Линклар

logo-print

АҚШ маъмурияти ташқи сиёсатдаги оҳангни ўзгартирмоқчи


Обама маъмурияти АҚШ ташқи сиёсати оҳангини ўзгартиришга аҳд қилган. Бу ҳақда Америка вице-президенти Жозэф Байден Мюнхендаги хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда билдирди.

Шунингдек, АҚШ президенти муовини Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда хавфли томон силжигани ва буни тўхтатиш зарурлиги ҳақида ҳам гапирди.

- Қўшма Штатлар НАТОнинг ютуғи Россиянинг мағлубияти ёки Россиянинг кучлилиги НАТОнинг заифлиги деган тушунчаларни инкор этади, деди Жозэф Байден.

Аммо жаноб Байден АҚШ Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия айирмачи ҳудудлари Россиянинг таъсир доирасида бўлишига қарши эканини ҳам таъкидлади.

- Қўшма Штатлар Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат сифатида тан олмайди, деди АҚШ вице-президенти.

Жаноб Байден, ўз чиқишида, Америка аксилракета тизимларини Европага ўрнатиш, Афғонистондаги экстремизмга қарши кураш ва ядро қуроллари тарқалишини олдини каби масалаларда Россия билан маслаҳатлашиб иш кўришга тайёрлигини айтди.

АҚШ вице-президенти Вашингтоннинг Эронга нисбатан ташқи сиёсати оҳанги ҳам ўзгариши ҳамда Оқ уй янги маъмурияти бундан буён ўз иттифоқчилари ва халқаро ташкилотларга кўпроқ қулоқ тутишини таъкидлади.

- Дунёнинг Америкага эҳтиёжи бўлгани каби Американинг ҳам дунёга эҳтиёжи бор, деди Жозэф Байден.

XS
SM
MD
LG