Линклар

logo-print

“Президентга ишонмайман¸ аппаратига ишонаманми?”

  • Барно Анвар

Йўқчилик¸ адолатсизлик ва ҳақсизлик домига ташлаб қўйилган ўзбекистонликларнинг ҳокимиятга ишончи кун сайин камайиб бораëтган кўринади.

Йўқчилик¸ адолатсизлик ва ҳақсизлик домига ташлаб қўйилган ўзбекистонликларнинг ҳокимиятга ишончи кун сайин камайиб бораëтган кўринади.

Тингловчи минбари эшиттиришининг бугунги сонида:

- Бухоролик Зариф Бозоров 15 йилдан буён ўз номининг оқланишини талаб қилмоқда: “Менга “Президент аппаратига чиқмайсизми?” деди. Мен “Президентга ишонмайман¸ аппаратига ишонаманми?” дедим.”

- Сурхондарёлик тингловчи Абдулла ака Ўзбекистонда оддий фуқаро дардини тинглайдиган даргоҳ қолмаганидан норози: “Ўзбекистон матбуотини эшитмайманам¸ биров додимга қулоқ солишига ишонмайманам. Умуман бефойдада. Шунинг учун ҳам сизга айтаяпман.”

- Эри “ҳизбчи”, деб қамалган Зарина Сувонова бегона тугул ўз акалари ҳам эшигини қоқишга чўчиб қолганидан куйинади: “Кеча-кундуз йиғлайман. Ҳизбут таҳрир экан бу деб ҳеч ким келмайди. Бизларни ҳам ушлаб кетмасин деб, акаларим ҳам келмайди.”


Ҳақсизликка қарши исëн

Таҳририятимизга Бухоро шаҳри, 5-микрорайон, 52-уй, 32-хонадонда истиқомат қилувчи Зариф Бозоров телефон қилди.

У 1994 йилда уйидан гиёҳванд модда топилди, деган айблов билан ҳибсга олинган ва бу айловни тасдиқлаши мумкин бўлган бирор бир далилсиз 3 ой ҳибсда сақланган экан.

Кейинчалик суд уни асоссиз судлаб, шартли қамоқ жазоси билан озод қилган. Зариф Бозоров шундан буён ўз номимни оқлаш учун чопиб юрибман, аммо, ҳаракатларим бесамар, деди Озодлик билан суҳбатда.

Зариф Бозоров: Уйимга бир нечта милиция ходимлари бостириб кирди ва “Хотинингнинг палтосининг чўнтагидан қорадори топдик” деб туҳмат қилди. Кейим мени қамашди.

Озодлик: Ўзи қорадорига алоқангиз бормиди?

Зариф Бозоров: Ўзи шуниси қизиқда. Мени ҳеч қандай исбот далилсиз¸ бўйнимга олмаган бўлишимга қарамасдан 3 ой қамаб қўйишди. 3 ойдан кейин судга чақириб “Бўйнингга ол. Мен сенга бир йил бераман” дейди. Мен “Менинг бўйнимга қўйиб¸ айбимни исботла ва менга агар 3 йил берилиши керак бўлса¸ 5 йил муддат бер” дедим.

2-3 марта чақирди ва охири ëлғондан шартли жазо қилиб юборди. Тошкентгача бордим. Телевидениега бориб “Сизлар менга ëрдам беринглар. Мен бу ерда ҳеч қаерни билмайман” дедим. Улар менга “Президент аппаратига чиқасизми?” деди. Мен “Президентга ишонмайман¸ унинг аппаратига ишонаманми?” дедим. Ҳаммаси маишат-ишрат.

1994 йилдан буён “мени ноҳақ қамаганлар жазолансин, менинг номим оқлансин”, дея чопиб сарсон бўлган, сабр-тоқати битган бухоролик Зариф Бозоровни қишли-қировли шу кунларда яна бошқа муаммо ҳам қийнаётган экан. У Бухоро шаҳар коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимлари, шаҳар ҳокимлиги устидан арз қилди.

- Коммунал тўловдан одам келадида “Менга 200-300 минг сўм тўлайсан” дейди. Мен “Қанақа қилиб сенга тўлайман” дедим. Мен уйни ремонт қилишга 3 миллион йўқотдим. Томдан чакка ўтаëтган эди. Икки марта томни ëпдим. 200 мингдан 400 минг кетди. Том қоп-қора бўлиб кетган. Батареялар ишламайди¸ яна келиб иссиқ сув учун тўла¸ дейди. Мен “Батареянг ишламаса¸ нима учун тўлашим керак” дедим.

Яқинда судга беришибди. Суд мени 200 минг тўласин деб қарор чиқарибди. “Тўламасанг¸ нарсангни мусодара қиламиз” дейди. 5 та фарзандим бор. Ҳаммаси вояга етган. Уларни уйлантиришим керак. Шароитим эса оғир. Ҳали ҳам яхши катта ўғилларим ишлаяпти. Иккита кичиги лицейда ўқияпти.

Замон умуман нима бўлиб кетдида. Мен сизларнинг радиони сунъий йўлдош орқали ҳар куни эшитаман. Ўша айтган пайтларингизда мен телефон номерларингизни ëзиб олган эдим. Шундан кейин сизларга қўнғироқ қилишга аҳд қилдим¸ дейди Зариф Бозоров.

Оилавий шароити оғир бўлиши, ишсиз экани, қарамоғида 6 киши бўлгани, бунинг устига яна коммунал тўловлар учун бир неча 100 минг сўм миқдорида қарздор қилинганига қарамай вақт ва маблағ сарфлаб, Озодликка қўнғироқ қилгани учун Зариф Бозоровга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Унинг мурожаати юзасидан Бухоро вилоятидаги тегишли идоралардан жавоб олишга уринишда давом этамиз.


“Онангни қози хўрласа¸ додингни кимга айтасан”

Сурхондарё вилоятидаги пахта тозалаш заводида қоровул бўлиб ишлайдиган Абдулла исмли бир тингловчи қўнғироқ қилди. Гўшакни олишимиз билан “Сарвар Усмон менга қўнғироқ қила оладими? Менинг пулим кам, кўп гаплаша олмайман” деди хижолатомуз оҳангда.

“Албатта, илтимосингизни бажарамиз”, дедик ва ҳамкасбим Сарвар Усмон Абдулла акага сим қоқди. Маълум бўлишича, бу киши завод қоровулхонасида ўтириб, куни билан радио эшитар экан.

Инсон тақдиридан ҳикоя қилувчи радиоэшиттиришларимизни тинглаб, ўзининг ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилиб бериш истаги туғилган экан. Шу мақсад ортидан Сарвар Усмонга сим қоққан Абдулла ака суҳбатни мустақиллик бўлиб, менинг оилам бузилди, ҳаётим издан чиқди, деб бошлади.

Озодлик: Мана мустақиллик йилларида қийналиб қолдим¸ деяпсиз. Ким айбдор бунга?

Абдулла ака: Энди ким билсин. Русларда “Ҳар қандай одам қийин аҳволдан чиқиб кетади” деган гап борку. Балки мен ўзим ҳам айбдордирман. Лекин мен тузумни айбдор деб ҳисоблаяпман.

Озодлик: Тузумнинг нима айби бор?

Абдулла ака: Мана¸ масалан¸ ҳозир бераëтган 90 минг ойлиги арзимаган садақадай пул. Мен соғлигим ëмонлашгани учун қоровулликка ўтганман. Олдин қийин ишда ишлаганман мен. 30 йилдан бери пахта заводда ишлайман. Ойлик озайиб кетаяптида. Мана шу 90 минг ойликни ҳали олганим йўқ. Ҳали ноябр ойини ҳам олганим йўқ.

Озодлик: Сиз қоровул бўлиб 90 минг оласиз экан. Ишчи неча пул олади?

Абдулла ака: 140-150 минг. 200 мингга бормайди дейишаяпти. Ойлик озайиб кетганда. Менинг ҳисобим бўйича мен 140-150 минг олишим керакда.

Озодлик: Қаранг¸ сизга ойлик бераëтган пахта заводнинг директорлари бор. Уларга ойлигим оз¸ кўтар¸ демайсизми?

Абдулла ака: Мойжувозчи бува “Онангни қози хўрласа¸ додингни кимга айтасан” деган эдиларку. Бу ҳам худди шундай гапда. Ҳамма биладику буни.

Озодлик: Фойдаси йўқ экан¸ нима учун Озодлик радиоси мухбирига ўзингиз телефон қилдингиз? Мана саволларимга жавоб бераяпсиз. Нима учун гапираяпсиз?

Абдулла ака: Энди дардимни ëзиш учун¸ дардимни айтиш учун юрагим сиқилганидан телефон қилган эдим.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида ойлигингизни ошириб қўймаса ҳам ¸ ҳеч йўқ дардингизни тўкиб соладиган бошқа бир даргоҳ йўқми?

Абдулла ака: Йўқ. Мен дардимни тўкиб соладиган бошқа бир даргоҳ борлигига ишонмайман.

Озодлик: Нима учун? Сиз яшаб турган вилоятда ҳам газеталар бор¸ радио бор¸ телевидение бор.

Абдулла ака: Мен Ўзбекистон матбуотини эшитмайманам¸ биров дардимга қулоқ солишига ишонмайманам.

Озодлик: Ҳокимга бормайсизми?

Абдулла ака: Бефойда бўлгани учун ҳам сизга айтаяпманда. Бефойда деб ўйлаяпман. Вақтида гапириб ҳам кўрганман. Олдин озроқ ҳақиқат бор пайтида гапириб кўрганман.

Озодлик: Озроқ ҳақиқат бор эди деб қайси даврни айтаяпсиз?

Абдулла ака: Мустақилликнинг бошларидаги даврни айтаяпман. 1992-1995 йилларни айтаман. Энди 5-10 фоиз бўлса ҳам бор эдида. Мен диндор ҳам эмасман¸ сиëсатчи ҳам эмасман¸ оддий фуқароман. Сиëсатни ўзимга-ўзим тарғиб қиламан¸ янгиликларга қизиқаман.

Юсуф Жуманинг “Каримовнинг хабари йўқ” деган шеъри борку. Одамлар ҳақиқатан ҳам “Каримовнинг хабари йўқ” деб айтади. Мен “Агар биз ўзимизнинг иш жойимизни билсак¸ президентнинг бутун Ўзбекистонда бўлаëтган нарсалардан хабари бор. Мана аҳолиси 1 миллиарддан ошган мамлакатлар бор. Уни ҳам бир киши бошқараяпти. Давлатнинг бошида демократ¸ виждонли одам бўлса¸ шунда яхши бўлади” дейман. Бир хиллар тўғри дейди¸ бир хиллар нотўғри дейди.

Сурхондарё вилоятидаги пахта тозалаш заводида қоровул бўлиб ишлайдиган, қоровулхонада ўтириб, эртаю кеч радио тинглайдиган Абдулла исмли тингловчимиз тинглаганлари, ҳаётда кўрган-кечирганлари ва шунинг ортидан келган хулосаларини айтиб, ҳамкасбимиз Сарвар Усмон билан дардлашди.

“Ўзбекистонда дардимни тинглайдиган даргоҳ борлигига ишонмайман”, дея хулоса қилди сурхондарёлик қоровул Абдулла ака. Бу кишига ҳам бизга сим қоққани учун ўз миннатдорчилигиимизни билдирамиз.


Судяларда адолат йўқ...


Душанбелик Зарина исли аёл у ердаги таҳририятимизга боғланиб, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари эрини Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига алоқадорликда айблаб ноҳақ қамаганидан шикоят қилди.

Бунинг устига боқувчиси “ҳизбчи”, деб қамалгани боис ночор кун кечираётган бу оила хонадонига бегона тугул¸ ўз яқинлари, ака-укалари бош суққани чӯчийди. Ана шундай четлатишлар, йўқчилик ва ҳақсизликдан тўйиб кетган Зарина ҳам Озодликка сим қоқди.

Зарина: Шароитим қийин. Мана деворларим тўкилган. Свет жуда кўп ишлаб кетади. Плита қўяман¸ кўп пул ишлаб кетади. Светчига “Бир-икки кун чида” десам¸ светимни узиб кетади. Ҳаëт кундан кунга қийинлашиб бораяпти. Ҳамма нарса қиммат. Пул топиш ҳам қийин. Эримни ҳам туҳмат қилиб¸ Ҳизбут-Таҳрир деб қамашди. Аммо менинг хўжайиним Ҳизбут-Таҳрир эмас.

Озодлик: Хўжайинингиз қандай қилиб қамалиб қолди?

Зарина: Бизнинг икки хонали квартирамиз бор. Ўшани хўжайиним ижарага берган эди. Ижарачилар Ҳизбут-Таҳрир экан. “Сен ҳам улар билан биргасан” деб эримни 6 йилга қамаб юборишди. Мана кўчамиздан иккита гувоҳ олиб келишди¸ аммо ҳеч нарса топа олишмади.

Битта китобчани олиб келиб менга кўрсатиб¸ “Хотини кўрди¸ гувоҳ бўлди” дейишди. Аммо хотин кишига гувоҳ бўлиш мумкин эмаску. Судя ҳам “Хотинининг гувоҳ бўлишга ҳаққи йўқ. бошқа гувоҳ топинглар” демади.

Ўша Ҳизбут-таҳрирчиларни уришди¸ орадан бир йил ўтгач қамоқдан ҳам чиқариб юборишди. Лекин менинг эримни олти йилга қамашди. Ноҳақ иш қилди булар. Судяларда адолат йўқ. Улар бераҳм¸ юраги тош. Ҳақиқат йўқда. Ҳозир ҳамма нарса пул. Пулингиз бўлмаса¸ сизга судя ҳам қарамайди¸ орган ходими ҳам қарамайди.

Озодлик: Эрингизга нисбатан қийноқлар бўлганми?

Зарина: Қўлларини сим билан боғлаб¸ “Бўйнингга оласан” деб ток урдириб¸ роса азоб беришган. Судяга ҳам “Мен квартирамни уларга берганимдан пушаймонман” деб айтди. Судя бунга ҳам эътибор бергани йўқ.

Озодлик: Адвокат олиш имкони йўқмиди?

Зарина: Адвокат 300 доллар деди. Менинг 300 долларим йўқда. Ўша вақтда менда 100 сўм ҳам йўқ эди. Қамоқхонада очликдан эримнинг ранглари сарғайиб¸ қуриб кетган. Раҳмим келади¸ йиғлайман. Олдинда ҳали беш йил бор.

Озодлик: Бу ëғига ëш болалар билан қандай яшамоқчисиз?

Зарина: Учта ўғлим бор. Биттаси бешинчи синф¸ биттаси биринчи синф¸ кичиги 4 ëш. Ëш болалар билан қийин. Худодан сўрайманки¸ эрим соғ-саломат чиқсин. Ҳаммага инсоф берсин. Кеча-кундуз йиғлайман.

Ота-онам онда-сонда картошка¸ пиëз олиб келиб беради. Ўзим пирожний пишираман. 7-8 сўм қолади. Ҳизбут-Таҳрир экан деб ҳеч ким келмайди. Акаларим ҳам “Бизларни ҳам ушлаб кетмасин” деб келмайди. Ишқилиб болаларимнинг олдига соғ-саломат чиқиб келсин.

Душанбелик Зарина исмли аёл эрини “Ҳизб-ут- таҳрир”га алоқадорликда айблаб ноҳақ қамашганидан, бунинг оқибатида, ҳатто, ўз яқинлари ҳам эри “ҳизбчи”, деб қамалгани боис унинг хонадонига келолмай қолганидан нолиди.

Ана шундай четлатишлар, йўқчилик ва ҳақсизликдан қийналган ёшгина бу аёл шу кунларда ширинлик пишириб сотиб, 3 боласини боқмоқда.

Имкон қадар мурожаатларингизни ёритишга, муаммоларни ўрганишга ва фикрларингиз Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилишга ҳаракат қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 11 000 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG