмиш Роғун ГЭСи масаласида Тошкент мавқеига яқин бўлган баёнотидан хафа бўлганини кўрсатмоқчи, демоқда таҳлилчилар.

Медведев 23 январ куни Тошкентдаги матбуот анжуманида, жумладан бундай деган эди.

“Ҳар қандай лойиҳа, хусусан гидро-электро станциялар каби катта лойиҳалар қўшниларнинг фикри инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим... ...Россия федерацияси ўз ҳудудида бирор иншоотни қуриш нияти бўлган ҳар бир давлат қўшнилари билан келишиб олиши лозим, деб ҳисоблайди”.

РИА Новости агентлигининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Санобар Шерматова, Медведевнинг бу сўзлари Роғун масаласида Кремл томонидан Тожикистон мавқеига қарши биринчи жиддий баёнот бўлди, дейди.

Бу эса, Душанбенинг Марказий Осиёда энг йирик гидро-энергетик иншоотга эгалик қилиш ниятларига путур етказади.

- Шу пайтгача сув муаммолари масаласини Ўзбекистон кўтарган¸ холос. Одатда бунга оид музокаралар Путин билан ўтказилган, Ельцин пайтида бу муаммоларга унчалик эътибор қаратилмаган эди. Чунки у пайтларда бошқа муаммолар ҳам бўлган ва бу масалалар, жумладан, Роғун масаласида Россия Тожикистон томонини олиб келган.

Медведевнинг баёноти эса мазкур муаммо бўйича Кремлнинг позицияси жиддий тарзда ўзгараëтганидан далолатдир ва буни президент Раҳмон яхши илғаб олган кўринади. Медведев бу баёнотни ўйламай қилгани йўқ ва Россиянинг барча томонлар рози бўлмаган лойиҳаларда иштирок этмайди, дейиши Роғун ГЭСи қурилмаслигига оид шаъмадир, дейди москвалик таҳлилчи.

Айни пайтда, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Москва саммитига келиши кутилмоқда. Ҳозирча, Ўзбекистон президенти маъмурияти ва ўзбек матбуоти Каримовнинг Москва сафари ҳақида хабар тарқатмаган бўлса-да, КХШТ котибияти матбуот вакили Струговец, Ўзбекистон делегациясига президент Каримовнинг етакчилик қилиши кутилаётганини маълум қилди.

- Тошкентдан котибиятга келган расмий рўйхатга биноан, президент Каримовнинг Ўзбекистон делегациясига етакчилик қилиши кутилаётганини тасдиқлашим мумкин, деди Струговец.

КХШТнинг Москвадаги саммитида, деб давом этади Стурговец...

- Қозоғистонда ўтказилган КХШТ норасмий саммитида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилади. Хусусан, ташкилотнинг ҳар қандай муаммоларга жавоб бера олиш салоҳиятини яратишга оид ҳар бир аъзо давлатнинг КХШТ бош котибига берган топшириғи масаласи ҳақида гап бораяпти, деди КХШТ матбуот котиби Виталий Струговец.

Айни пайтда, Ўзбекистон президенти маъмурияти, Каримовнинг КХШТ саммитида қатнашишини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўтган йилнинг ноябрида Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини тўхтатган ва декабр ойида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Қозоғистонда ўтказилган норасмий саммитини эътиборсиз қолдирган эди.

Санобар Шерматова, Каримовнинг бу сафар ҳам КХШТ йиғинига келмаслигига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлайди.

- Биласизми, Ўзбекистон ЕвразЭСни интеграцион бир тузилма эмас, Қозоғистон етакчилигидаги бир ташкилот сифатида кўришига оид таассурот мавжуд. Ўтган сафар КХШТнинг норасмий саммити Қозоғистонда ўтказилгани ва унга Назарбоев мезбонлик қилгани боис, Каримов бу йиғинга бормади.

Ҳозир эса вазият бошқача. Гап фақат КХШТ саммити ҳақида бораяпти.

Тошкентнинг бу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни оширмоқчи экани турли манбалардан маълум. Ҳатто Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида бу масала билан шуғулланадиган махсус бўлим ҳам ташкил қилиниши кўзда тутилган. Бу ҳақда КХШТнинг бош котиби Бордюжа ҳам расман баёнот берган эди.

Ҳозирча, бу саммитга Каримов келмайди дейишга асос бўладиган омилларни кўрмаяпман, дейди РИА Новости агентлигининг Марказий Осиë бўйича шарҳловчиси Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG