Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Парламент бир қарорга келолмади


Қирғизистон парламенти аъзолари қизғин баҳслардан сўнг Бишкекдаги АҚШ базаси масаласида бир тўхтамга келишни феврал охирига қолдирдилар.
Қирғизистон парламенти аъзолари қизғин баҳслардан сўнг Бишкекдаги АҚШ базаси масаласида бир тўхтамга келишни феврал охирига қолдирдилар.

Қирғиз парламентининг АҚШ фойдаланиб келаëтган Манас базаси тақдирини ҳал этишни кечиктиргани¸ бу борадаги савдолашувнинг қизғин паллага кирганидан мужда бўлди.

5 феврал куни қирғиз парламентида Россиянинг Қирғизистонга ажратаётган кредитига доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Жорий йилнинг 3 феврал куни икки давлат ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, Россия Қирғизистонга икки миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратадиган бўлган.

Аксар кузатувчилар айнан шу кредит президент Қурманбек Бакиевнинг АҚШ ҳарбий базасидан воз кечишига сабаб бўлганини таъкидламоқдалар.

Қирғизистон президенти 3 феврал куни Москвада Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси ёпилиши ҳақида баёнот берди.

Социал-демократлар фракцияси лидери Бақит Бешимов “президент Бакиев Манас базасини ёпиш ҳақидаги кутилмаган баёноти билан катта хатога йўл қўйди”, деб ҳисоблайди.

- Қирғиз депутатлари президент Бакиевнинг бундай қароридан бехабар. Агар бундай қарорга келинган бўлса, нега парламентда муҳокамага қўйилмади?

Бу база жойлаштирилаётган пайтда қирғиз парламентида муҳокамага қўйилиб, унинг жойлаштирилиши учун Қирғизистон 14 та давлат билан келишувларни бекор қилган эди.

Бакиевнинг кутилмаган бу қарори мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида тартиб йўқлигини кўрсатади.

Президент Бакиевнинг бу ҳаракати мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади, деди Бақит Бешимов.

Депутат фикрича, АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистонда жойлашиши қирғизистонликлар учун ўта муҳим.

Жаноб Бешимовга кўра, АҚШ базаси нафақат қирғиз ҳалқи учун, балки Марказий Осиё халқлари хавфсизлиги учун ҳам зарур эди.

- Эндиликда Манас базасининг ёпилиши Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига таҳдидни кучайтиради, деб ҳисоблайди Бақит Бешимов.

Бироқ Қирғизистон коммунистлари фракцияси лидери Исҳақ Масалиев АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилишини қўллаб-қувватлайди.

- Биз коммунистлар 2001 йилдан буён АҚШ базасининг Қирғизистон ҳудудида жойлашганига қарши эканимизни билдириб келганмиз.

Аслида¸ базанинг очилиши катта хато бўлганди. Президент Бакиевнинг базани ёпиш борасидаги қадамини биз олқишлаймиз. Бу жуда тўғри қадам.

АҚШ базасидан маълум миқдорда моддий фойда кўргандирмиз, лекин сиёсий жиҳатдан қаралганда келажак учун бу ютқизиқ эди.

Шунинг учун Россия билан яқинлашганимиз маъқул бўлди, деди коммунистлар лидери Исҳақ Масалиев.

Қизғин баҳсларга сабаб бўлган АҚШ базаси масаласига депутатлар парламент фракцияларида бўлиб ўтадиган муҳокамалардан сўнг қайтадиган бўлдилар.

Айни пайтда Пентагон расмийлари ҳарбий база тақдири юзасидан Қирғизистон ҳукумати билан музокараларни давом эттиришга умидвор.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ходими Марк Камеронга кўра, ҳозирча уларга ҳарбий базанинг ёпилиши борасида қирғиз ҳукумати томонидан бирорта ҳам расмий билдирув хати келмаган.

- Манас ҳаво базаси бўйича қирғиз ҳукумати билан ўзаро музокаралар олиб бораяпмиз. База доирасида имзоланган турли шартномалар барчаси амалда.

Бизга бирорта билдирув хати келмади. Музокаралар давомида аниқ бир тўхтамга келамиз, деган умиддамиз, деди АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ходими Марк Камерон.

Айни пайтда¸ Қирғизистон ҳукумати матбуот вакили АҚШ ҳарбийларига базани ёпиш учун олти ой муҳлат берилишини маълум қилди.

Парламент эса Манас базаси тақдири билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокамасини феврал ойи охиригача кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

АҚШ ҳарбий базаси Бишкекдаги Манас халқаро аэропортида 2001 йилнинг декабр ойида Афғонистонда аксилтеррор амалиëтлари олиб бораëтган ўн минглаб Америка ҳарбийларига таъминот моллари етказиб бериш мақсадида очилган эди.
XS
SM
MD
LG