Линклар

Қирғизлар АҚШ базасини Манасдан чиқаради


Қирғизистон АҚШ тасарруфида бўлган Манас ҳарбий базасини ёпишга қарор қилди. Ушбу сенсацион янгиликни сешанба куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Москвада эълон қилди.

- Куни кеча Қирғизистон ҳукумати АҚШ ҳарбий базасининг мамлакат ҳудудида жойлаштириш муддатини тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда эрта ёки индинга оммавий ахборот воситаларида яна кўрасиз.

Қирғизистон томони ҳукуматнинг ушбу базасини чиқариб юбориш бўйича қабул қилинган қарорига мувофиқ барча тадбирларни амалга оширади, дея баёнот берди Қирғизистон президенти.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йил Андижон воқеалари ортидан президент Каримов ҳам Хонабоддан АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юборишга қарор қилганди ва буни базанинг минтақа экологиясига зарар етказаётгани билан изоҳлаганди.

Айни пайтда Қирғизистон президентига кўра¸ АҚШ томони билан Манасдан фойдаланиш учун тўланаëтган ижара ҳақини ошириш борасида ҳеч қандай муросага эришилмагач¸ Бишкек ҳукумати шундай қарорга келишга мажбур бўлган.

Бироқ Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун ўта муҳим Манас ҳарбий базасини Кремл таъсири остида ёпишга қарор қилингани аён бўлди. Бу ҳақда президент Бақиев Москвада Россия президенти Дмитирй Медведев билан ёнма-ён ўтириб эълон қилгани бежиз эмас. Президент Медведев минтақада хавфсизликни таъминлаш Россия зиммасида қолишини таъкидлади.

- Нима бўлган тақдирда ҳам минтақада хавфсизликни таъминлаш масъулияти ҳам Россия Федерацияси, ҳам Қирғизистон Республикасининг зиммасида қолаверади, деди президент Медведев.

Мазкур баëнот аввалида Кремл раҳбари билан ўтказилган сўзлашувлар натижасида Россия Қирғизистонга беғараз 150 миллион доллар ëрдам ажратиш¸ мамлакатга 2 миллиард доллар қарз бериш ва Норин дарëсида режаланаëтган гидроэлектр станциялари қурилишида қатнашиш масъулиятини ўз зиммасига олди.

Мустақил кузатувчилар АҚШ ҳарбийларини Манасдан ҳайдаш айнан ана шу ëрдам ва қарз эвазига ваъда этилганини қайд қилмоқдалар.

Кеча Бишкекда Қирғиз ҳукуматини АҚШ ҳарбий базасини ёпмасликка кўндиришга ҳаракат қилган НАТО бош котибининг махсус вакили Роберт Симмонс:

- Агар Қирғизистон ҳукумати биз учун АҚШ базасини ёпиб қўйса, албатта¸ афсусланарли иш бўлади. Негаки бу ҳарбий база бизнинг ҳаракатларимизга сезиларли кўмак кўрсатаётган объектлар қаторидадир, деган эди.

Расмий Вашингтон Манас базасини ҳамон сақлаб қолишга умид билдирди. Бу борада юқори мартабали АҚШ расмийлари ёки ҳатто президент Барак Обаманинг баёнот билан чиқиши кутиляпти.

Қирғиз ҳукуматининг АҚШни Манас базасидан чиқариши Обаманинг Афғонистондаги амалиётларни жадаллаштириш режасига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG