Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:55

Ички бўҳронларга жавоб топилди


Афтидан¸ собиқ иттифоқнинг олти давлати раҳбарини яна Кремл бошлаган йўлдан юришга кўндирган шекилли¸ президент Дмитрий Медведев 4 феврал куни қувончини ичига сиғдира олмай қолди.
Афтидан¸ собиқ иттифоқнинг олти давлати раҳбарини яна Кремл бошлаган йўлдан юришга кўндирган шекилли¸ президент Дмитрий Медведев 4 феврал куни қувончини ичига сиғдира олмай қолди.

4 феврал куни Москвада якунланган КХШТ кенгашининг навбатдан ташқари саммитида тузилма ичида янги тезкор коллектив кучларни ташкил қилишга қарор қилинди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кенгашининг чоршанба кунги навбатдан ташқари саммитида асосан Тезкор коллектив кучларни тузиш масаласи муҳокама қилинади, деди йиғин бошланишидан аввал ташкилот матбуот вакили Виталий Струговец Озодлик билан суҳбатда.

Москвадан келган сўнгги хабарга кўра, тезкор кучларга оид келишув куннинг иккинчи ярмида имзоланган.

Айни пайтда¸ КХШТ аъзоларидан бири бўлмиш Ўзбекистоннинг тезкор кучларга оид бу келишувни ўзгача фикри инобатга олинган ҳолда имзолагани хабарларга илова қилинмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган ташкилот расмийларига кўра, “Ўзбекистон тезкор кучлар сафига барча махсус кучлар, жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларини киритишга оид шартга рози бўлмаган”.

РИА Новости агентлигининг Россия делегациясидаги манбага таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон тезкор коллектив кучлар фаолиятида доимий асосда эмас, балки тузилманинг айрим фаолияти, масалан наркотиклар ва терроризмга қарши операцияларда иштирок этишга рози бўлган.

РИА Новостининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Санобар Шерматова, Ўзбекистоннинг келишувга шартлар билан бўлсада, қўшилганининг ўзи КХШТ учун катта аҳамиятга эга дейди.

- Бу Ўзбекистон мазкур тузилмада тўлақонли иштирок этишга тайёр эмаслигидан даракдир.

Ўзбекистониннг позицияси ўз суверенитетини ҳеч кимга бой бермасликдан иборат бўлиб келди. Лекин Тошкент бу келишувни имзолаб, муросага бораётганини ҳам айтиш керак. Чунки тезкор кучлар КХШТ доирасидаги унчалик салоҳиятга эга бўлмаган минтақавий гуруҳлар ўрнига яратилмоқда.

Бу кучлар Россияда жойлашади ва битта қўмондонликка бўйсинади. Унда аъзо давлатларнинг махсус кучлари ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон эса ўз махсус кучларини очиқ намойиш қилишни хуш кўрмайдиган давлат сифатида айтилаётган шартлар билан келишувга қўшилди. Лекининг шунинг ўзи ҳам Тошкент томонидан қилинган илтифотдир, дейди Санобар Шерматова.

Айни пайтда, КХШТ расмийлари Ўзбекистоннинг масалага оид “ўзгача фикри” кутилганини айтмоқдалар.

Тошкент КХШТ аъзолари орасида тезкор гуруҳ масаласига босиқлик билан ёндашаётган ягона давлат бўлиб кўрилаëтган эди.

Президент Ислом Каримов ташкилотнинг ўтган сафарги норасмий саммитига келмаган ва расмий Тошкент умуман КХШТ доирасидаги асосий ҳужжатлар, жумладан тинчликпарвар кучлар ҳақидаги протоколни ратификация қилганича йўқ.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин, Тошкентнинг ўзгача фикри “савдолашув” ҳали тугамаганидан даракчидир, деган фикрда.

- Қайсидир аъзо давлатнинг келишувга қўшилмаслиги, ёки Тошкент каби шартлар билан қўшилиши тезкор коллектив кучлар ҳақидаги келишувга оид савдолашувлар, яъни манфаатларни мослаштириш жараёни тугамаганини англатади.

Бу жараён ёки давом этади ёхуд Москва билан бу давлатлар ўртасидаги муносабатлар янада таранглашишиб боради, дейди Грозин.

Россиядаги “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольцнинг айтишича, тезкор коллектив кучларга оид келишув, КХШТнинг ҳарбий салоҳияти анча оширади.

- Билишимча, Россия ушбу кучлар сафига биттадан ҳаво-десант дивизияси ва ҳаво-ҳужум бригадаси билан ҳисса қўшмоқчи.

Қозоғистон ҳам битта ҳаво-ҳужум бригадасини бермоқчи. Ташкилот бошқа аъзоларининг эса биттадан батальон ажратиши кўзда тутилган.

Бу ҳарбий бирликлар ўзларининг доимий дислокация жойларида қолади, лекин мунтазам қўшма машқлар ўтказади, операцияларни режалаштиришга оид ягона штаб тузилади. КХШТга аъзо бирор давлатда кор-ҳол юз берадиган бўлса, тезкор кучлар тездагина у ерга ташланади, дейди ҳарбий таҳлилчи.

Бу таҳлилчи тахминича, тузилиши кўзда тутилаётган тезкор кучларга 30 мингдан 35 минггача қўшинлар жалб қилиниши мумкин.

Тезкор кучларни яратиш ҳақидаги ғояни Россия Президенти Дмитрий Медведев ўтган йил охирида Қозоғистоннинг Боровой шаҳарчасида ўтказилган норасмий саммитда илгари сурган эди.

Бу таклифдан кейин халқаро майдонда Кремл КХШТини ислоҳ қилиш орқали НАТОга муқобил ҳарбий иттифоқ яратмоқчи, деган фикрлар янграй бошлади.

Андрей Грозин, тезкор кучлар жиддий имкониятларга эга бўлсада, уни НАТО билан қиёслаш тўғри эмас, деган фикрда.

- Бу принциплари, олдига қўйган мақсадлари¸ маъсулиятига тушган минтақалари ва қўшинлари сони жиҳатидан бир-биридан мутлақ фарқ қиладиган тузилмалардир. Бугун тузилган кучлар мутлақ минтақавий аҳамиятга эга вазифларани бажаради.

Бунда нафақат ташқи таҳдидлар, яъни Марказий Осиё билан чегарадош бўлган Афғонистондан келаётган таҳдидлар, балки ички бўҳронлар, масалан террорчилик хуружларига қарши ҳаракат қиладиган кучлар яратилиши кўзда тутилган, дейди Андрей Грозин.
XS
SM
MD
LG