Линклар

"Абдували қори муриди" озод этилди

  • Ҳасанжон

Суд ҳукми билан Россия ҳибсхонасидан озодликка чиқарилган яна бир андижонлик устидаги экстрадиция таҳдиди ҳали буткул тарқаган эмас.

Суд ҳукми билан Россия ҳибсхонасидан озодликка чиқарилган яна бир андижонлик устидаги экстрадиция таҳдиди ҳали буткул тарқаган эмас.

Санкт-Петербург шаҳрининг Смолинский туман суди 2 феврал куни Ўзбекистон сўровига кўра ҳибсга олинган андижонлик Ўринбой Эргашевни озод қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Диний асосдаги жиноят содир этганликда гумон қилиниб, Ўзбекистон маъмурлари томонидан қидирувга берилган Ўринбой Эргашев Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг аралашуви билан озод бўлди.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғи адвокати Ольга Цейтлинанинг Озодлик радиосига айтишича, диний мотивлар сабабли Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан экстрадиция қилиниши сўралган Ўринбой Эргашев Россияда бир неча ой ноқонуний равишда ҳибсда сақланган.

- 2008 йилнинг биринчи сентябр куни Ўринбой Эргашев Санкт-Петербург шаҳрининг “Москва” вокзалида ушланган. У экстрадиция қилиш мақсадида ҳибсда сақланган. Қўлга олинганидан кейин уни ҳибсда ушлаб туриш муддати узайтирилмаган.

Шу боис биз ҳибс муддати узайтирилмаган ҳолда Эргашев узоқ вақт тутқунликда сақлангани ҳақида судга мурожаат қилдик. Шикоятимиз кўриб чиқилди ва суд уни озод қилиш ҳақида қарор чиқарди, дейди Ўринбой Эргашевнинг адвокати Ольга Цейтлина.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўринбой Эргашев иш излаб 2007 йилнинг май ойида Ўзбекистондан Россияга жўнаб кетган. Олти ой ўтиб¸ Ўзбекистон расмийлари унга сиртдан айблов эълон қилган.

Ольга Цейтлинанинг айтишича, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Эргашевни қўлга олган пайтда унинг ҳужжатлари тўғри бўлган.

- Унинг паспорти бўлган, регистрация муддати тугамаган. Уни экстрадиция қилиш мақсадида ушлашган. Айтишларича, унга сиёсий ва диний моддалар бўйича айбловлар эълон қилинган экан, дейди адвокат Цейтлина.

Елена Рябинина Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик сиёсий қочқинлар ишлари бўйича дастур раҳбари.

Рябинина Смолинский туман суди Ўринбой Эргашевга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодекси нормалари ҳамда Европа конвенциясининг бешинчи моддаси бузилганини тан олганини айтади.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, суд озод қилиш ҳақида қарор чиқарганига қарамай, прокуратура Эргашевни қайта ҳибсга олиш учун соқчилар жўнатган.

Қўшимча маълумот олиш учун Санкт-Петербург транспорт прокуратурасига қўнғироқ қилганимизда¸ Ўринбой Эргашевнинг иши билан шуғулланаётган прокурор Теофил Техиопуло маълумот беришдан бош тортди.

Бу ишга Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мутасаддиси аралашганидан кейингина Эргашев озод бўлган.

- Бу ишга Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мутасаддиси Владимир Петрович Лукин жалб этилди.

У Санкт-Петербург транспорт прокуратурасига қўнғироқ қилиб¸ қонун устиворлигини таъминлашни талаб қилгани боис¸ қонун ижросини назорат қилувчи прокуратура соқчиларни чақиртириб олди ва Эргашев озодликка чиқди, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Елена Рябининага кўра, Ўринбой Эргашев 90-йиллар ўрталарида бедарак йўқолган андижонлик таниқли имом Абдували қори Мирзаев тарафдорларидан бири бўлгани учун таъқибга учраган.

- Ўзбекистон томонининг қидирув эълон қилиш ҳақидаги қарорида¸ Эргашевнинг 90-йиллар ўрталарида Андижонда таниқли ва машҳур бўлган, Ўзбекистон расмийлари томонидан “шубҳали” ҳисобланган имом Абдували қори Мирзаев тарафдорларидан бири бўлгани эслатиб ўтилган, дейди Елена Рябинина.

1995 йили Тошкент аэропортидан ўғирлаб кетилган Абдували қори Мирзаевнинг ўлик-тириги ҳозирга қадар ноаëн қолмоқда.
Абдували қори Мирзаев 1995 йилнинг августида халқаро исломий анжуманда қатнашиш учун Москвага жўнаб кетаётган пайтда¸ Тошкент аэропортида йўқолган эди.

- Ўша пайтдан бери унинг тақдири борасида жуда кўп гап-сўзлар айтилган. Аммо аниқ маълумотлар йўқ. Унинг шогирдлари, тарафдорлари, унинг маърузалари ёзилган магнит тасмаларини эшитганларнинг аксари ёки Абдували қори йўқолганидан кейин унинг тақдирига ойдинлик киритишда ёрдам сўраб Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилганлар¸ қарийб 15 йилдан бери Ўзбекистонда таъқибга учради. Улар ваҳҳобийлик ва бошқа нарсаларда айбланди. Афтидан Ўринбой Эргашев ҳам улардан бири бўлган, дейди Елена Рябинина.

Ольга Цейтлинанинг Озодлик радиосига айтишича, Санкт-Петербург транспорт прокуратураси Ўринбой Эргашевни озод қилиш ҳақидаги Смолинский туман суди чиқарган қарор юзасидан 4 феврал куни юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG