Линклар

Инқироз эшик қоқмоқда

  • Ҳасанжон

Иқтисодий вазият тобора танглашиб бораëтган ҳозирги вазиятда¸ Ўзбекистон ҳукумати газ сотиб бу тангликни юмшатишга умид қилаëтган кўринади.

Иқтисодий вазият тобора танглашиб бораëтган ҳозирги вазиятда¸ Ўзбекистон ҳукумати газ сотиб бу тангликни юмшатишга умид қилаëтган кўринади.

Иқтисодий бўҳрон глобал миқёсда чуқурлашаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати турли дастурлар воситасида унинг салбий оқибатларини камайтиришга уринмоқда.

Хусусан¸ куни-кеча Ўзбекистон раҳбари мамлакатнинг реал сектори ва ижтимоий инфраструктурани замонавийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 2009 йилда қарийб 380 миллион доллар маблағ сарфлаш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага асосланиб “Regnum.ru” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон раҳбари имзолаган ҳужжатда қурилиш, ишлаб чиқариш объектлари ва ижтимоий инфратузилмани замонавийлаштириш учун 30 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган.

Дастурдан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани замон талабларига мослаштириш, шу соҳалар ривожланишини таъминлаш учун қулай шароит яратишдан иборат.

Uzmetronom.com сайти ҳам Ўзбекистон раҳбари 28 январ куни маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари турини кўпайтириш, маҳсулотлар сонини оширишни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ҳужжат имзоланганини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чораларни изоҳлаб беришни сўраб мутахассисларга мурожаат қилдик.

Иқтисодчи Виктор Ивонин давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда кўзда тутилган чоралардан мақсад глобал иқтисодий бўҳроннинг салбий оқибатларини камайтириш, янги иш жойлари яратиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун қулай шароит яратишдан иборат эканини айтди.

- Мақсад иқтисодиётнинг реал секторини, саноат-ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишдир. Тадбиркор учун оддий нарсалар, яъни, канализация, электр, газ ва йўл керак¸ холос. У ёғига ишни ўзи уддалайди. Ҳозир давлат маблағи шу ишларга сарфланаяпти, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Виктор Ивонин Тошкент ҳукумати кўраётган чораларга қарамай, глобал иқтисодий бўҳрон шубҳасиз Ўзбекистонга салбий таъсир этади¸ деган фикрда.

- Биз ҳозир бўҳроннинг салбий оқибатларини сезмаётган бўлсак ҳам у секин-аста бизгача етиб келиши муқаррар. Нима учун? Чунки маҳсулот экспорти камаяди. Ҳозир пахта етиштириш ҳажми камаяяпти. Албатта¸ бунинг салбий таъсири бўлади.

Тўғри, энергия нархи ошди. Биз Россияга дунё нархида газ етказиб беришга келишиб олдик. Бу соҳада биз учун қулай имконият юзага келмоқда, дейди Виктор Ивонин.

Глобал иқтисодий бўҳрондан ҳимояланиш учун АҚШ, Европа, Россия ва бошқа давлатларда махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва амалга тадбиқ этилмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Малик Абдураззоқовга кўра, Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чоралар ҳам биринчи навбатда шу каби глобал бўҳроннинг салбий оқибатларини камайтиришга қаратилган. Зотан, ҳозир сезилмаса ҳам¸ йил ўрталарига бориб Ўзбекистон экспорт қилаётган газ нархи пасайиши мумкин.

Иккинчидан, бўҳрон туфайли жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланган пахта толасига талаб ҳам камаймоқда.

Учинчидан¸ иш излаб чет элларга кетган ўзбеклар бўҳрон туфайли ишсиз қолиб ватанга қайтмоқда. Шу боис ҳукумат танг вазият юзага келишининг олдини олиш учун чоралар кўрмоқда.

- Пайдо бўлган қонунларнинг сабаби шу инқироз. Чунки бу инқироз Ўзбекистонга ҳам, албатта, таъсир қилади. Ҳукумат кўраётган чораларни бир қарашда¸ ижобий деса бўлади. Лекин уни амалга оширишда назорат қандай бўлади? Мақсад амалга ошиши учун маблағ керакли жойгача етиб борадими ёки йўқ?

Қонунларни чиқариш мақсаднинг 50 фоизи демак. Қолган 50 фоизи уни амалга тадбиқ этиш. Ажратилган маблағ қандай ишлатилади, манзилга бориб тушадими йўқми¸ буни албатта назорат қилиш керак. Бу оддий нарса эмас, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Малик Абдураззоқов.
XS
SM
MD
LG