Линклар

logo-print

Энергетик бўҳрон чуқурлашмоқда

  • Гулнора Равшан

"Барқи тожик" вакиллари Тожикистон сув омборларидаги сув сатҳи хатарли нуқтага етишга оз қолгани сабабли мамлакатда электр ишлаб чиқариш ҳажми янада камайиши мумкинлигини билдирмоқдалар.

"Барқи тожик" вакиллари Тожикистон сув омборларидаги сув сатҳи хатарли нуқтага етишга оз қолгани сабабли мамлакатда электр ишлаб чиқариш ҳажми янада камайиши мумкинлигини билдирмоқдалар.

Бу йил ҳам Ўзбекистон ўйинлари қаршисида иложсиз қолган Тожикистон расмийлари¸ мамлакатни домига тортиб бораëтган бўҳрондан чиқиш йўлини топа олмаëтирлар.

Тожикистонда аҳолига электр энергияси узатиш билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгармаяпти. Бу ҳақда Озодликка “Барқи тожик” ширкати масъули Нозиржон Ёдгорий маълум қилди.

- Ички заҳираларимиз тугаб, Норак сув омборидаги сув сатҳи хатарли нуқтага етишига оз қолди.

Туркманлар электри транзити масаласини кўриб чиқиш учун ҳукумат делегацияси ҳам Тошкентга борганича йўқ.

Чунки у томондан бирор таклиф бўлмади. Биз эса таклифсиз Тошкентга боролмаймиз, дейди Нозиржон Ёдгорий.

Хўш, бу ёғи нима бўлади? - деб сўрадик Ёдгорийдан.

- Нима бўларди, агар Ўзбекистон тез кунларда туркман электри транзитини ҳал қилмасалар, вазият янада таранглашиши мумкин. Ҳозир ҳукумат вазиятдан чиқиш учун чора-тадбирлар ўйлаб топишни талаб қилаяпти. Қидираяпмиз йўлларини, дея жавоб берди Нозиржон Ёдгорий.

“Барқи тожик” вакилига кўра, Ўзбекистон туркман электр қуввати транзитини тўхтатиш баробарида ҳар йилги анъанага мувофиқ узатиладиган 600 миллион кВт/соат электрни ҳам узатмай қўйган.

Икки қўшни ўртасида келишилган битимга биноан Тожикистон ёз мавсумида Ўзбекистонга узатиладиган 900 миллион кВт/соат электр эвазига қишда 600 миллион кВт/соат электр қуввати олиши керак эди.

Ёдгорийга кўра, гарчи Тожикистон 2008 йили бу борада Ўзбекистон олдидаги қарзини тўла узган эса-да, 2009 йил қиш чилласида ўзбек электрини ололмай турибди.

Ўтган йилнинг 27 декабридан эътиборан Ўзбекистон томони туркман электрини Тожикистонга узатиш борасида имзоланган уч ёқлама шартномани бир томонлама бекор қилганидан сўнг ҳукумат пойтахт Душанбеда ҳам электрга чеклов жорий қилишга мажбур бўлганди.

Жорий йил 27 январидан буён душанбеликларга бир кеча-кундузда 15 соат электр берила бошланди.

Ўшанда “Барқи тожик” ширкати масъули Нозиржон Ёдгорий бу вақтинчалик эканини ва феврал ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган томонлар музокарасида муаммолар ҳал этилишини ваъда қилган эди. Аммо мазкур муаммо ҳал қилинмай қолаверди.

Нозиржон Ёдгорийга кўра, шу кунларда республика аҳолисига бир кеча-кундузда 4 соат, пойтахтликларга эса 15 соат электр берилаяпти.

Аммо оддий аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлганимизда “Барқи тожик” ширкат масъулининг айтганлари исботланмади.

Шаҳритус туманида яшовчи Момақиз опа сўнгги икки ҳафтада бирор соат ҳам электр берилмаганини айтади:

- Кечки соат олтидан 11 гача бериб турган эди. Шу ҳукумат мажлисидан кейин умуман свет берилмай қўйди. Билмадим, сув камайган, дейишади. Халқ роса қийналиб кетди. Тандирга нон ёпсак, чўғини сандалга солиб, жон сақлаяпмиз энди. Нон ёпилмаса, шу ҳам йўқ, дейди Момақиз опа.

Душанбе атрофидаги туманлардан бирида яшовчи Қундузой ҳам ўзи яшаган жойнинг тунлари зулмат пардаси ичида қолаётганидан нолийди:

- Свет на кечаси бор, на кундузи. Қандай қилардик - шам ёруғида қолганмиз, дейди Рудакий туманида яшовчи бу аёл.

Душанбелик Мунирахон 9 қаватли бинодаги ҳужраларнинг бирида яшайди. Унинг ҳасрат қилишича, “уйига буржуй печка ўрнатиш иложи йўқ душанбеликларга ҳаммадан ҳам қийин бўлган”.

- Кўп қаватли биноларда газ йўқ. Ҳамма нарса свет билан. Бетон уйлар совиб кетади, болаларимиз касал бўлаяпти. Қалин уст-бош кийиб ётамиз тунда. Қишлоқлардагидек сандал қўйиб бўлмаса, дейди Мунирахон совуққа чидаёлмай йиғлаётган неварасини овутишга уринар экан.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон аҳоли турмушини енгиллатиш мақсадида тожик энергетикларига республика чекка туманларида кичик-кичик ГЭСлар қуришга киришишни буюрган эди.

Жумладан, Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Шерали Гулга жорий йилда мамлакатда 200 та кичик гидроэнергетик иншоот қуриш мажбурияти юкланганди.

Аммо, кузатувчилар фикрича, мавжуд иқтисодий бўҳрон бу режаларнинг амалга оширилишига имкон бермайди.

- Чунки аҳолида пул йўқ, дейди лўнда қилиб тожикистонлик кузатувчи Абдуғани Мамадазимов бунга шарҳ берар экан.
XS
SM
MD
LG