Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:47

"Режим барқарор эмас "


“Туран Алем” банки директорлар кенгаши раиси лавозимидан четлаштирилган Мухтор Аблязов аввал мухолифат етакчиларидан бири бўлган.
“Туран Алем” банки директорлар кенгаши раиси лавозимидан четлаштирилган Мухтор Аблязов аввал мухолифат етакчиларидан бири бўлган.

Қозоқ ҳукуматининг нодавлат банкини тортиб олиш ҳаракатини қароқчилик дея баҳолаётган кузатувчилар Остонанинг тобора ўзбек режимига ўхшаб бораётганини таъкидламоқдалар.

2 феврал куни ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида Қозоғистон бош вазири Карим Масимов “Туран Алем” банки директорлар кенгаши раиси Мухтор Аблязов ва банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жақсилиқ Жаримбетов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганини маълум қилди.

Бош вазирнинг айтишича, банк раҳбарияти омонатчилар ва кредит олувчилар манфаатларига ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда иш тутганлиги аниқлангани туфайли ҳукумат айнан шундай қарор келган.

Молиявий бўҳрон шароитида Қозоғистон ҳукумати инқироз ёқасида дея ҳисоблаган аксар банкларга кўмак ўлароқ умумий миқдорда 4 миллиард АҚШ доллари ёрдам пули ажратганди.

Ўша пайтда аксар кузатувчилар банкларнинг ҳукуматдан кўмак сўрамагани таъкидларканлар, ҳукуматнинг бу ҳотамтойлигини расмийларнинг банкларни ўз назорати остига олишга уриниши сифатида баҳолагандилар.

Қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Беринтаевга кўра, қозоқ ҳукумати банкларнинг 25 фоиз оддий акцияларини улардан кўмак сифатида сотиб олиб, сўнг эса “Туран Алем” банки билан содир бўлганидек, унинг раҳбариятини ишдан озод қилишини рейдерлик ҳаракати дея баҳолаш мумкин:

- Давлат банкларга ўз ёрдамини тиқиштираяпти. Масалан, давлат ёрдам кўрсатган тўртта банк, жумладан, “Турен Алем” ҳам ҳукуматдан ёрдам сўрамаган, аксинча, улар ўз кучи билан инқироздан қутулиш ва ташқи қарзларни тўлаш имкониятига эга эканларини маълум қилгандилар, дейди иқтисодчи.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг айтишича, Марказий Осиёнинг аксар давлатларида бўлгани каби Қозоғистонда ҳам авторитар ҳукумат мамлакатнинг барча жабҳалари, шунингдек, йирик тадбиркорлар бизнесини ҳам ўз назорат остида ушлаш уринмоқда:

- 2007 йил охиридан бошлаб Қозоғистондан капитал ошиғич чиқиб кета бошлади. Кузатувчилар бу капитал 50 миллиард долларни ташкил қилганини айтгандилар.

Бу капитал ичида ҳаттоки хорижлик сармоядорларнинг пули ҳам бўлганди. Бу жараён давом этаверади.

Қозоғистонлик бизнесменларнинг кўпчилиги ўз маблағларини хорижга олиб чиқиб кетишни афзал биладилар. Ҳукмрон режимда барқарорлик йўқ.

Эртага амалдаги режимга ёқмаган ҳар бир бизнесмен бор-будидан маҳрум бўлиш хавфи жуда катта, дейди Сатпаев.

“Туран Алем” банки раҳбари Мухтор Аблязов собиқ сиёсий маҳбус бўлиб ҳисобланади.

2001 йил охирида Аблязов Павлодар вилояти ҳокими Ғалимжан Жакиянов билан биргаликда “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракатни ташкил қилиб, Нурсултон Назарбоев юритаётган сиёсатни қаттиқ танқид қилиб чиққанди.

2002 йили эса давлат амалдори бўлган Аблязов ўз лавозимини суиистеъмол қилганлик айблови билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ўтган асрнинг 90-йиллар ўрталарида Ўзбекистонда ҳам давлатга ўз жиловини тутқазишни истамаган тадбиркорлар, хусусан, банкирларни қамаш жараёни кузатилганди.

Ўша пайтда биринчи хусусий банк ташкил этганлардан Рустам Усмонов ҳам амалдаги расмийларга ёқмагани сабабли, баъзи кузатувчилар фикрича, сохталаштирилган айблов асосида жиноий жавобгарликка тортилганди.

Кузатувчилар Қозоғистондаги сиёсий тизим ҳам тобора Ўзбекистон ўзанига тушиб бораётганини таъкидламоқдалар.

Бундай фикрловчилардан бўлган қозоғистонлик сиёсатчи Айдос Саримов аслида Ўзбекистон ва Қозоғистондаги бошқарув тизими бир-бирига жуда яқин эканлигини айтади:

- Бёрнес деган ибора бор - бу бюрократик бизнес деганидир. Бу ўз вақтида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий ҳокимиятни қўлга олган кишилардир.

Улар ҳалигача ҳокимиятни ўз жиловида тутиб турибдилар ва уни ҳеч кимга беришни истамаяптилар.

Бу фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонгагина эмас, Марказий Осиёнинг барча давлатларига хос бўлган жуда ёмон тенденциядир, деди Саримов.
XS
SM
MD
LG