Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Пул қочди – нарх арзонлади


Ўзбекистон бозорларида нарх-наво арзонлаганини таҳлилчилар аҳолининг харид имконияти пасайгани билан изоҳламоқдалар.
Ўзбекистон бозорларида нарх-наво арзонлаганини таҳлилчилар аҳолининг харид имконияти пасайгани билан изоҳламоқдалар.

Жаҳондаги молиявий инқироз қабатида Ўзбекистонда озиқ–овқат маҳсулотларининг нархи пасайиши кузатилаяпти. Шу кунларда ун, ёғ, гуруч каби зарур истеъмол моллари 25% гача арзонлаган. Ўзбекистонликлар озиқ-овқат нархларининг пасайишидан хурсандликларини яширмаяптилар.

Тошкентлик Саломат опанинг айтишича, шаҳар бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари жорий йил бошидан бошлаб арзонлай бошлаган.

- Кунгабоқар ëғининг бир литри 4400 сўмгача кўтарилиб кетган эди. Ҳозир 2800 сўм. 2500 сўмлик жойлар ҳам бор экан.

Олий навли Қозоғистон унларининг бир килосини 1500-1600 сўмдан олиб юрган эдик. Ҳозир 1200 сўмга тушди. Биринчи навли унлар 1000 сўмдан. Ўзбекистоннинг биринчи навли уни 450 сўмдан ҳам бор экан.

Мол гўшти 8 минг бўлиб кетган эди. Ҳозир 7200 сўмга тушибди¸ дейди Саломат опа.

Жиззахлик Маъмуржон ака ҳам Жиззах вилоятида озиқ–овқатлар нархи кескин пасайишда давом этаётганини айтади.

- Гўшт 6500 сўмдан 5500 сўмга тушди. Қозоғистон унлари 60 минг сўмдан 45 минг сўмга тушган. Буғдойлар 650 сўмдан 400 сўмга тушди¸ дейди Маъмуржон ака.

Шаҳрисабзлик Зулфия опага кўра, Қашқадарёда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кундалик эҳтиёж моллари ҳам арзонлаган.

- Ўзбекистонда чиқадиган кир совунлар ва порошоклар озроқ арзонлаган¸ дейди Зулфия опа.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида озиқ–овқат нархлари 10-15% дан 20-25% гача пасайган.

Ўзбекистондаги энг харидоргир маҳсулот бўлган гуручнинг нархи ўтган йил билан солиштирганда 20-25% га арзонлаган. Ўтган йилнинг ўрталарида гуручнинг нархи ўртача 2800 сўм бўлган бўлса, ҳозирда 2000 – 2200 сўмга тушган.

Ҳар қиш мавсумида қимматлайдиган тухум ҳам бу йил қайтага арзонлади. Икки ой аввал тухум нархи 250 сўмдан 290 сўмгача бўлган бўлса ҳозир бир дона тухумни 150– 250 сўмга харид қилиш мумкин.

Нарх– навонинг арзонлашиши кейинги йиллар давомида умуман кузатилмаган ҳолат. Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев бу ҳолатни молиявий инқироз билан боғлайди.

Таҳлилчига кўра, кейинги пайтда Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмида харид имконияти пасайиши кузатилиб, ўз навбатида, бу нарх-навонинг арзонлашишига олиб келаяпти.

- Бу албатта молиявий инқироз билан боғлиқ. Гастарбайтерлардан пуллар 2007-2008 йил давомида оқиб келаëтган эди. Шунинг натижасида бозордаги маҳсулотларга катта талаб юзага келиб¸ нарх қанча кўтарилса ҳам, одамлар олиб ëтган эди.

Ҳозир, биринчидан, гастарбайтерлардан келаëтган пуллар кескин равишда камайган. Иккинчидан, халқнинг сотиб олиш имкониятлари камайган¸ дейди Комрон Алиев.

Айни пайтда мамлакат бозорларида сабзавотлар арзонлагани кузатилмайди. Дейлик, пиёзнинг бир килоси ўртача 1000 сўм атрофида.

Суҳбатдошларимизга кўра, бу ўтган йилга нисбатан қимматроқ. Шунингдек, хориждан импорт қилинаётган ун ва ун маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар каби айрим маҳсулотлар арзонлагани ҳолда, четдан келтирилаётган кийим-кечаклар нархи кўтарилаяпти.

- Доллар билан савдо қилинадиган нарсалар кўтарилган. Кийим-кечаклар кўтарилган. Озиқ-овқатдан ташқари нарсалар кўтарилган¸ дейди ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан бири.

Таҳлилчи Комрон Алиевга кўра, импорт маҳсулотлари қимматлаётгани кузатилса-да, Ўзбекистонга қўшни давлатлардан келтирилаётган айрим маҳсулотлар нархида пасайиш бўлаяпти. Унинг айтишича, ҳатто Қозоғистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатларда АҚШ доллари нархининг кескин кўтарилиши ҳам Ўзбекистонга келтирилаётган маҳсулотлар нархига таъсир қилмаяпти.

- Менимча, Қозоғистонда бизга келтириладиган асосий нарса - бу ун. Уннинг нархига бу тўғридан-тўғри таъсир қилмаса керак. Биринчидан, ўзбек сўми долларга алмаштирилади ва Қозоғистонда долларга сотиб олинади. Шунинг учун у ерда доллар қайтадан сўмга айланади ва ҳатто Қозоғистоннинг ўша маҳсулоти арзонроқ ҳам келиши мумкин¸ дейди Комрон Алиев.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари пасайиши давом этади ва ёзга бориб эса нархлар янада арзонлаши мумкин.
XS
SM
MD
LG