Линклар

Руслан Чагаев яна бир ғалабага эришди


Ўзбекистонлик оғир вазнли боксчи Руслан Чагаев шанба куни Германиянинг Росток шаҳрида костарикалик боксчи Дэвис Драмондни енгди.

"Учинчи раундда Чагаев ва Драмонднинг бошлари бир бири билан тўсатдан тўқнашиб кетди. Натижада Чагаевнинг қоши атрофи ёрилиб, қон оқа бошлади. Олтинчи раундда эса Чагаев танасининг ёрилган қисмидан қон кетиши тўхтамаётгани туфайли, арбитрлар жангни тўхтатишга қарор қилдилар", деб ёзди бу ҳақда Fight News ахборот сайти .

Жанг тўхтатилган пайтда Чагаев йиғилган баҳолар бўйича олдинда эди.

Чагаев ўтган йили жароҳат олиб, рингни вақтинчалик тарк этишга мажбур бўлган эди. Драмонд билан учрашув Чагаевнинг сўнгги бир йил мобайнида ўтказган биринчи жангги бўлди.

“Вақтинчалик фаолият кўрсатмаётган жаҳон чемпиони” мақомига эга Чагаевнинг рингдаги иккинчи учрашуви россиялик боксчи, жаҳон чемпиони Николай Валуев билан бўлиб ўтади.

2007 йилнинг апрелида бўлиб ўтган мусобақда Чагаев Валуевни мағлуб этган эди.
XS
SM
MD
LG