Линклар

logo-print

Ироқликлар қонун давлати истамоқда


Бағдод расмийлари сайловларнинг эркин ва ҳалол ўтганини таъкидлаëтган бир пайтда¸ сунний гуруҳлари турли қаллобликлар ҳақда шикоят қилмоқдалар.

Бағдод расмийлари сайловларнинг эркин ва ҳалол ўтганини таъкидлаëтган бир пайтда¸ сунний гуруҳлари турли қаллобликлар ҳақда шикоят қилмоқдалар.

Ироқ бўйлаб ўтказилган маҳаллий сайловларнинг дастлабки натижасига кўра¸ бош вазир Нурий ал-Маликий етакчилигидаги “Қонун давлати“ иттифоқи ғалаба қозонган.

Ироқдан келаëтган хабарларга кўра¸ бош вазирнинг дунëвий қадриятларга асосланган “Қонун давлати“ иттифоқи мамлакат сиëсий саҳнаси марказидан ҳозирга қадар унда етакчилик қилиб келган диний ва эронпараст шиа гуруҳларини сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган.

Эълон қилиниши кутилаëтган сайлов дастлабки натижаларига кўра¸ “Қонун давлати“ иттифоқи Ироқнинг аксар минтақалари¸ хусусан тўлиғича шиалар яшовчи жанубий вилоятларда маҳаллий ҳокимият идораларини ўз назоратига олган.

Ал-Маликий гуруҳининг сайловлардаги бундай ғалабаси¸ бош вазирнинг Ироқда нисбатан тартиб-интизом ўрната олгани ва хавфсизлик вазиятининг бир оз яхшилангани билан изоҳланмоқда.

“Қонун давлати“ иттифоқининг¸ айтилишича¸ турли миллат вакилларидан таркиб топгани¸ унинг дунëвий қадриятлар ва миллий бирликни тарғиб қилиши ҳам диний ва минтақавий исломий гуруҳлардан устунликка эришишини таъминлаган.

Кузатувчиларга кўра¸ маҳаллий сайловлардаги энг катта ютқизиқ Ироқ жанубини назорат қилиб келган Ироқ олий исломий кенгаши ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шиа оятуллоҳлари етакчилигидаги эронпараст бу ташкилотининг сиëсий ва маъмурий жабҳада ўз позицияларини йўқотиши¸ айни пайтда расмий Теҳрон учун ҳам катта зарба сифатида кўрилмоқда.

Эрон муллаларининг Ироқ олий исломий кенгаши ва бошқа шиа партиялари устидан кучли таъсирга эга экани ҳаммага ойдин бўлгани учун¸ кузатувчиларга кўра¸ аксар ироқликларнинг бу гуруҳлардан юз ўгириши Эронга берилган мужда ҳамдир.

Бу муждага кўра¸ ироқликлар Эроннинг Ироқ ички ишларига ҳуда-беҳуда бурун суқишини истамайдилар ва бундай амалиëт тўхтатилиши учун билвосита овоз берганлар.

Бош вазир Нурий ал-Маликийнинг асосан шиалардан иборат “Қонун давлати“ иттифоқининг сайлов ғолиби деб эълон қилиниши кутилаëтган бир пайтда¸ Ироқнинг суннийлар яшовчи минтақаларида кескинлик ошиб бормоқда.

Гарчи¸ шиаларга нисбатан оз сонли бўлса-да¸ асрлар давомида Ироқни бошқариб келган сунний гуруҳларининг маҳаллий сайловларда мағлубиятни осонликча тан олиш ниятидан йироқликлари айтилмоқда.

Аммо сунний учбурчагидаги маҳаллий сайловларда рақобат асосан сунний шайхлари ва сунний диний гуруҳлари ўртасида бормоқда.

Хусусан¸ Анбар вилоятидаги сунний шайхлари Вашингтон Пост газетаси мухбири билан суҳбатда¸ суннийларнинг диний асосдаги Ироқ исломий партияси вилоят маҳаллий идораси устидан назоратни қўлга киритгудек бўлса¸ фалокат бошланишидан огоҳлантирдилар.

АҚШ ташаббуси билан тузилган Уйғониш кенгашларида фаол рол ўйнаб келаëтган сунний қабилалари етакчилари Ироқни жангарилардан тозалашнинг ягона йўли Ал-Қоидага мойил сиëсий ва диний гуруҳларни мамлакат сиëсий ва маъмурий ҳаëтидан сиқиб чиқариш эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG