Линклар

"Ўлганнинг устига тепган"


Ўзбекистон олий ўқув юртларида шартнома асосида ўқиш аксар оилалар учун имконсиз ҳолга айланаëтган бир пайтда¸ мамлакатдаги Россия олийгоҳлари дипломини олиш ундан-да узоқ - қўл етмас орзуга айланиб бормоқда.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида шартнома асосида ўқиш аксар оилалар учун имконсиз ҳолга айланаëтган бир пайтда¸ мамлакатдаги Россия олийгоҳлари дипломини олиш ундан-да узоқ - қўл етмас орзуга айланиб бормоқда.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов пули 15 фоизга қимматлайди - баҳордан бошлаб талабаларнинг шартнома асосидаги бир йиллик тўлов пули ўртача 750 АҚШ долларини ташкил қилади.

Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходимининг Озодликка айтишича, 2008-2009 ўқув йилининг иккинчи семестридан бошлаб ўқув шартномалари нархи кўтарилади.

- Бу биринчи мартдан бошланади. Ўртача 15 фоизга кўтарилди.

Аввал бакалавриат йўналишида йиллик тўлов 920 минг сўм эди. Демак, биринчи мартдан бошлаб бу 1 миллион 60 минг бўлади.

Магистратура ва аспирантура йўналишларига қараб, бу сумма ўзгариши мумкин, дейди Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходими.

Хоразмлик талаба қиз Райҳон бу хабарни эшитиб ташвишга тушган минглаб ўзбек талабаларидан бири. У Урганч Давлат университети иккинчи босқичида ўқийди.

- Мен институтда шартнома асосида ўқийман. Ўзи йўлкира ҳам қиммат. Энди шартнома пули ҳам ошаяпти. Шартнома пулини тўлай олмаймиз. Ўзи пул еб-ичишимиздан ортмаяпти. Агар шартнома пули ошмаганида, биз бунчалик қийналмасдан ўқирдик¸ дейди Райҳон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу йил шартнома пулини тўлаш учун қизнинг ота-онаси бисотидаги биттаю-битта сигирни сотган. Кейинги ўқув йилида ўқишни давом эттириш учун эса Райҳон кредит пули олишни режалаштираяпти.

Самарқандлик Аъзамжон Тўрақулов эса шартнома пулини тўлай олмай, академик таътил олишга мажбур бўлган. Аъзамжон Самарқанд Давлат Чет тиллар институтида ўқирди.

Аъзамжоннинг отаси Пардақул Тўрақуловнинг айтишича, ҳозирда унинг ўғли Россияда мардикорлик қилаяпти.

- Иқтисодий жиҳатдан қийналганимиз учун ўғлим иккинчи курсни тугатиб¸ академик таътил олди ва Россияга ишлашга кетди¸ дейди Пардақул Тўрақулов.

Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходимининг билдиришича, шартнома пуллари бир йилда икки марта оширилади. Боиси...

- Бу энди инфляция масаласи. Бу ойлик ва пенсияларнинг ўсиши билан боғлиқ ҳолда ошади. Лекин бу ҳар сафар ойлик ва пенсияларни ошириш тўғрисида президент фармони чиққандан кейин кўтарилади, дегани эмас. Шартнома суммаси йилда фақат икки марта - биринчи март ва биринчи сентябрда - инфляция даражасига қараб ўзгаради¸ дейди Фарғона Давлат университети маркетинг бўлими ходими.

Ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовга кўра, шартнома пулининг мунтазам кўтарилиб бориши камбағал оилалардан бўлган талабаларнинг муаммолари кўпайишига сабаб бўлади.

- Талаба бу пролетариатдан ҳам баттар нарса. Ота-оналар топган-тутганини ўғлига¸ қизига сарф қиламан, дейди. Бу талабаларга ва уларнинг оилаларига зарба бўлиб тушади. Айниқса, инқироз даврида бу “ўлганнинг устига тепган”дай бўлади¸ дейди Нодир Аҳатов.

Аммо ўзбекистонликлар иқтисодий қийинчиликларга қарамай, фарзандларини дипломли қилиш учун жонини жабборга бераяптилар. Нодир Аҳатов фикрича, бунга ўзига хос сабаблар бор.

- Мавжуд режим шундай бир ҳолатга олиб келиб қўйдики¸ бирор бир ишга кириш ëки амалдор бўлиш учун олий маълумотли бўлиш керак. Ҳатто маҳалла раиси бўлиш учун ҳам олий маълумотли бўлиш керак. Ҳозир шунақа талаб қўйилаяпти. Шунинг учун ота-оналар топган-тутганини емай-ичмай, болаларига сарфлашаяпти.

Ўзбекистонда бир латифа бор. Отдан: “Сени нима учун улоқдан олиб ташлашди?” деб сўрашибди. У: “Ўрнимга эшак келди. Унинг дипломи бор экан”, деб жавоб берган экан. Худди шу нарса ҳозир Ўзбекистонга келди¸ дейди Нодир Аҳатов.

Айни пайтда Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари мамлакат олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов нархлари қўшни давлатларникига солиштирганда анча пастлигини таъкидлайдилар.

Хусусан, вазирлик вакилларига кўра, Ломоносов номли Москва Давлат университетида энг кам тўлов пули йилига олти минг доллар эканлиги ҳисобга олинса¸ Ўзбекистондаги нарх нисбатан арзонлиги аён бўлади.

Лекин кузатувчилар бу иддаога жавобан Ўзбекистон билан Россия аҳолисининг турмуш даражаси ўртасида жуда катта тафовут борлигини эътиборга олиш лозимлигини айтаяптилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG