Линклар

Очилмайдиган қотиллик

  • Садриддин Ашур

Алишернинг қотиллари топилмаëтганидан тоқати тоқ бўлган унинг яқинлари беадад ҳасратга қарамай адолат қарор топиши учун саъй-ҳаракатдан тўхтамаяптилар.

Алишернинг қотиллари топилмаëтганидан тоқати тоқ бўлган унинг яқинлари беадад ҳасратга қарамай адолат қарор топиши учун саъй-ҳаракатдан тўхтамаяптилар.

2007 йилнинг октябр ойида Ўшда отиб кетилган мустақил ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг отаси ўғлининг ўлими учун яна Ўзбекистон ва унинг президентини айблади.

Бундан роппа роса бир йилу тўрт ой аввал ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг отаси Аваз Соипов яна Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиевга очиқ мактуб билан мурожаат қилди.

“Жаноб Президент, сизнинг фарзандларингиз ва невараларингиз борми?”

Мурожаат¸ ана шундай сўзлар билан бошланади. Аваз Соиповнинг ёзишича, Алишер Соиповнинг қотиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон хавфсизлик хизматларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилган ва бунга Ўзбекистон Президенти шахсан кўрсатма берган.

“Қирғизистон Ички Ишлар вазирлиги менинг ўғлимнинг қотилларини ошкор қилишни истамайди. Бу жиноят ишини очишнинг ўрнига қотиллик иштирокчиларини яширишга ҳаракат қилмоқда”¸ дейди ўз мактубида Аваз Соипов.

Мазкур мактуб юзасидан суҳбатлашиш мақсадида Аваз Соипов билан боғланганимизда¸ мавзунинг оғирлиги боис бўлса керак¸ ҳозирча гапиришни истамади.

Алишернинг отаси ўз мактубида бу қотилликни очишни Қирғизистон Президенти ўз зиммасига олганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтса¸ ўшлик кузатувчи Ғанижон Холматов фикрича, Алишер Соиповнинг ўлими сирлари яқин орада очилмайдиган кўринади.

- Менинг фикрим жуда ҳам пессимистик. Чунки Қирғизистонда содир этилган бундай буюртма қотилликларнинг бир донаси ҳам очилмади¸ ошкор этилмади. Очилса¸ шунинг орқасидан катта-катта пул билан ҳаракат қиладиганлар бор¸ лекин шулар ҳам зим-зиë бўлиб кетди.

Ҳозир бизнинг жиноятга қарши курашадиган ташкилотларимиз жуда ҳам уюшмаган ҳолда эканлигидан¸ нопрофессионал эканлигидан жуда афсусланаяпмиз. Шу катта-катта жиноятларнинг бирортаси очилганда эди¸ бирорта катта суд жараëни бўлиб ўтганда эди¸ унга нисбатан бир умид пайдо бўлар эди¸ дейди Ғанижон Холматов.

Қирғизистон Миллий маданият маркази раиси ўринбосари Қодиржон Ботиров фикрича, Марказий Осиё давлатларининг бирортасида бундай сиёсий қотилликларнинг бирортаси очилгани йўқ ва у ҳам бу ишнинг очилишига шубҳа билан қарайди:

- Бугунги кунда биз қўлимиздаги фактлар орқали биргина Алишер Соиповнинг эмас¸ бошқа кўпларнинг ҳам жиноят иши очилмаганини биламиз. Бундай аҳвол менимча яна давом этса керак. Биз бу нарсаларни очиқ айтдик¸ расмий мурожаат қабул қилдик. Лекин бугун халқнинг сўзини инобатга олиб ишлайдиган бир нарса кўрганимиз йўқ¸ дейди Қодиржон Ботиров.

Аваз Соипов ўз мактубида ўғлининг биринчи қотили сифатида Ислом Каримовни айтади. Лекин Ғанижон Холматов¸ Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ҳали бунчаликка бориб етмаган¸ деган ўйда.

- Албатта¸ Алишернинг курашининг тиғи биринчи навбатда Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари¸ Ўзбекистон сиëсатига қарши қаратилган эди. Шунинг учун ҳам унинг ўлимида улар айбланаяпти. Лекин Ўзбекистон ҳали бу даражага етиб келмаган.

Ўзбекистон ўғирлаб кетиши¸ жамоатчилик талаби кўтарилгунча қамоққа олиши мумкин эди. Аммо улар ҳали журналистни ўлдириш даражасига етмаган. Улар бундай нарсага¸ очиғи¸ тайëр эмас эдилар¸ дейди Ғанижон Холматов.

Қирғизистон собиқ Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли фикрича, Алишер Соипов ўлими сирлари очилмайди, чунки:

- Бу жиноятнинг очилишини истаган¸ шунга қизиққан одамлар буни хоҳламаяпти. Сабаби бунга жуда катта кучлар аралашган. Ҳақиқат бу режимлар кетгандан кейин ғалаба қилиши мумкин¸ дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Хўш, бу қотилликнинг очилмаслигини истаётган сиёсий кучлар қайси томонда, Қирғизистондами ё Ўзбекистонда?

- Икки тарафда ҳам бор¸ дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Биз Турсунбой Бакир ўғлидан бу фикрини аниқроқ қилиб шарҳлаб беришини сўрадик.

- Сабаби Алишер Соипов қирғизистонликларнинг ўзгача ўсаëтган сиëсатчиси эди. У ҳаваскор журналист эмас¸ ëш сиëсатчилардан бири эди. Сабаби қирғиз¸ ўзбек¸ рус миллатидаги сиëсатчилар агар карьера тарафдори бўлса¸ улар ҳокимият билан гаплашиб¸ ўз нафсини¸ ўз оиласини ўйлаб Олий кенгаш аъзоси бўлади ëки вазир ўринбосари бўлиб шу билан тинчийди. Алишер Соипов эса ўзбек миллатининг энг олдинда ўсиб келаëтган ëшларидан эди.

Бу жиноят очилмайди. Сабаби у билан қизиқувчилар жуда юқори жойларда ўтиришибди. Ҳокимият ўзгаргандан кейин ҳақиқат очилади¸ дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG