Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Марказий Осиё: Катта сув ўйини


Марказий Осиë раҳбарлари ялтироқ қасрларда машварат устига машварат ўтказаëтган айни пайтда¸ минтақа раҳбарлари ўртасидаги зиддиятлар учун оддий халқ товон тўламоқда.
Марказий Осиë раҳбарлари ялтироқ қасрларда машварат устига машварат ўтказаëтган айни пайтда¸ минтақа раҳбарлари ўртасидаги зиддиятлар учун оддий халқ товон тўламоқда.

Собиқ иттифоқнинг етти президенти Москвада ўтказган сўзлашувлар, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги энергетикага оид баҳсларга нуқта қўя олгани йўқ.

Тожикистоннинг Рашт водийсида яшовчи Хадича хола ва унинг оиласи ёз фаслидаги асосан олма сотиб тирикчилик қилади. Тожикистонда энергия тақчиллиги юзага келгани боис Хадича хола овқат пишириш ва уйини иситиш учун олма дарахти шохларини ёқишга мажбур бўлмоқда.

- Биз шундай оғир аҳволда қолдик. Дарахтлар шохини кесиб¸ печка ёқаяпман. Ҳеч бўлмаса, нархлар арзонласа бўларди, дейди Хадича хола.

Ҳозир Рашт водийсидаги аҳоли пунктларига кунига атиги бир соат давомида электр ва газ узатилмоқда. Шу боис ўтин ва кўмирнинг нархи ошиб кетган. Уни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистон учун энергетик тақчилликдан қутулишнинг ягона йўли -сувдан фойдаланиш.

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евросиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида айни шу масалани муҳокама қилиш учун Москвага борди.

Тожикистон ҳукумати мамлакатда юзага келган электр тақчиллиги учун Ўзбекистонни айбламоқда. Душанбе расмийлари Ўзбекистон Туркманистон электрини ўз ҳудуди орқали Тожикистонга ўтказишга рухсат бермаганини иддао қилиб келмоқда.

Тожикистон бу муаммога ечим топиш мақсадида Роғун дарёсига бир нечта ГЭС қуриб, ҳатто электр экспорт қилувчи давлатга айланишни режалаган.

Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭСлар қурилиши Марказий Осиё дарёларининг қуйи қисмида жойлашган давлатларда сув тақчиллиги юзага келтириши ҳақида хавотир билдириб келмоқда.

22–23 январ кунлари Ўзбекистонга сафар қилган Россия президенти Дмитрий Медведев ГЭС лойиҳалари қўшни давлатлар манфаатларини ҳам назарга олган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлаб, Ўзбекистон тарафини олган эди. Медведевнинг бу гапи Қирғизистон ва айниқса, Тожикистон томонидан кескин танқид қилинди.

Ахборот воситаларида эса Россия Душанбе ва Бишкек ҳисобига Тошкент билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпти, деган гап-сўзлар пайдо бўлди.

Москвадаги Халқаро Тинчлик Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Алексей Малашенко фикрича, Москва ўз позициясини манфаатдор томонлар қабул қила оладиган даражада аниқ белгилай олмайди.

- Менимча, Тожикистон ва Ўзбекистон қанчалар баҳслашмасин, бир-бирисиз яшай олмаслигини яхши тушунади.

Шу боис улар бошқа шартлар қўйиши мумкин бўлган янги воситачини қидириши мумкин. Агар бундай воситачи ўртага чиқса¸ бу минтақада Москва позициясининг сусайишига олиб келади, дейди россиялик таҳлилчи Алексей Малашенко.

Москвадаги сиёсий шарҳловчи Андрей Грозин Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муаммони ҳал этиш Москва эмас¸ балки шу мамлакатларга боғлиқ, деган фикрда.

- Ҳам Тошкент¸ ҳам Душанбе бир хил қатъийлик билан Москвага: “фақат мени қўллаб-қувватланг”, демоқда. Россия эса буни хоҳламайди. Чунки агар Россия Роғун ГЭСини қурса, бошқа лойиҳалардан, жумладан, Ўзбекистон билан эришилган газ ҳақидаги келишувлардан воз кечиши керак бўлади.

Агар эътиборни фақат Ўзбекистонга қаратса, Тожикистондаги иқтисодий манфаатларни унутиши керак бўлади, дейди Андрей Грозин.

Москвада ўтган учрашувларда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари бу муаммолар ечими томон бирор одим отганлари йўқ.

Таҳлилчилар давлатлар ўртасидаги муаммоларга давлат раҳбарлари ечим топгунига қадар Хадича хола ва унинг оила аъзолари каби оддий одамларнинг оғири енгил бўлмаслиги аниқ, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG