Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:39

"Президентнинг гапи бир тийин"


Ўзбекистонликлар орасида кенг тарқалган ишончга кўра¸ мамлакатдаги қонун ва қарорлар¸ президент ва бош вазир баëнотлари ўз йўлига¸ сиздан угина¸ биздан бугина қабилидаги ëзилмаган қонунлар ўз йўлига.
Ўзбекистонликлар орасида кенг тарқалган ишончга кўра¸ мамлакатдаги қонун ва қарорлар¸ президент ва бош вазир баëнотлари ўз йўлига¸ сиздан угина¸ биздан бугина қабилидаги ëзилмаган қонунлар ўз йўлига.

Ўзбекистонда тадбиркорлар муаммосини ҳал этиш учун яна махсус комиссиялар тузилди. Аммо тадбиркорлар бу билан ўз кўчаларида байрам бўлишига ишонмаяптилар.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш давлат қўмитаси кичик ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорларга ёрдамга келишга қарор қилди.

Вилоятларда тузилган махсус комиссиялар тадбиркорлик билан шуғулланувчи субъектлардаги муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Асосий мақсад мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Комилжон Муллабоевнинг Озодлик радиосига айтишича, бундай қарорнинг қабул қилиниши энг аввало тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш ва улар олдидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.

- Комиссиянинг асосий вазифаси шундан иборат. Биринчи навбатда ҳар бир ҳудудга чиқиб¸ тадбиркор олдида турган муаммоларни аниқлайди. Бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш учун нима тўсиқлар ва муаммолар бор? Бу ҳақда тадбиркорнинг ўзидан фикрини олади ва доимий равишда уни бартараф этишнинг чорасини кўради¸ дейди Комилжон Муллабоев.

Аслида бундай комиссиянинг тузилиши тадбиркорлар фаолиятида янгилик эмас. Вилоят ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи махсус комиссиялар бор.

Комилжон Муллабоевнинг айтишича, бунинг янгилиги шундаки, комиссия таркибига бир қанча вазирликлар вакиллари киради ва улар муаммони республика даражасида кўтариши мумкин.

Лекин ўзбекистонлик тадбиркорлар ва кузатувчилар фикрича, бу комиссиядан бирор бир наф чиқмайди.

Уларнинг айтишларича, бугунги кунда Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш жуда мушкул. Бу ҳақда тошкентлик Шуҳрат Рустамов шундай фикр билдиради:

Шуҳрат Рустамов: Тадбиркорлик билан шуғулланиш учун юқорида биронта танишингиз бўлмаса¸ ҳеч қанақа тадбиркорликни амалга ошира олмайсиз.

Озодлик: Нима учун?

Шуҳрат Рустамов: Чунки ишни бошлашингиз билан ҳали униси¸ ҳали буниси чўқилайверади¸ текшираверади.

Озодлик: Кимлар бу чўқилайдиганлар?

Шуҳрат Рустамов: Дейлик¸ овқат пишириб халққа сотиш мақсадида битта ошхона очдингиз. Биринчи навбатда¸ ички ишлар ходимлари келиб э йўқ¸ бе йўқ текинга овқатланаверади. Уларга лом -мим дея олмайсиз.

Бундан ташқари санэпидемстанция текширади. Яна ҳокимиятга тегишли умумий овқатланиш идоралари келиб текширади. Текширадиган жойда тирноқ остидан кир қидирсангиз¸ доим топасиз. Ана шундай кир топилгандан кейин униси келиб ëпасан дейди¸ буниси келиб ëпасан дейди¸ хуллас тадбиркорнинг абжағи чиқиб кетади.

Фарғоналик Ҳусанбой ака ҳам мамлакатда тадбиркорлар олдига қўйилган сунъий тўсиқлар жуда кўплигини айтар экан, тадбиркор бир танишининг бошидан ўтган савдолари ҳақида шундай дейди:

- Бир тадбиркор ҳокимият қарори билан хусусий ерни олиб¸ ўша ерга дўкон қуриб¸ мана 3-4 йилдан бери ўша одам ўша ерга банк орқали ссуда ололмайди. Бир марта 10 миллион олди. Уни узиб бўлди. Лекин яна қарз ололмаяпти.

Бунга бош вазир келди. У келганда унга мурожаат қилинган эди у “Халқ банки”ни¸ “Миллий банк”ни чақириб¸ “Бу одамга беринглар” деди. “Қанча керак” деган эди¸ “300 миллион керак” деди. Бир йил ўтди¸ ололмади.

Президент Каримов келганда ҳам “Бу нимага тўхтаб қолди?” деган эди¸ ҳалиги одам чиқиб гапирди. Каримов ҳам “Беринглар” деб айтди. Шу билан бунга 150 минг доллар берадиган бўлишди. У ҳалигача 100 доллар ҳам ололгани йўқ¸ дейди Ҳусанбой ака.

Ҳусанбой аканинг айтишича, тадбиркор банкдан бу қарзни олган бўларди, фақат катта пора эвазига:

- Президентнинг ҳам¸ бош вазирнинг ҳам гапи бир тийин экан. Булар бермас экан. 30 фоиз елка сўраяпти¸ дейди. Мен унинг фоизни узаманми¸ ўзини узаманми деяпти. Мисол учун¸ 100 минг доллар берадиган бўлса¸ 65 минг доллар берамиз¸ 100 мингга қўл қўйиб берасиз дейишиптида. У тадбиркор “Олмайман. Мен уни олиб куйиб кетаманку” деди. Тўсиқлар мана шунақада¸ дейди Ҳусанбой ака.

Ҳусанбой ака фикрича, кичик тадбиркорлик билан шуғулланувчи одамлар ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари, солиқ инспекцияси, маҳаллий ҳокимиятни боқувчи бир синфга айланаяпти. Шунинг учун ҳам уларнинг бири икки бўлмайди.

Тадбиркорликни кичик бўғиндан ўрта бўғинга ва ундан юқорироққа қараб ривожлантириш учун Ўзбекистонда имконият ҳам¸ шароит ҳам йўқ. Зеро, дейди Ҳусанбой ака¸ оддий халқни ўйлайдиган раҳбарнинг ўзи йўқ.

Лекин Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Комилжон Муллабоев фикрича, бу комиссия тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўладиган барча муаммоларни ҳал этишга қодир ва тадбиркорлар барча масалалар бўйича бемалол бу комиссияга мурожаат қилишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG