Линклар

Шоирнинг ҳам тирикчилиги бор

  • Сарвар Усмон

Тирикчилик мақсадида маддоҳлик адабиётига яқинлашмай, халқ дардини куйлашни ўз шиорига айлантирган шоир Юсуф Жума қамоқда ўтирибди.

Тирикчилик мақсадида маддоҳлик адабиётига яқинлашмай, халқ дардини куйлашни ўз шиорига айлантирган шоир Юсуф Жума қамоқда ўтирибди.

Шу кунлар буюк ўзбек – Мир Алишер Навоий эсланадиган кунлар. Бошқа бир шоир – Рауф Парфининг ҳазил иборасини ишлатар бўлсак, Алишер Ғиёсиддиновичнинг таваллуди хотирланадиган кунлар.

Шоирнинг туғилган куни муносабати билан ўзбек жамияти яна бир бор "шоир ўзи ким?" деган савол жавоби устида ўйланаётган бўлса ажаб эмас.

Одми чойхоналару "ҳай-ҳай" ресторанларда, университетлар дарсхоналарию қамоқхоналар камераларида шу саволни ўйлаётганлар, шу мавзу устида баҳслашаётганлар бўлишлари мумкин.

Бу мавзуда зиёлилар, зиёлинамолар ва ўзини зиёли, деб билгувчилар баҳслашмоқда.

Биз ҳам ўшандай гурунг қурмоқчи бўлдик бугун.

Гурунгимизга бир неча ўзбекни тортдик.

Биринчи суҳбатдошимиз шеъру шуарога яқин тошкентлик Дилором опа Исҳоқова.

- Шоирнинг ижтимоий вазифаси нима?- деб сўрадик опадан.

- Шоирнинг бир улуғ ва ҳамиша миллатнинг олдидаги вазифаси бор. У ҳам бўлса, зулмни доимо зулм, деб аташ. Яъни ҳамма нарсани ўз исми¸ ўз номи билан аташ. Менимча¸ агар ҳақиқий шоир бўлса¸ бу шоирнинг энг биринчи вазифаси бўлиши керак¸ -дейди Дилором Исҳоқова.

Шеъру шоирдан узоқ ургутлик Саидкарим ака ҳам шоирнинг ижтимоий вазифаси тўғрисида қийналиброқ бўлса ҳам фикр айтди.

Озодлик: Шоир халққа нима қилиб беради? Шоирдан нима фойда?

Саидкарим ака: Шеър ëзса керакда. Жуда қизиқ савол. Шоирнинг вазифаси халққа руҳий озуқа бериш¸ ўзини шеърлар билан танитиш¸ айрим шоирларнинг шеърларини ўқиб халқни баҳраманд қилиш.

Гурунгимизга андижонлик Садирохун акани ҳам тортдик. Бу киши ҳам шеърдан узоқроқ. Лекин шоирнинг вазифаси нималардан иборат эканлигини яхши билади.

- Шоир и халқнинг дардини¸ халқнинг кайфиятини кўрсатиб бериши керакда¸ - дейди Садирохун ака.

Агар эътибор берган бўлсангиз, шеъру шоирга яқин ўзбек ҳам, шеър ўқимайдиган ўзбек ҳам бир хил гапни айтаяпти: шоир миллат ва халқ вакили, шоир халқ дардини айтадиган одам.

Бу фикрлар навбатдаги саволни пайдо қилди: нима халқнинг шоирга ўтказиб қўйган жойи борми?

Дилором Исҳоқова: Халқнинг¸ миллатнинг шоирга ўтказиб қўйган жойи бор. Чунки шоир миллатнинг дарди¸ миллатнинг кечинмаларисиз шоир эмас. Миллат бўлмаса¸ шоирнинг ўқувчиси бўлмайди. Миллат бўлмаса¸ шоирнинг ëзаëтган шеърининг, қўпол қилиб айтганда, масаллиғи бўлмайди. Шоир миллатдан олади ва миллатга беради.

Ургутлик Саидкарим ака: Халқ томонда бўлмаса¸ бу шоирнинг нима қизиғи бор?

Озодлик: Нима учун? Халқнинг унга ўтказиб қўйган жойи борми?

Ургутлик Саидкарим ака: Ўтказиб қўйган жойи йўғу¸ шоир ўша халқнинг йўналишига¸ ҳаëтига қараб шеър ëзади. Унинг бахт-саодатини ëзади. Кейин уни ўқиганлар ижобий ëки салбий баҳо беради.

****

Озодлик: Халқнинг шоирга ўтказиб қўйган жойи борми? Ўзининг кўнглидаги бошқа гапларни гапириб¸ шеърга солиб юравермайдими?

Андижонлик Садирохун ака: (кулиб) Албатта бизнинг ичимиздан чиққан одам, масалан, мен билан Ислом Каримов гаплашмайди. Бу шоирлар президентга яқин.

Озодлик: Президент атрофида юрадиган бошқа юзлаб¸ минглаб одамлар бор. Нима учун айнан шоир шу ишни қилиши керак? Шоирнинг зиммасига бу вазифани ким юклаган?

Андижонлик Садирохун ака: Бу вазифани биров юклаган эмас¸ лекин виждон амри деган нарса ҳам бўлиши керакда.

****

Бундай гаплардан кейин, бундай масъулият юклатилаётгандан кейин шоир бўлиб туғилмаганингга шукр қиласан киши.

Шоирлик ҳам касб. Шоирнинг ҳам тирикчилиги, бола-чақаси, орзу-ҳаваси бор.

Бу гапни баъзи оғзига кучи етмаганларнинг у ёки бу шоирни "сарой шоири", деб ҳақорат қилишларига жавобан айтаяпмиз.

Негадир, совет даврида шоирларни бундай ҳақорат қилишмас эди. Лекин ўша даврда ҳам "сарой шеърлари" кўп бўлган. Фақат у даврда "сарой"нинг "юзи" кўп эди.

Доҳий Ленин, халқлар отаси Сталин, йўлчи юлдуз - коммунистик партия, буюк оға – рус халқи, азамат ўлка – Россия ва ҳоказолар ўша коллектив сарой эди.

Мана баъзи мисоллар:

Шоир Зафар Диёрдан:

Бахтиёрман, минг марта шодман,
Шу ватанда туғилдим, ўсдим:
Ленин билан бир ватандошман,
Бу – мен учун шарафдир, дўстим!

Шоир Ғафур Ғуломдан:

Менинг оғам рус бўлур...
Виждоним буюрганин
Шу шеърда ёза олсам,
Виждондек дуруст бўлур.
Коммунизм асрига йўл тўшаб берган руссан,
Шарқликман, бир ўзбекман,
Улуғ оғам, омон бўл.

Шоир Ҳамид Ғуломдан:

Ёш дўстим,
шу кунни эслаб қол:
они,
Лаҳзаси, нафаси, дақиқасини,-
Буткул янгиланган кўҳна дунёни,
Лениннинг музаффар ҳақиқатини.

Шоира Халима Худойбердиевадан:

Мен, коммунист дейилганда, қалбан қалқдим оёққа,
Мен, коммунист дейилганда, сафда турдим собит, мард.
Коммунистик партияни ўхшатдим суянч тоққа,
Шу боис яшаяпман ҳаётимга юқмай гард.

Бундай дил изҳорларини совет даврида ижод қилган деярли ҳар бир ўзбек шоиридан топиш мумкин.

Шеърларини эслаганимиз шоирларнинг баъзилари ўтган асрнинг 90 йилларигача етиб келолмади. Баъзилари келолди. Улар улуғлаган компартия қораланди. Улар улуғлаган Лениннинг ҳайкали ағдарилди.

Хўш, ўшанда, ҳайкални ағдараётганларида шоирларимиз норозилик билдирганмиди, балки пикетлар қилишган, ўзимизга ўт қўямиз, деб қўрқитишгандир?

Йўқ, дейди шеъру шуарога яқин Дилором опа Исҳоқова.

Дилором Исҳоқова: Йўқ¸ йўқ. ... Лениннинг майдондан ҳайкали олиниши¸ умуман Ленинни эсга соладиган рамзларнинг олиб ташланиши бошланганди биронта шоир ëки ëзувчи томонидан норозилик акциялари бўлганини эслай олмайман.

Озодлик: Буни нима билан изоҳлаган бўлардингиз?

Дилором Исҳоқова: Биласизми¸ буни нима билан изоҳлаш мумкин? Улар Ленинни ëки коммунистик партияни чин юракдан севган эмас. Улар қаттиқ севгани учун уларга шеърлар ва достонлар бағишлашган эмас.

Бу шоирларнинг китоби чоп этилишига¸ шеърлари босилиб чиқилишига¸ радио ва телевидениеда истаган пайтда чиқишига¸ ҳукуматнинг ишончли одамига айланишига бир "пропуск" эди. Бунинг йўли эса коммунистик партияни¸ Лениннинг йўлини улуғлашдан иборат эди.

Озодлик: Демак сабаби тирикчилик?

Дилором Исҳоқова: Оддий тирикчилик. Қорин тўқ¸ устим бут¸ бола-чақам бор¸ тепамда томим бор деган маънода эмас. Уларнинг иштаҳаси анча яхши эди.

Унинг орқасидан мансаблар¸ унвонлар олинарди¸ яхши ишларга жойлашиларди¸ фарзандларига анча йўллар очиқ бўларди. Бундай шеърлар, айтаяпманку, шоирларга яхши¸ фаровон ҳаëтга "пропуск" эди.

Озодлик: Айтмадикми? Шоирлик ҳам касб, шоирнинг ҳам тирикчилиги, бола-чақаси бор, демадикми?!


Буюк Эврилиш

Лениннинг ҳайкалини йиқдинг, деб норозилик билдирмаган ўзбек шоирлари орасида Абдулла Орипов ҳам бор эди.

Ваҳоланки, шоир Ориповнинг ленинчи эканлиги, коммунизм куйчиси эканлигини Фанлар академияси тан олган, академик Матёқуб Қўшчонов 1983 йили "Абдулла партияни, Ленинни улуғлайди, Коммунизм – унинг учун келажак машъали", деб ёзган эди.

Мана Ориповнинг ўша даврдаги шеърларидан баъзи парчалар:

Ленин ҳақида:

Хақсизликдан мазлумнинг ичга сиғмаса дарди,
Агар зулмат ичида кўринмай қолса ҳаёт,
Кимга у сажда қилиб, кимга дилин ёрарди,
Ҳақиқат ахтарганда айлар эди кимни ёд?
Жавоб бергин десалар, мен ҳам узримни айта,
Қолган буюк зотларнинг қошидан қайтар эдим,
Мен ҳам у азиз номни такрорлар эдим қайта,
Мен ҳам оддий сўз билан Ленинни айтар эдим.

Абдулла Орипов Коммунизм ҳақида:

Фақат коммунизм – ул эзгу ният,
Инсонга софлигин берар қайтариб.

Бу сатрлар муаллифи Ленинни ағдарганларида жим тураверди, Коммунизмни қоралаганларида жим тураверди.

Боз устига замон ўзгаргач, "сарой" ўзгаргач, 2003 йили, "Ёшлик" журналини 20 ёши билан қутлар экан, Абдулла Орипов журналга асос солинган йилларни "...собиқ мустабид тузум айни куч-қудратга тўлган, шўро мафкураси ҳар тарафдан ажриқдай қисиб турган..." йиллар эди, деб эслади.

Гап Орипов ҳақида борар экан, у кишининг мустақиллик йилларида ёзган яна бир шеъри – Ўзбекистоннинг "денгизи" тўғрисидаги шеърини эслашимизни кутаётгандирсиз? Биласиз-ку ўзингиз, биз эслаб нима қилдик?!


Барот Бойқобиловнинг мастер-класси

Шоирнинг ҳам тирикчилиги бор, шоирлик касб дедик. Ҳар бир касбнинг эса, ўзига яраша сир-асрори бор.

Бас, шундай экан, бўлажак сарой шоирларига шоир Барот Бойқобиловнинг номидан, яъни у кишининг ижоди мисолида мастер класс ўтмоқчимиз.

Бунинг учун Бойқобиловдан иккита катта парча келтиришимизга тўғри келади.

Биринчи парчани шоирнинг "Табаррук тупроқ" достонидан олдик. 1981 йили эълон қилинган мазкур асарда ўша даврдаги раҳбар – Биринчи секретарнинг Самарқандга сафари тўғрисида сўз борган:

Мўътабар меҳмоннинг йўлига муштоқ¸
Интизор кўзларда ëнар қўшчироқ.

Секретарь қалбида буюк бир ҳавас
Меъмор чол кашфидек яшар муқаддас.

Самарқанд кўкида чарх урганда “Як”¸
Дилларда ўтланди олий бир тилак.

Улуғ манглайида кун балқиб гўë
Сиймосидан ëғиб қалбларга зиë¸

Биринчи Секретарь – қутлуғ қадам зот¸
Табаррук тупроққа таъзим этди бот.

Қучоғин кенг очиб эл кутиб олди¸
Юракларда шодлик наҳри қўзғолди.

Одамлар гул тутди¸ тутди нону туз¸
Шаҳримиз пешкаш¸ деб¸ айтишди нек сўз.

Ўша давр саройи соҳиби – Биринчи Секретарь кўп ўтмай қайтиш қилди. Кейин бошқалари, ниҳоят энг сўнгги Биринчи Секретарь келди ва у кўп ўтмай президентга айланди.

Ва Барот Бойқобилов 2000 йили ўзининг "Мустақиллик манзумаси"ни эълон қилди. Унда мана бундай сатрлар бор:

Хаëлим бўлинди – боқдим майдонга¸
Майдонга сиғмаган минглаб инсонга.

Барчаси шодумон байрами хосда¸
Ўзига ярашган ҳашам либосда.

Курсиларга зевар бўлиб ўлтирур¸
Юзу кўзларида балқиб турмиш нур.

Улуғлар ўлтирмиш илғор қаторда¸
Салтанат олдида хизмати бор-да!

Кўзим тушди бир пайт азиз инсонга¸
Миллат фаҳри – янги Соҳибқиронга!

У камтар кўринди улуғлардан ҳам¸
Кўринди улусга ҳамкору ҳамдам.

Илғор қаторда у улуғлар каби¸
Кўзида порлайди ҳурлик кавкаби.

Шоир Бойқобиловнинг номидан мастер класс ўтказаяпмиз. Келтирганимиз икки парчадан чиқадиган сабоқ будир: мақтамоқчи бўлганингиз сарой соҳибини замоннинг кўтаришига қараб ё амалининг расмий номи билан атайсиз, ёки тарихдаги буюкларга чоғиштириб сифатлайсиз.

Мақташ учун бисотингиздаги сўзлар етарли бўлмаса, "Ўзбек тили синонимлари луғати" ёрдамга келиши мумкин.

Барот Бойқобиловнинг мастер класси тугади.

Бундай дарс зарур эди, менимча. Зеро эшиттиришимиз меҳмони, шеъру шоирларга яқин Дилором опанинг айтишича...

- Мустақилмиз¸ яшасин юртбошимиз деб ҳамду сано ўқиб ëтибди бу шоирлар. Энг даҳшати шуки¸ мана шу Ислом Абдуғаниевичнинг ҳам даври ўтади. Унинг ҳукмидан озод бўлган шоирлар унинг ўрнига келганни худди шундай кўкларга кўтаришади¸ худди шундай мақташади.

Ëдингизда бўлса¸ Рашидов даврида “Биз гипнозда эдик”, деган гаплар билан чиқишган эди. Жойи келганда яна гипнозда бўлиб қолишган бўлади¸ шунинг учун ҳам Каримов буларга ўз ҳукмини ўтказган бўлади. Улар халқнинг шу ташвишларини кўра билан туриб “Бизлар жуда зўр яшаяпмиз” деб ҳамду санолар айтганлари гипнознинг оқибатида келиб чиққан бўлиб чиқади.

Кейинги келган ҳукмдорга ҳам улар шундай хизмат қилаверишади. Уларда биронта позиция бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Уларнинг позицияси битта: кун кўриш¸- дейди Дилором опа Исҳоқова.

Бугунги эшиттиришимизда Шоирнинг ижтимоий вазифаси нима, деган саволга жавоб топмоқчи эдик, гап сарой шеъриятига ўтиб кетиб қолди.

Сарой шеъриятидан бошқа шеърият – асл поэзия, сарой шоирларидан бошқа шоирлар – асл шоирлар ҳам бўлади, албатта.

Туғилган кунини эслаётганимиз Алишер Навоий, масалан.

Масалан, Низомий Ганжавий.

Мана у киши нима деб ёзган эди:

Йўл босдик, иш қилдик, барчаси ўтди,
Замонсозлик қилдик, боқмайин кетди.
Фиғон чекдик, аммо қани товшимиз,
Умри нақдинамиз зум ўтмай битди.

****

Сўнгги нуқтани қўйиш олдидан шуни таъкидлаб айтиб қўймоқчимизки, ўзбек шоирлари орасида бирон марта ҳам замонасозлик-мадҳиябозлик қилмаган, ижодини фақат Сўз ва Миллат хизматига бағишлаган ва бағишлаб келаётганлар бор.

Мавриди билан уларнинг ҳар бири тўғрисида алоҳида ҳикоя қилиш ниятидамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG