Линклар

"Ягона орзумиз уйга қайтиш эди"


Гуантанамонинг қуш ўтмас панжаралари ортида йиллардан бери дунëдаги энг хавфли террорчи дея сақлаб келинаëтган тутқунлар ичида Ўзбекистондаги таъқиблардан жон сақлаш учун Тожикистонга чиқиб кетган оддий номозхон йигитлар ҳам бор.

Гуантанамонинг қуш ўтмас панжаралари ортида йиллардан бери дунëдаги энг хавфли террорчи дея сақлаб келинаëтган тутқунлар ичида Ўзбекистондаги таъқиблардан жон сақлаш учун Тожикистонга чиқиб кетган оддий номозхон йигитлар ҳам бор.

"Гуантанамода сақланаётган Шоҳруҳ Ҳамидовнинг дўсти Мўминжон Ўринбоевман", дея сим қоққан йигит Шоҳруҳ каби халқаро террорчи тамғаси босилган ўзбекистонликларнинг аччиқ қисматидан ҳикоя қилди.

Аввалги дастурларимизда Шоҳруҳ Ҳамидовнинг яқинлари ва ота-онаси билан суҳбатларни тақдим қилган эдик. Унинг онаси Одина Ҳамидова ўғли қўшни туманлардан бирида Қуръондан сабоқ олиш учун ўзига тенгқур ўсмирлар билан бирга 1997 йилда чиқиб кетганича ғойиб бўлганини, кейинчалик ундан “Гуантанамо қамоқхонасидаман” деган мактубни олганини сўзлаб берган эди.

Таҳририятимизга қўнғироқ қилган Мўминжон ўша Шоҳруҳни шахсан танишини ва у билан Тожикистонда кўришганини сўзлаб берди. Мўминжоннинг оиласи ҳам худди Шоҳруҳ Ҳамидовнинг оиласи каби ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мунтазам тазйиқ остида бўлган. Унинг яқинлари эътиқоди учун қамалган экан.

Ана шу қама-қамалар ичида Мўминжон Москвага кетиб қолган.

Ўринбоев Мўминжон: Биз ҳам оиламиз билан диний эътиқодга тазйиқлар туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эдик. Яъни ички ишлар ходимлари келиб менинг кўзимнинг олдида аммамнинг ўғлини олиб кетишди ва мен ўша пайтда озгина куч ишлатиб қочиб кетишга улгурган эдим. Бу 2000 йил бўлган воқеа.

Акам менга ҳужжатларимни олиб келиб бердилар. Кейин мен Москвага чиқиб кетдим. Бир биродаримиз келиб “Ука¸ сиз албатта бу ердан ҳам кетишингиз керак. Сизни ахтариб келишди” деб айтди.

Озодлик: Сизни ҳам ўша диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда айблашдими? Нима айб қўйилди сизларга?

Ўринбоев Мўминжон: Бизнинг оилада жуда кўп қамалганлар бўлгани учун мени ҳам худди шунақа ташкилотга аъзоликда ўша Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний бўлган ташкилотга аъзоликда айблашди. Мен Москвада кўп юра олмадим ва Тожикистонга бордим.

Тожикистонда 1¸5-2 ой юрганимдан кейин ўша ерда ўзига яраша бақувват бўлган акамни Ўзбекистон ички ишлар органларининг ходимлари ушлаб¸ уришиб¸ қаршилик кўрсатган пайтда пичоқлаб ўлдиришди. Бу Тожикистонда бўлган воқеа.

Мен олдин на Тоҳир Йўлдош¸ на Жума Намангоний ва на тоғда юрган болаларнинг бирортасини танимас эдим. Лекин Тожикистонда акам билан мен юқорида айтиб берган воқеа содир бўлгандан кейин¸ бир-икки танишларим менга ўша ерга бориб жон сақлаш мумкинлигини айтгач¸ ўша ерга борган эдим.

Биринчи борган жойим Тожикистоннинг Тавилдара деган жойидаги уларнинг базаси бўлган. Худди ўша жойда мен бу йигитча билан кўришган эдим. Биз энди ëш эдик. Бу жуда жисмлари ҳам кичкинагина йигит эди. Мен бугунги кунда Гуантанамода сақланаëтган Фарҳод ака ва Қаҳрамон акаларнинг жияни бўлган йигит тўғрисида гапираяпман.

Мўминжон Ўринбоев Тожикистоннинг Тавилдара туманида учратдим, деган йигит эса Шоҳруҳ Ҳамидов. У асли қўқонлик ва ҳали айтиб ўтганимиздек, Қуръондан собоқ олиш учун Сўх туманига чиқиб кетгани бўйи¸ бедарак кетган.

Шоҳруҳнинг отаси Равшан Ҳамдов суҳбат чоғида “оиламизга нисбатан авж олган тазйиқ чоғида норасида ўғлим қамалиб кетмасин, деб уни қўшни туманга, нотаниш манзилга бўлса-да, сабоқ олишга жўнатиб юборган эдим”, деган эди.

Мўминжон ҳам ўз оиласига бўлган тазйиқлардан қочиб Москвага борган, у ерда ҳам изидан одам боргани учун Тожикистонга ўтганини айтмоқда.

Демак, оиласи ва ўзларига нисбатан тазйиқлардан қочиб юрган икки ўсмир йигит Тожикистонинг Тавилдара туманида учрашишган.

Яна бир гап: ўзбек махсус хизматлари мунтазам ортимиздан юргани боис ва ҳамма жойда уларнинг айғоқчилари бор, деб ўйлар эдик, шу боис биз асл исм-шариф ва манзилимизни сир тутганмиз. Гуантанамога тушиб қолган Шоҳруҳ Ҳамидовни мен Шукрулло, деб таниган эдим, дейди Мўминжон.

Хўш, улар Тавилдарада учрашишди, кейин нима бўлди. Яна суҳбатга қулоқ тутамиз.

Ўринбоев Мўминжон: Ўзбекнинг ҳолатини биласиз. Ўша ерда ҳам қўрққанимиз бор эди. Қулоқ¸ ковловчи инсонлар борлиги учун ташқарига тезроқ чиқиб кетиш учун интилардик. У ерда қолиш биз учун ўлим билан якун топишини ҳаммамиз билардик.

Озодлик: Ўша пайтда Тавилдарада Тоҳир Йўлдошнинг ўзи бормиди?

Ўринбоев Мўминжон: У пайтда у Покистонда эди. Жумабой ака бор эди у пайтда.

Озодлик: Демак¸ булар Тожикистонда минтақадаги жиҳодчиларни¸ мужоҳидларни йиғиш билан шуғулланган¸ шундайми? Чунки у пайтда Тожикистонда уруш тугаб бўлган эди.

Ўринбоев Мўминжон: Йўқ. Биласизми¸ бугун ҳамма ëқда радиода¸ бошқа жойда ҳаммамиз биламиз. Қандай тушунтирсам экан бу ҳолатни. Ўзбекистонга осонликча кириб боришга ҳеч кимнинг ақли етмас эди.

Афғонистонда ҳам Тоҳир Йўлдош бошлиқ жамоа ва бошқа жамоаларнинг ҳам мақсади кун кечириш эди. Уларнинг бирортасида на хорижда¸ на бошқа ерда террор ўтказиш нияти йўқ эди.

Озодлик: Сиз ўша ўзингиз қўшилиб қолган йигитлар ҳақида гапираяпсиз.

Ўринбоев Мўминжон: Ҳа. Йигитлар деганда билингки¸ Тоҳир Йўлдош билан Жумабой аканинг ҳам фикрлаши бир эди. Бугунги кунда Германияга қарши уруш қилиш ëки бошқалари мен ақлимга сиғдира олмайдиган нарса. Ўзбекларда бундай ҳолат учун ҳаракат йўқ эди.

Ҳамманинг биттаю битта орзуси юртига кириш¸ ота-онаси ва фарзандлари олдида бўлиш эди. Ўша ерда қурол кўтарган йигитлар ўзининг ҳимояси учун қурол кўтарган йигитлар эди. Лекин уларнинг бировни ўлдириш¸ Ўзбекистонга куч билан¸ қурол билан кириш нияти йўқ эди. Ҳеч ким бу нарсани интиқлик билан кутаëтгани йўқ эди.

Уларга Ўзбекистонда кириб борган тақдирда ҳам “Сизлар Ўзбекистонга қарши тайëргарликдан ўтгансизлар” деган айб қўйилар эди. Бунчалик ваҳшийликни¸ “Бориб ўзингникини отасан” деган нарсани бизга ҳеч ким ўргатмаган. Энди¸ албатта¸ ўз ҳимояси учун баъзи бир нарсалар ўргатилар эди. Қаерда¸ қандай қилиб қурол ишлатиш ўргатилар эди.

Исломий сабоқ деганда Қуръон¸ ҳадис¸ ибодат¸ намоз ўргатиш бўларди. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Бориб ҳаммани ўлдир” демаганку. Ҳақиқий уруш дегани биз ташқарида қолиб¸ Ўзбекистон ички ишлар органларига қарши¸ айнан аскарларга қарши урушиш¸ уларга қарши жиҳод қилиш керак эканлигини мухолифат ҳам¸ бошқаси ҳам билади. Қилмаса¸ йўқ. Чунки ҳаëтда шундай нарса бор: Ë сен ўлдир¸ ëки сени ўлдиришади.

Озодлик: Демак¸ сизлар Тавилдарада мудофаага тайëрландингизлар. Кейин нима бўлди?

Ўринбоев Мўминжон: Мен охири Покистонга ўтиб кетдим. Покистонда юриб¸ кейин бошқа бир мамлакатга чиқиб кетдим.

Озодлик: Сиз Покистонга Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси сифатида ўтдингизми ë улардан қочиб кетдингизми?

Ўринбоев Мўминжон: Биласизми¸ Ўзбекистонга кечирим сўраб қайтган кишилар ҳам бўлди. Кейин уларни хоин деб эълон қилишди. Юқорида айтганимдай ҳеч кимнинг у ерга боришдан мақсади одам ўлдириш ëки уруш ўрганиш эмас эди.

Озодлик: Сиз Покистонга ўтиб кетдингиз¸ Шоҳруҳ бўлса Афғонистонга ўтиб кетган.

Ўринбоев Мўминжон: 2001 йил Америкада содир бўлган воқеадан кейин ҳаммамизнинг Тавилдарадан кетишимиз аниқ эди. Яъни Афғонистонга кириб кетишимиз керак эди. Емоқ-ичмоқ билан таъминлаб турган толибон ҳукумати эди. Улар чақиришгани сабабли ҳамма ичкарига кирган эди. Ҳамма ҳар ëққа тарқалган эди.

Шундан кейин мукаммал равишда ким қаерда¸ нима бўлди мен билолмас эдим ва билиш имкониятига ҳам эга эмас эдим. Мен форс тилини жуда тез ўзлаштирганлигим сабабли Покистонга ўтдим. Покистонда кейин пуштун тилини ўргандим. Кейин Оллоҳнинг ëрдами билан бошқа жойларга ўтишга ҳаракат қилдик.

Озодликка сим қоққан Мўминжоннинг сўзларига кўра, у ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган Шоҳруҳ Ҳамидов билан Тожикистонда учрашган, ўша ерда Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний, деган инсонлар борлигини билган, улар йиққан гуруҳ билан Тавилдарада бўлган, кейин эса Покистонга ўтган. Покистонда Шоҳруҳ ва Мўминжоннинг йўлларига айрилган.

Мўминжон бироз вақт Покистонда бўлиб кейин бошқа давлатга ўтиб кетган. У айнан қайси давлатга ўтгани ва ҳозир қаердалигини сир тутмоқда.

Ўзбекистон махсус хизматлари тазйиқи боис шундай сарсон-саргардон ҳаёт кечирган ва ҳозир мусофир юртга бориб қолган Мўминжон Ўринбоев ҳозир қандай хулосага келди, у 2000 йилдан кейинги шу ҳаётига қандай баҳо беради, унинг ҳаёти шундай ўзанга бурилиб кетганида ким айбдор?

Ва ниҳоят, уни Озодлик радиосига телефон қилишга мажбур қилган ҳикоямиз қаҳрамони Шоҳруҳ Ҳамидов ҳақидаги хулосалари қандай?

Ўринбоев Мўминжон: Бу бола ҳеч қандай террорчи ëки бошқа нарса эмас эди. Бу боланинг орзиқиб кутаëтган нарсаси онасини¸ ака-сингилларини кўриш¸ уйига кириб бориш эди. Ўзбекистон ҳукумати бизга зарар етказмаганда¸ ўша ердаги 2000 га яқин ўзбекларнинг ҳаммаси кириб борар эди.

Лекин Каримовнинг бу ëлғон гапларига¸ борганларнинг кўпи қамалиб кетаëтганлиги сабабли¸ ҳеч ким ишонмас эди. Биз телефон орқали баъзи- бир яқинларимиз билан гаплашиб турардик. Биласизми Ўзбекистондан бориб қолган кўплаб инсонларнинг энг катта айби Оллоҳдан қўрққани¸ ибодат қилувчилар бўлгани эди. Яъни Ўзбекистон ҳукумати уларнинг ҳаммасига ваҳҳобийлик¸ Ҳизбут таҳрир ëки бошқача айбни қўйган.

Улар ўша кунларда дунëнинг ҳеч бир жойига сиғишмас эди. Ўша кунларда Америка ҳам¸ Европа ҳам¸ Россия ҳам Каримов билан битта эди. Яъни улар Ўзбекистон ҳукумати билан бир хил ҳолатда эди. Бирор кишига бугунги кундаги имконият йўқ эди. Мусулмонман деган ҳаммани террорист деб билишар эди.

Улар Каримовнинг асл башарасини билишмаган эди. Мана¸ 2005 йилдан кейин асл башара очилди. Покистондагиларнинг анча-мунчаси у ëқ бу ëққа ўтишга ҳаракат қилди. 2001 йилги Америкага бўлган ҳужумлар¸ ундан кейинги бўлган воқеалардан кейин қанча беайб болалар ўлиб кетишди. Масалан¸ мен уларнинг қанча-қанчасини кўрдим.

Мен уларни билганим учун ўша болаларнинг ҳеч қаерда ҳеч гап йўқ ўлганлигидан виждоним қийналади-да. Уларда бошқа мамлакатларга чиқиш имконияти йўқ эди. Беайблигини исбот ҳам қилиша олмас эди. Исбот қилганда ҳам ҳеч ким эшитмас эди.

Мўминжон Ўринбоев ўзи, Гунатанамо қамоқхонасида сақланаётган дўсти Шоҳруҳ Ҳамидов ва улар билан бирга Тожикистонда, Покистонда бўлган йигитларни, қолаверса, уларни бир жойга йиққан, уларга, Мўминжонинг сўзларига кўра, мудофаа тактикасидан дарс берган Жума Намангоний ҳамда Тоҳир Йўлдошнинг гуруҳлари — Ўзбекистоннинг президент Каримов бошчилигидаги режимнинг бегуноҳ қурбонлари деб билади.

Улар тазйиқ боис Ўзбекистонни тарк этган, тазйиқ боис ортга қайтолмаган ва ҳануз қайта олгани йўқ¸ дейди қайта-қайта бу эврилишларни ўз қисматида татиб кўрган ўзбекистонлик бу йигит.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG