Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:34

Эрон Роғунга сармоя ётқизмоқчи


Роғун ГЭСига инвестициялар жалб этишда Россия марҳаматидан умид узаёзган Тожикистон мазкур энергетик иншоот қурилишига қизиққан бошқа давлатлар билан ҳам музокара бошлаган кўринади.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасғари Шердўст Эрон ва Тожикистон ҳамкорлигига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Эроннинг Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этиш нияти қатъийлигини айтди:

- Роғун ГЭСи қурилиши бўйича эълон қилинган халқаро Консорциум лойиҳаси тақдим этилиб, унинг қурилишига доир тадбирлар бошланиши биланоқ Эрон Ислом Жумҳуриятидаги хусусий сармоядорлар билан бир қаторда давлат ҳам бу йирик иншоот қурилишида ўз ҳиссасини қўшади. Яна таъкидлайман, Эрон Роғун лойиҳасида албатта қатнашади, деди Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасғари Шердўст.

Собиқ иттифоқ даврида лойиҳалаштирилган Роғун ГЭСи қурилиши ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг тўхтаб қолганди. ГЭСнинг 1988 йилда қурилган тўғони йиллар ўтиши билан сурункали селлар туфайли емирилиб кетган.

Аммо мустақиллик йилларида Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини битказиш мақсадида қурилиш ишига хорижий сармоядорларни даъват этганидан сўнг бир неча давлат бу лойиҳага алоҳида аҳамият билан қарай бошлади.

Жумладан, Покистон, Украина, Ҳиндистон каби мамлакатлар ҳам бир неча бор шундай истак билдирган эди.

Аммо сўнгги 15 йил давомида Россия Роғунга катта сармоя ётқизиш ваъдаси билан бу мамлакатларнинг иш бошлашига тўсқинлик қилиб келди.

Ниҳоят 2004 йили Тожикистон ҳукумати билан Россиянинг РУСАЛ компания ўртасида Роғун ГЭСини қурилиши бўйича икки томонлама шартнома имзоланди.

Аммо кўп ўтмай РУСАЛ раҳбари Олег Дерипасконинг Тошкентда Ислом Каримов билан учрашгани ва ўзбек президенти русларга Роғуннинг тўғон баландлигини 280 метрдан оширмаслик талабини қўйгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўла бошлади.

РУСАЛнинг Роғун ГЭСи тўғонини босқичма-босқич қуриш ва унинг баландлигини 280 метрдан оширмаслик режаларидан қониқмаган, Тожикистон томони 2007 йилда шартномани бир томонлама бекор қилиб, РУСАЛни мамлакатдан чиқариб юборди.

2008 йил бошида Тожикистон Роғунни ўз кучи билан қуришини эълон қилди ва бу иншоот қурилиши учун давлат бюджетидан тахминан 50 миллион доллар маблағ ажратди. 2009 йил эса Роғун учун давлат бюджетидан 150 миллион доллар ажратилди.

“Барқи тожик” ширкати расмийларининг билдиришича, айни пайтда бу стратегик иншоотда қурилиш ишларининг 40 фоиз бажарилган. Жорий йил сўнгида Роғун қурилиши тадбирлари доирасида Вахш дарёси тўсилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон томони Роғун қурилишига ҳар доим қаршилик кўрсатиб келган. Ўзбек расмийлари мазкур ГЭС қурилиши минтақада сув тақчиллигига сабаб бўлиши ва минтақа экологиясини хавф остида қўйишини айтиб келади.

Ўтган йил декабрида Туркманистон электри транзити масаласида Тошкентга борган тожик делегацияси раҳбари Пўлат Муҳиддиновга ўзбекистонлик ҳамкасблари президент Ислом Каримов Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишидан ташвишда эканини маълум қилганлар.

Айтиш жоизки, эронликлар Роғун ГЭСи қурилишида қатнашиш истаги борлигини аввал ҳам айтиб келганлар.

Аммо Россия президенти Дмитрий Медведев январ ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Россия қўшнилар билан келишилмаган энергетик лойиҳаларда қатнашмаслигини маълум қилганидан сўнг Эрон томони Роғун ГЭСи бўйича қатъий қарорда эканини билдирди.

Айрим таҳлилчилар Эроннинг Роғун қурилишида қатнашиши муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этамоқдалар.

- Сангтўда-2 ГЭСини қураётган эронликлар йирик гидроэнергетик иншоотлар қуришда юқори тажрибага эканликларини исботладилар. Менимча, Эроннинг Роғун ГЭСи қурилишида иштироки Тожикистон учун ҳамма жиҳати билан жуда муҳимдир, дейди мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Аммо бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар Роғун ГЭСи қурилишида Россия иштироки зарурлигини таъкидламоқдалар. Хусусан, аввалда Тожикистон иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган Давлат Усмон “Роғун ГЭСи лойиҳаси 70-йиллар бошида рус мутахассислари томонидан ишланган”и ва “бу стратегик иншоот пойдеворининг биринчи ғишти ҳам айнан ўша лойиҳа асосида ташланган”ини урғулайди.

Минтақадаги энг йирик гидроэнергетик иншоот саналмиш Роғун тўғонининг баландлиги лойиҳа бўйича 335 метр бўлиб, қуриб битказилганидан сўнг у йилига 3 600 мВт электр ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG