Линклар

“Учар карамлар” ëхуд ëпиқ чегаралар


Чегаралар ўзаро олди-сотди учун очиқ¸ қўшнилар бир-бирини бож билан жазоламаса эди¸ ким ҳам қонуний йўл турганда¸ ноқонунийсига борарди¸ дейди хуноб бўлиб аксар ўзбекистонлик тадбиркорлар.

Чегаралар ўзаро олди-сотди учун очиқ¸ қўшнилар бир-бирини бож билан жазоламаса эди¸ ким ҳам қонуний йўл турганда¸ ноқонунийсига борарди¸ дейди хуноб бўлиб аксар ўзбекистонлик тадбиркорлар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги божхона ва чегара тўсиқлари боис ўз олди-бердисини айланма йўллар билан қилишга мажбур яна бир гуруҳ ўзбек тадбиркорлари чув тушди.

4 феврал куни Ўзбекистон - Қозоғистон давлат чегараси яқинида 150 тонна карам ортилган 12 та КамАЗ автомашинасидан иборат колонна қўлга олинди.

Қўшни мамлакатдан ноқонуний йўллар билан олиб келинаётган мева-сабзавотлар каналини Жанубий Қозоғистоннинг Мақтарол туман чегара маскани ходимлари роппа-роса икки ҳафта кузатиб, сўнг қўлга олишга муваффақ бўлганлар.

Қозоқ чегарачиларига кўра, контрабандачилар қўлга олинган пайтда анча довдираб қолганлар.

- Улар йўлни йўқотиб, адашиб қолганларини айта бошладилар. Энг кулгили жойи, улар юкнинг осмондан парашют орқали ташланганини, ўзлари эса чегара бўйлаб шунчаки сайр қилиб юрганларини айтаяптилар, дейди Жанубий Қозоғистоннинг “Ўнтистиқ” ҳудудий чегара хизмати бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Ерлан Иманалиев.

Бироқ кўп ўтмай “осмондан тушиб, КамАЗларга юкланиб қолган” ва Қозоғистон иқтисодиётига 5 миллион танга ёки тақрибан 33,5 минг доллар зиён келтирган юкка бир эмас, балки олти киши эга чиқди.

Қозоқ чегарачиларининг айтишларича, карам эгалари юкнинг ҳаммаси олти киши ўртасида тенг тақсимланишини айтганлар. Нега айнан олтита? Бунинг сабаби Ерлан Иманалиевнинг гапидан сўнг ойдинлашгандек бўлди.

- Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир қонунбузар давлат бюджетига миллион тангадан зиён келтирган пайтидагина унга нисбатан Жиноят кодекси асосида жазо белгиланиши мумкин, дейди Ерлан Иманалиев.

Зарар миқдори бир миллион тангага етмаган тақдирда эса қонунбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилади.

- Юк эгалари маъмурий жавобгарликка тортилади. Контрабанда товарини эса божхонага топширамиз, у ерда товар эгалари жарима пулини тўлаб, сўнг машина ва товарларини олиб кетишлари мумкин. Бу Қозоғистон фуқаролари каби ўзбекистонликларга ҳам тааллуқли, дейди қозоқ расмийси.

Ерлан Иманалиевнинг айтишича, жорий йил бошидан буён ўзбек-қозоқ давлат чегарасида жами 138 та қонунбузарлик қайд этилган, шулардан 26 таси контрабанда товарлари билан боғлиқдир.

- Биз Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш бўлишига қарши эмасмиз. Фақат буни қонуний йўл орқали амалга ошириш лозим, яъни расмий назорат-ўтиш пунктлари орқали, дейди жаноб Иманалиев.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил давомида ўзбек-қозоқ давлат чегарасида 2,5 минг тонна контрабанда маҳсулоти мусодара қилинган, 10 минг қонунбузар қўлга олинган.

Айни пайтда ўзбек-қозоқ чегарасида контрабанда кучаяётганига расмийларнинг ўзлари айбдор, дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонлик фермер Исроил акага кўра, мавжуд чегара-божхона масканларидаги бюрократик тўсиқлар одамларни айланма йўллар билан юришга мажбур қилмоқда:

- Энг яқин қўшнимиз - Қозоғистон. Унинг жанубий қисми Сирдарё вилояти билан чегарадош, аммо чегаралар, масалан, Черняевка ҳам ёпилган.

Йигитлар билан гаплашсак, оддий полиз маҳсулотлари, масалан, карамни Қозоғистонга етказиб берарди, сўнг у ердан Россияга кетарди. Шулар ҳозир норози бўлиб туришибди.

Катта КамАЗ юк машиналари бор-ку - шулар ишсиз турибди ҳаммаси, чегарага қўймаяпти, деб, дер экан Исроил ака бундай таъқиқлар чегара туйнукларида контрабанда авж олишига сабаб бўлаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG