Линклар

logo-print

Бедодлик қурбони судга тортилди

  • Ҳурмат Бобожон

Сиëсий ва диний айблар қўйилган шахсларга шавқатсизлиги билан ном қозонган Ўзбекистон адлия тизимининг Ҳайитжон Жўрабоевни аяб ўтирмаслиги аëн.

Сиëсий ва диний айблар қўйилган шахсларга шавқатсизлиги билан ном қозонган Ўзбекистон адлия тизимининг Ҳайитжон Жўрабоевни аяб ўтирмаслиги аëн.

Ўзбек ва қирғиз махфий хизматлари ўртасидаги шубҳали ҳамкорлик натижасида Бишкекда ўғирланиб¸ Тоштурмага ташланган яна бир тутқун тақдири халқаро майдонда ташвиш уйғотмоқда.

Ўтган йили Қирғизистонда ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Ҳайитжон Жўрабоев Андижон қамоқхонасида.

Бу ҳақда Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди. Ташкилот ходими Игорь Воронцовнинг айтишича, Жўрабоев Ўзбекистонда суд қилинаётган бўлиши ҳам мумкин.

- Билишимча, Ҳайитжон Жўрабоев Андижон вилоятидаги қамоқхонада. Бундан аввал унинг Тоштурмада сақлангани ҳам бизга маълум. Жўрабоев устидан суд 30 январ¸ жума куни бошланган бўлиши мумкин, дейди Игорь Воронцов.

Қочқинлар бўйича БМТ олий комиссарлиги тарафидан қочқин сифатида тан олинган Ҳайитбой Жўрабоев ўтган йилнинг 19 сентябр куни Бишкекда ўғирлаб кетилган эди.

- Гувоҳларнинг бизга айтишларича, ўша куни Жўрабоев шогирдлари билан Бишкекдаги масжидга кираётган пайтда унинг ёнига бир одам келиб, ўзини Қирғизистон хавфсизлик хизматиданман деб таништиради ва давлат номери Қозоғистонники бўлган машинага ўтқазиб, номаълум тарафга олиб кетади.

Ўшандан бери уни ҳеч ким озодликда кўрмади. Бир оз вақт ўтгач¸ Жўрабоевнинг онаси уни Тоштурмадан топди¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Игорь Воронцов.

Шу пайтгача Қирғизистонда Ҳайитжон Жўрабоевдан ташқари ўндан зиёд ўзбек қочқинининг ўғирлаб, Ўзбекистонга қайтарилгани маълум. Игор Воронцовнинг таъкидича, аввалги ҳолатлар каби, Жўрабоевнинг ўғирланиши ҳам Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги шубҳали ҳамкорлик натижаси бўлиши мумкин.

- Ўзбек махсус хизматлари Қирғизистонга келиб ўз билганини қилишган ва Қирғизистон томони бунга кўз юмганми, ёки Қирғизистон ўз чегарасини яхши қўриқламайдими, бунинг аниқ тафсилотларини билмаймиз. Лекин биз Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида шубҳали ҳамкорлик борлигини гумон қилаяпмиз, дейди Воронцов.

Узоқ йиллар давомида Қирғизистон Омбудсмени вазифасида ишлаган сиёсатчи Турсунбой Бакир ўғли ўзбек қочқинларининг мамлакат жанубида ўғирланиш ҳолатларини ўрганган.

- Қирғизистон махфий хизматлари Ўзбекистон махфий хизматларига халқаро келишувларни ва Қирғизистоннинг қонунларини бузган ҳолда ëрдам бериб¸ бир Ўзбекистон эмас¸ Қирғизистон фуқароларини ҳам бериб юборган. Бунақа фактлар ҳам бор.

Ҳозир Ўзбекистон махфий хизматлари хоҳлаган вақтида¸ хоҳлаган жойида Қирғизистон махфий хизматлари билан бирга бўлади ва хоҳлаган одамини ушлаб Ўзбекистонга олиб кетади. Чегара очиқ¸ дейди Турсунбой Бакир ўғли.

35 яшар Ҳайитжон Жўрабоев Ўзбекистонда 90- йиллар бошида экстремизм айби билан қамалган таниқли имом Обидхон Алихоновнинг куёвидир. 2007 йилда Россия ҳукумати Жўрабоевни Ўзбекистонга экстрадиция қилгач¸ у бир муддат ватанида ҳибсда ушлаб турилиб, сўнгра қўйиб юборилди.

Кейинчалик у Қирғизистонга қочиб ўтди ва Қирғизистон давлат миграция қўмитасида қочқин изловчи сифатида рўйхатга олинди¸ кўп ўтмай БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги тарафидан қочқин сифатида эътироф этилди. Ўзбекистон томони Ҳайитжон Жўрабоевни экстрадиция қилишни сўраб Қирғизистон ҳукуматига мурожат этган эди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ҳолли Картнер ўзбек қочқинининг Қирғизистонда ўғирланиб, Ўзбекистонга куч билан олиб ўтилиши ва қамоққа ташланишини ўта ташвишли ҳол¸ деб атади.

Ўтган йил декабр ойида ташкилот Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга хат йўллаб, қирғиз ҳукуматини қочқинларни бериб юборишни тўхтатиш ва қочқинларнинг мамлакатда ўғирланиши ҳолатлари юзасидан тергов ўтказишга чақирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG