Линклар

Муштни очишга даъват


Президент Обама Теҳрон раҳбариятига Ғарбга ўқталган муштини ҳамкорлик учун узатилган қўлга айлантиришни таклиф қилмоқда.

Президент Обама Теҳрон раҳбариятига Ғарбга ўқталган муштини ҳамкорлик учун узатилган қўлга айлантиришни таклиф қилмоқда.

Жаҳондаги олти қудратли етакчи давлат расмийлари чоршанба куни Эронни яна бир бор ўз ядровий дастури масаласида БМТ билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга чорладилар.

Жаҳоннинг энг кучли давлатлари вакилларининг мазкур учрашуви Барак Обама АҚШ президенти лавозимида иш бошлаганидан буён ўтказилаётган биринчи учрашувдир.

Афтидан, учрашувда Эронга нисбатан янгича ёндошув муҳокама қилинди.

АҚШнинг янги раҳбари, аввалгисидан фарқли ўлароқ, ядровий дастури юзасидан Эрон билан бевосита мулоқот қилишга тайёрлиги тўғрисида гапирган эди.

Ўз навбатида Эроннинг баъзи расмийлари ҳам очиқ мулоқотга тайёр эканликларини билдирган бўлсаларда, Теҳрон ўз ядровий дастури масаласида халқаро босимга қаршилигини сусайтиргани йўқ.

Эроннинг биринчи сунъий йўлдоши сешанба куни учирилганини баъзи таҳлилчилар ўша қаршиликнинг белгиси, деб баҳоламоқда.

Теҳронга кўра, орбитага чиқарилган сунъий йўлдош тинч мақсадларга хизмат қилади.

Бироқ АҚШ, Буюк Британия ва бошқа Ғарб давлатлари Эрон фойдаланаётган технологиялар баллистик ракеталар яратишда қўлланиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон дарҳол Эронни огоҳлантириб, агар Теҳрон ўз ядровий дастури бўйича халқаро ҳамжамият талабларини бажармаса, бунинг "оқибатлар" келтириб чиқаришидан огоҳлантирди.

- Ҳукуматимиз давлат ҳокимиятининг барча воситаларини Эрон билан мулоқот қилиш ва унинг халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзоси бўлишига ёрдам бериш йўлида ишга солади¸ деди хусусан Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс Эрон сунъий йўлдоши учирилиши муносабати билан гапирар экан.

5+1 форматидаги Франкфурт учрашувидан 2 кун олдин (2 феврал куни) Эрон парламенти спикери, ядровий дастур бўйича собиқ махсус музокарачи Али Ларижоний "реал музокаралар олиб бориб ва реал ечимлар топиб" ядровий дастур муаммосини бартараф этиш мумкин, деган эди.

Эрон ўз ядровий дастурини ҳимоя қилар экан, унинг тинч мақсадларга йўналтирилганини таъкидлаб келади. Бироқ АҚШ, Теҳроннинг асл мақсади ядровий қурол яратиш, деган хавотирда.

Таҳлилчилар фикрича, Эрон ядровий дастурини тўхтатиш учун президент Обама маъмуриятининг ҳам қамчиндан, ҳам қанддан фойдаланиши кутилмоқда.

Лондонда жойлашган Халқаро тадқиқотлар институти оға эксперти Марк Фицпатрик фикрича, Обама муаммони ҳал қилишга янгича ёндошади ва шу билан бирга Теҳронга нисбатан Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда молиявий босимлар ва санкцияларни кучайтиради.

- Афтидан, Обама танлаётган музокаралар ва молиявий босим сиёсати Европа Иттифоқига аъзо давлатлар назарда тутаётган сиёсатга ўхшаб турибди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АҚШ билан ЕИ ўртасида Эронга нисбатан муносабатларда мавжуд бўлиб келган тафовутлар аввалгига қараганда камроқ бўлади¸ деди Торонтода истиқомат қилувчи сиёсатшунос Алиризо Ҳақиқий Фарда радиоси саволларига жавоб берар экан.

Эрон билан боғлиқ масала АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд ўртасида сешанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган сўзлашувларда ҳам муҳокама қилинган эди.

- Президент Обама айтганидай, биз Эронга қўл узатаяпмиз, бироқ бунинг учун уларнинг мушти ёзилиши лозим. Биз Эрон билан муносабатларимиздаги асосий мақсадларимизни акс эттирадиган муштарак сиёсатни ишлаб чиқишимиз керак¸ деди мазкур учрашувдан сўнг Ҳиллари Клинтон.

XS
SM
MD
LG