Линклар

Ери шўрнинг пешанаси шўр

  • Барно Анвар

Ариқ ва дарëларда бу йилги сув сатҳининг ўтгандагидан пастлиги¸ шу кунларда ўзбек деҳқони кўнглига ғулғула солаëтган асосий омиллардан биридир.

Ариқ ва дарëларда бу йилги сув сатҳининг ўтгандагидан пастлиги¸ шу кунларда ўзбек деҳқони кўнглига ғулғула солаëтган асосий омиллардан биридир.

Бу йилги қишнинг аввалгилариданда қуруқ келаётгани боис¸ ўзбекистонлик айрим деҳқонлар ҳозирданоқ ғалла ва пахтадан яхши ҳосил олиш умидини узиб қўйди.

Сўнгги бир неча йил ичида сув танқислигидан қийналган вилоятлар, хусусан, Жиззах вилоятидаги айрим фермер хўжаликлари шу кунга қадар ерга яхоб суви беролмади, тупроқнинг шўри ювилмади.

Йилдан йилга ортиб бораётган тупроқнинг шўри ўз вақтида ювилмаса, деҳқоннинг ҳамма меҳнатини пучга чиқариб, шўрини қуритади.

Жиззахлик фермер Мамиржон Азимов яшаб турган Жиззах туманида шу кунларда ариқда ҳам, каналларда ҳам сув йўқ.

- Ҳозир айни чилла пайтида баҳор фаслидай бўлаяптида. Ҳаво 10-15 даражагача иссиқ. Қор деярли ëққани йўқ. Тоғларда ҳам қор йўқ. Жиззах туманида умуман ариқларда сув йўқ. Ўтган йил ҳам ариқларда сув йўқ эди¸ лекин етарли қор бор эди. Ëғингарчилик яхши бўлган эди.

Ҳозир биринчи навбатда ғаллаларни суғориш керак. Ҳозир сув бўлмаса¸ эртага ғалладан ҳам яхши ҳосил олишни кутмасак бўлади. Об-ҳаво шу тарзда кетаверса¸ эртага пахтадан ҳам яхши ҳосил олишни умид қилмаса бўлади¸ дейди Мамиржон Азимов.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган жиззахлик яна бир фермер Саида Қурбонова яшаб турган Пахтакор туманидаги катта каналларда сув бор, аммо, уни ўз вақтида экин майдонига етказишнинг имкони бўлмади.

Боиси, бу ҳудудларда суғориш тизими сунъий бўлгани боис, каналлардан юборилган сув махсус насослар орқали майдонларга тақсимланади. Насослар эса электр токида ишлайди. Электр токи эса тез-тез узиб қўйилади.

- Ток йўқлиги натижасида насос ишламаяпти ва натижада сув чиқариб бермаяпти. Икки кундан бери мана энди ишлай бошлабди. Кеча фермерлар “Свет ўчмаяпти. Насос ишлаяпти¸ суғоришни бошладик” дейишди. Лекин шу пайтгача улар суғориб бўлиши¸яхоб сувларни қўйиб бўлиши¸ шўр ерларни ювиб бўлиши керак эди. Лекин ўша ишлар қолиб кетди¸ дейди Саида Қурбонова.

Шу тариқа, ерга яхоб сув берилиши зарур бўлган пайтда сув бўлмади. Аммо, тупроқнинг шўрини ювиш ҳар йилгидан ҳам бу йил жуда зарур эди, боиси, ўтган йили айни суғориш мавсумида сув узилиб қолгани учун деҳқонлар зовурларда йиғилган шўр сув билан пахтани суғоришга мажбур бўлган эдилар, дейди пахтакорлик собиқ фермер Саида Қурбонова.

- Ўтган йил одамлар зовурлардаги шўр сувдан фойдаланди. Одамлар кичик насослар ëрдамида зовурлардаги шўр сувларни тортиб олиб¸ ерларни суғорди. Ўзи ернинг шўри ювилиб пастга тушдию. Булар зовурдан олиб¸ яна ерга қуяяпти. Бу ернинг шўрланиш даражасини кучайтирди дегани. Бу шўрни ювмаса¸ бунинг эртага ҳосилдорликка таъсири бор¸ дейди Саида Қурбонова.

Шу кунларда жиззахлик деҳқонлар ҳозир қандай қилиб бўлса ҳам тупроқни ювмаса, бу йилги яхши ҳосилдан айрилиш мумкинлигидан ташвишга тушиб юрибди, дейди Саида Қурбонова.

Тупроқнинг шўри кўтарилиб кетса, ҳосил яхши бўлмайди. Буни аниқ билган деҳқон бу йилги ҳосилни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ер ости сизот сувларидан фойдаланишга уринмоқда.

Бу эса битта фермер хўжалиги учун анча қимматга тушади ва табиийки, бу борада унга ҳозирданоқ келгуси ҳосилни оширишни талаб қилаётган давлатдан ҳеч бир кўмак йўқ.

Бундай кўмакка умид қилмаган жиззахлик фермер Меҳри Эрматова тўрт шериги билан артезиан қудуғини ишга туширди.

- Бундан 3-4 йил олдин янги фермер бўлганимизда шунақа сув муаммоси бўлганда¸ қийналганимиздан шунақа қилган эдик. Ҳар бир фермер 200-300 минг сўмдан пул йиғиб қилганмиз. Бешовимиз келишиб ўша ишланмаган артезианни ишлатдик¸ дейди Меҳри Эрматова.

Аммо, бу ҳамма фермернинг ҳам имкониятида бор чора эмас, дейди Меҳри Эрматова. Биринчидан пул бор эди ва бу беш фермер ўз хўжалиги ҳудудида мавжуд, аммо ишдан чиққан қудуқни ишга туширди. Уларнинг бахтига қудуқдан чучук сув чиқди.

- Учтепадан битта аëл фермер ҳам кредит олиб қилдирган экан. Унинг ҳам ўзининг 30 гектар ери бор эди. Ўша аëл югур-югур қилиб қурдию¸ лекин ундан шўр сув чиқибди. Ишлата оладими ëки йўқми унисини билмадим, дейди жиззахлик фермер Меҳри Эрматова.

Аммо, ёғингарчилик кам бўлгани боис сувнинг танқислиги ёхуд ернинг шўрланиш даражаси ортиб кетаётгани бугун жиззахлик фермерларни қийнаб турган бир дунё муаммонинг бир ҳовучи¸ холос.
XS
SM
MD
LG