Линклар

Бир пайтлар Брюсселга тез-тез қатнаган Грузия расмийларининг ташрифи ҳозирда кескин камайган - 4 февраль куни Барамидзе бошчилигидаги Грузия делегацияси бу йил биринчи марта Брюсселга борди.

НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган учрашувда Грузияга қарашли бўлган Абхазия ва Жанубий Осетияни Россия ўзига қўшиб олгани хусусида сўз борди. Европа Иттифоқи ЕИ ва НАТО расмийлари бу масалада Россияни аввалгидек қизишиб танқид қилгани йўқ.

Афтидан ЕИ ва НАТО Россия билан зиддиятга боришдан фойда чиқмайди, деган хулосага келган.

Ҳозирда бу икки ташкилот Россия билан мулоқотни қайта тиклаш чорасини кўрмоқда. Айни пайтда расмий Тбилиси Ғарбнинг Москва билан мулоқоти чоғида Грузия масаласи бир четга суриб қўйилмаслигини хоҳлайди.

- НАТОнинг Россия билан энг юқори даражали музокаралари, муҳокамалари ва учрашувлари чоғида Грузияга тааллуқли саволлар, хусусан, Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги ва ўз ҳудудининг ажралмас қисмини қайта эгаллашига оид масалалар кун тартибидан ўрин олиши ҳақида бизга ваъда берилиши жуда муҳимдир, деди Грузия Бош вазири ўринбосари Гиоргий Барамидзе НАТО-Грузия комиссиясининг Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишидан кейин.

НАТО Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат сифатида тан олганини бир неча марта танқид қилган.

Ўтган ҳафта НАТОнинг матбуот вакили, агар Россия ўз ҳарбий учқичларини Грузиянинг исёнкор ўлкалари ҳудудига жойлаштирса ёки Россия Қора денгиз флотига қарашли кемаларни Абхазия портига жойлаштирса, халқаро қонунларга зид бўлишини айтди.

Бироқ НАТО норасмий тарзда бўлса ҳам урушдан кейин тўхтатиб қўйилган НАТО-Россия кенгашининг учрашувларини қайта бошлади.

6 феврал куни Европа Комиссияси президенти Жозе Мануэл Бароззо тўққиз нафар комиссари билан Москвага борди.

Европа Иттифоқи-Россия ўртасидаги сўзлашувлар кун тартибида Грузия масаласи йўқ эди. Аммо Европа Иттифоқи 5 феврал куни эълон қилган баёнотда Россия Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳарбий кучларни кўпайтираётгани ҳақида “жиддий ташвиш” билдирилган.

Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар Россия-Грузия ўртасидаги муаммо борасида бир хил фикрда эмас. Грузия расмийлари бундан хабардор.

Грузия Ташқи ишлар вазири Григол Вашадзе 4 февраль куни ғамгин оҳангда Грузия Европа Иттифоқи ва НАТОга ўз иродасини ўтказа олмаслигини айтди.

- Биз НАТО ёки бошқа халқаро ташкилотларнинг Россия билан муносабатларига таъсир эта олмаймиз ва бунга бизда заррача хоҳиш йўқ. Ким билан қандай муносабат ўрнатиш ҳар кимнинг ўз суверен ҳуқуқидир, деди Грузия Ташқи ишлар вазири.

Эслатиш жоизки, Россия билан урушдан кейин Грузиянинг НАТО билан муносабатларига бир оз путур етди. Германия ва Франция НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланган Аъзолик ҳаракат дастурига Грузияни қўшишга қарши чиқди.

Айни пайтда, таҳлилчилар АҚШ янги президенти Барак Обаманинг қуролларни назорат қилиш бўйича Россия билан янги шартнома имзолаш ҳақидаги режасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилса ва унда НАТОнинг кенгайиши ҳақида гап борса, Грузия масаласи муаммо яратиши мумкин, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG