Линклар

Икки миллиард долларлик манёвр


Пентагон вакиллари Манас базасидан фойдаланишни давом эттириш борасида қирғиз расмийлари билан келиша олишларига ҳали ҳам умидвор бўлиб турибдилар.

Пентагон вакиллари Манас базасидан фойдаланишни давом эттириш борасида қирғиз расмийлари билан келиша олишларига ҳали ҳам умидвор бўлиб турибдилар.

Президент Бакиевнинг АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги баёнотини Пентагон расмийлари “сиёсий манёвр”, қирғизистонлик кузатувчилар эса “сиёсий хато” ўлароқ баҳоламоқдалар.

Расмий Бишкек ўтган бир ой ичида Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базаси ёпилиши ҳақида матбуотда пайдо бўлган хабарларни уч марта рад этган эди.

Биринчи марта бу ҳақда 23 декабр куни Москвадаги “Свободная пресса” нашри президент Бакиевга таянган ҳолда маълумот тарқатди. Бу хабарни президент матбуот хизмати рад этди.

Иккинчи марта Бишкекка сафар қилган АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Петреусга Бишкекдаги база ёпилмаслиги тўғрисида 20 январ куни ваъда берилди.

Учинчи марта эса президент маъмурияти бошлиғи Данияр Усенов “База ёпилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч қачон масала кўтармаган”ини айтди. Бу баёнот 3 феврал куни берилди.

Айни ўша куни кечқурун Москвага хизмат сафари билан борган президент Бакиев матбуот анжуманида “қирғиз ҳукумати яқинда АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган”ини ва бу қарор шу кунларда эълон қилинишини билдирди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, расмий Бишкек йилига бир неча ўн миллион доллар даромад келтираётган АҚШ базасини Москва берадиган 2 миллард долларлик кредит ва 150 миллион долларлик моддий ёрдамга алмаштирган.

Бундай ёрдам берилиши ҳақида Бакиев ва Медведев томонидан “Иқтисодий ва кредит-молиявий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида меморандум” имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, Россия Қамбарота ГЭСи қурилиши учун тўрт йил давомида 1 миллиард 700 миллион доллар қарз беради ва бу ГЭС акцияларининг 50 фоизига эгадорлик қилади.

Айрим кузатувчилар фикрича, қарз беришнинг бундай шартлари Қирғизистонни сув заҳираларига эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин:

- Қирғизистонга нисбатан Ўзбекистон ва Тожикистон Россия билан тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, Тожикистон бирорта корхонасини Россияга бермай, Москвадан олган қарзларини тўлади.

Медведевнинг Ўзбекистонга сафари давомида Тошкент ва Москва муносабатларига аниқлик киритилди.

Айни пайтда Қирғизистон ва Россия муносабатларида бундай тенглик даражаси кузатилмайди. Бундай сиёсат натижасида Қирғизистон Россияга қарам бўлиб қолмасмикин, деган ташвиш пайдо бўлаяпти, деди қирғиз парламентининг собиқ депутати Шамшибек Медетбеков.

Айни пайтда Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазири Аликбек Жеқшенкулов расмий Бишкекнинг Россия молиявий ёрдами эвазига АҚШ базасини мамлакатдан чиқариши Қирғизистон обрўсига путур етказади, деб ҳисоблайди:

- Бу воқеа халқаро миқёсда бизнинг мамлакатимизга обрў келтирмайди, бу Бакиевга ҳам сиёсий обрў келтирмайди. Бундай қадамнинг оқибати мамлакат учун ҳам, амалдаги ҳокимият учун ҳам яхши бўлмайди, деди Аликбек Жекшенқулов.

Бироқ Қирғизистон Мусулмонлар иттифоқи ҳамраиси ва Эрк партияси раҳбари Турсунбой Бакир ўғли фикрича, АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилишини фақат қўллаб-қувватлаш лозим:

- Биз АҚШ бу база учун миллионлаб доллар пул тўлаяпти, шунинг учун унга тегмаслик керак, деган нуқтаи назарда бўлсак янглишамиз. Чунки бу базанинг маънавий ва сиёсий зарари кўпроқ бўлаётир.

Шу база туфайли барча мусулмон давлатлари олдида Қирғизистон ўз обрўсини йўқотди. Афғонистонда эса ўнлаб тинч фуқаролар янглиш ҳарбий амалиётлар туфайли нобуд бўлмоқда. Бунга қирғиз расмийлари ҳам маънан жавобгар, деди Турсунбой Бакир ўғли.

Айни пайтда халқаро ва маҳаллий ахборот агентликлари АҚШ томонининг бу масалага муносабати тўғрисида ҳам хабарлар ёйинламоқда.

Бишкекдаги 24.kg агентлигининг Associated Pressга таяниб хабар беришича, Пентагоннинг Қирғизистондаги ҳаво базасидан кетмаслик умиди бор.

АҚШнинг Афғонистондаги қўмондонлиги расмийси полковник Грег Жулиан Қирғизистон президентининг баёнотини “сиёсий манёвр” сифатида баҳолаган. Бундай фикрни “Вашингтон пост” газетасига АҚШ Марказий штабидаги манба ҳам билдирган. Мазкур газетада чоп этилган мақолада айтилишича, “Қирғизистон ўз нархини ошириш мақсадида кўпюришли сиёсий ўйин олиб бормоқда”.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси эса ҳозирча расмий Бишкекдан Америка ҳарбий базасини чиқариш бўйича билдириш хати олмаганини ва ҳарбий база келажаги қирғиз расмийлари билан муҳокама қилинаётганини билдирди.

4 феврал куни Қирғизистон ҳукуматининг АҚШ ҳарбий базаси ҳозирлиги тўғрисидаги келишувни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллагани ва бу ҳужжатни қабул қилиш учун парламентга жўнатгани маълум қилинди.

Бу ҳужжатда АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилиши уч сабаб билан боғланади:

Биринчи сабаб - АҚШ ҳарбий базаси ҳудудида Қирғизистон фуқароси Александр Ивановнинг Америка ҳарбийси томонидан ўлдирилгани, қотилнинг қирғиз тарафига топширилмагани ва бу борада тергов олиб бориш учун АҚШ томонидан тўсқинлик қилингани;

Иккинчи сабаб - аҳолининг бир қисми АҚШ базаси ҳозирлигига салбий муносабатда экани;

Ва ниҳоят Қирғизистон фуқароси Мария Иванованинг “АҚШ ҳарбий базаси ҳозирлиги тўғрисида”ги ҳужжатларнинг айрим моддаларини ноқонуний деб топиш илтимоси билан Конституциявий судга мурожаат қилгани эса учинчи сабаб қилиб кўрсатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG