Линклар

Катта сиёсий ўйин бошланаяпти

  • Садриддин Ашур

Қирғизистон ҳукуматининг АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарори парламентда тасдиқланса, АҚШ ҳарбийлари бу мамлакатни 180 кун ичида тарк этишлари керак бўлади.

Қирғизистон ҳукуматининг АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарори парламентда тасдиқланса, АҚШ ҳарбийлари бу мамлакатни 180 кун ичида тарк этишлари керак бўлади.

Қирғизистон президенти АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш ҳақда қилган баёноти билан минтақадаги нисбий мувозанат яна бир томонга оға бошлаганидан дарак берди.

Қурултойнинг бугунги сонида Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимов¸ Бишкекдан мустақил сиëсатшунос¸ собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев¸ АҚШдан таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов ва Намангандан журналист¸ инсон ҳуқуқлари фаоли Носир Зокир иштирок этади.

Бу ҳарбий базанинг Марказий Осиë минтақаси учун қанчалик аҳамияти борлиги, агар ҳақиқатан ҳам бу база олти ойдан сўнг чиқиб кетадиган бўлса¸ унинг минтақа учун қандай ижобий ва салбий томонлари бор?

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг АҚШ ҳарбий базасини ёпиш ҳақида Москвадаги чиқиши кузатувчилар учун янгилик бўлган эмас. Бу ҳақда анчадан буён гапирилиб келинаётган эди.

Фақат бу гапни нега Қурмонбек Бакиев айнан Москвада айтди? Ёки бу Россия томонидан берилган 2 миллиард доллар қарзга ва 150 миллион доллар ёрдамга миннатдорчилик эдими?

Медведевнинг “бундай қарорга келиш ҳар бир суверен давлатнинг ўз ихтиёрида”, деганига ва бу қарор Кремлнинг кўрсатмаси билан бўлмаётганига қанчалик ишониш мумкин?

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда Қирғизистон борган сари Москванинг босими остида қолаяпти. Иккинчидан, Қирғизистон АҚШдан дивидендлар олишга ҳам ҳаракат қилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, буни чайқовга ўхшатиш мумкин. Яъни, кичик давлатнинг қудратли давлатлар ўртасига тушиб,улар манфаатини чайқов қилиб, ўз манфаатини парваришлашга ҳаракат қилиш, деб айтишимиз мумкин.

Умуман олганда бу тарихда кўп кузатилган оддий ҳолат.

Тошпўлат Йўлдошев: Менинг фикримча¸ бу ерда икки томонлама манфаат бор. Бир томони - Қирғизистонда ҳозир ички вазият анча мураккаблашган. Мухолифат бирлашган. Лекин мухолифат раҳбарларини амалдаги президент режими таъқиб остига олаяпти.

Энди унга ташқи томондан сиëсий мадад керак. Бу мададни фақатгина ўз атрофига авторитар¸ диктатор режимларни йиғиб олган Кремл бериши мумкин.

Ички вазиятдан келиб чиқиб Бишкек Манас аэропортидаги Америка ҳарбий базасини беркитишга қарор қилишди.

Озодлик: Абдуманноб ака¸ сизнингча Марказий Осиë давлатларидаги раҳбарлар ўзларининг мустақил сиëсий ориентирига эгами ëки ҳозир ҳам Кремлга бўйсуниб турибдими?

Абдуманноп Пўлатов: Мен айтилган фикрларга қўшиламан. Ҳамма мамлакатларда барча қудратли давлатлардан ëрдам олишга интилиш бор.

Қирғизистон каби ҳарбий томондан¸ иқтисодий томондан заиф давлат АҚШ билан ҳамкорликни¸ жумладан, Манас аэропортидаги ҳарбий базани ишлатиш шартларини қайта кўриб чиқишга эришиш учун ëпишга таҳди қилмоқда. Балки бу базани ростдан ҳам ëпиш нияти бўлиши мумкин¸ ўртада музокаралар бўлаяпти.

Буни чайқовчилик, деб аташ мумкин¸ бозорда савдолашиш деб аташ мумкин. Лекин бутун инсоният тарихи ва ҳозирги ҳаëти ҳам шундан иборат.

Мамлакатлар¸ гуруҳлар¸ раҳбарлар¸ фаоллар бир-бири билан мана шундай босим ўтказиб ëки таҳдид қилиб, қайсидир маънода сиëсий ўйин қилмоқдалар.

Озодлик: Қурманбек Бакиев бу баëнотни Москвага бормасдан олдин Қирғизистонда берса бўларди.. Нега у бу гапни Медведев билан бўлган учрашувдан сўнг айтди?

Носир Зокир: Мен шу ўринда тарихий бир воқеани эсга солиб ўтмоқчиман. Озодлик радиосининг Туркияда яшаб ижод қилаëтган Баҳора Олим қизи деган бир мухбири бор эди. 1995 йилда унинг бир лавҳаси эфирга кетган.

Шу лавҳада айтилишича, туркиялик бир журналист Кремлдан 1000 долларга Россиянинг “Ўрта Осиë доктринаси” деган бир ҳужжатни олиб чиққан. Мана шу ҳужжатда Ўзбекистон бўлими берилган.

Бу ҳужжатнинг асосий мазмуни шундан иборат: Биз (яъни Россия) Ўзбекистонни қўлга олишимиз учун у ерда диний ақидапарастларни¸ мухолифатни кучайтиришимиз керак. Ҳукумат диндорларга қарши курашгандан кейин халқнинг орасида обрўйи тушиб боради ва биздан ëрдам сўрашга мажбур бўлади.

Кечаги ҳолатни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Кечаги бўлган воқеа шуни кўрсатдики¸ Болтиқбўйи давлатлари¸ Украина¸ Грузиядан ташқари постсовет давлатлари ҳали тўлиқ мустақил эмас экан.

Юқорида айтилганидай, Қирғизистонда озгина демократия бўлгани учун ҳам Қурмонбек Бакиевнинг ўрни ҳозир омонат бўлиб турибди. Эртага одамлар чиқиб уни олиб ташлаши мумкин. У Кремлнинг тазйиқи орқали кечаги ишларни қилишга мажбур бўлди. Ҳали бу ҳолваси.

Биз русни 150 йилдан бери биламиз. Озгина иқтисодий жиҳатдан қийналиб қоладиган бўлса¸ атрофидаги ер ости ва ер усти бойликларига эга давлатларга беш панжасини ташлаб¸ ковлаб ола бошлайди. Мана ҳозир Ўзбекистонда газларни ковлаб кетаяпти.

Менинг назаримда бу Кремлнинг тазйиқи орқали бўлаяпти. Барак Обама ҳокимиятга келди ва у Марказий Осиëни қўлга олса¸ бу Россия учун Яна бир ютқизиқ бўларди. Шунинг учун кечаги иш пўписа ва босим билан амалга ошди, деб ўйлайман.

Озодлик: АҚШнинг Покистондаги аҳволи мураккаб бўлиб турган бир пайтда¸ кўприклар портлатилиб у ëқдан ўтиш хавфли бўлиб турган пайтда¸ Марказий Осиëда ягона бўлиб турган Манас базаси ëпилаяпти. Агар шу база ëпиладиган бўлса¸ АҚШ яна Ўзбекистоннинг Хонободига қайтиши мумкинми?

Дейлик ҳозир Каримов учун жуда қулай вазият юзага келди. Биламизки¸ Қирғизистонда Қамбарота ва Тожикистонда Роғун ГЭСларининг қурилиши Ўзбекистоннинг манфаатига тўғри келмайди. Каримов ғарб томонга оғиши мумкинми?

Ёки АҚШ Тожикистон ва Туркманистондан база излаши мумкинми? Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Медведевнинг Тошкентдаги учрашувидан сўнг аламзада бўлиб турган бир пайтда, ориентирни АҚШга қараб буриб юбориши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Мен фикрингизга қўшиламан. Ғарб томонидан Ўзбекистонга бўлган муносабат кучаймоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам ғарбга талпиниш хоҳиши кузатилаяпти.

Чунки кейинги 3 йил ғарбдан чекиниш даври бўлган бўлса¸ энди Ўзбекистон Москва оғушидан тўйинди ва ўзининг мустақиллигини баланслаштириш учун Россиядан масофаланишга ҳаракат қилади.

Каримов Москвада Марказий Осиë тезкор кучларини тузиш тўғрисидаги ҳужжатни ҳам жуда инжиқлик билан имзолади. Бу ҳам сигнал.

Бу келажакда ўша ташкилот доирасида Ўзбекистоннинг фаолияти жуда заиф бўлиши ëки Ўзбекистоннинг ушлаб турувчи давлат бўлишидан далолат берадиган ҳолат.

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳозир Қирғизистон ва Россия муносабатларида қизиқ ҳолат юз берди. Қирғизистон ҳукумати Манас ҳарбий базасини бекитиш учун Россиядан 2 миллиард доллар пул олди.

300 миллион доллари бу салкам бир фоизга етадиган фоиз билан олинаяпти.

Қолган 1 миллиард 700 миллион доллари эса инвестицияга, яъни “Қамбарота -1” деган ГЭСнинг қурилишига берилади.

Бундан ташқари 150 миллион долларни грант сифатида олди. Қирғизистоннинг 193 миллион доллар қарзи бор эди. Шунинг 180 миллионидан воз кечилди, ҳисоби. Қирғизистон томони шунча имкониятларга эга бўлди.

Лекин айни пайтда Каримов Хонобод базасини беркитганда¸ 2005 йил 14 октябрда Россия билан стратегик иттифоқчилик шартномасига қўл қўйганида¸ бир тийин олгани йўқ. Бу ерда Қурманбек Бакиев Каримовга худди профессор мактаб боласига ўргатгандай сиëсатни ўргатаяпти.

Шунинг учун мен ўйлайманки¸ ҳозирги шароитда Каримовнинг асабини жиловлаш қийин бўлади. Бакиев ҳозирги вазият билан Каримовдан минг баробар юқорилигини кўрсатди. Бу шароитда АҚШнинг Каримов билан келишиши қийин.

АҚШ Қирғизистонга аэропортдан фойдалангани учун 17 миллион доллар тўлаб турган эди. Агар АҚШ Ўзбекистонга қайтадиган бўлса¸ Каримов бундан нима ола олади? Шу пайтгача ҳеч нарсага эриша олмаган сиëсатбоз ҳозир ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди.

Мен ўзимча ўйлайман¸ АҚШнинг ҳозир қиладиган тараддудлари асосан Тожикистонга қаратилади. Чунки Имомали Раҳмон «Биз Душанбе аэропорти ëки бошқа аэропорт орқали америкаликларга ўз юкларини Афғонистонга олиб ўтишлари учун имкон яратиб берамиз», деган.

Бундан ташқари Туркманистонда олдинги Туркистон ҳарбий округидан қолиб кетган тўртта ҳарбий аэродром бор. Ўшаларни ишга солиш мумкин. Улардан биттаси Кушкада, яъни Афғонистоннинг шимолига жуда яқин жойда.

Мен америкаликлар кўпроқ Тожикистон ва Туркманистон билан ишлашса керак, деб ўйлайман. Чунки Каримов билан энди ҳеч бир давлат¸ ҳеч бир сиëсатчи иш юрита олмайди.

Озодлик: Абдуманноп ака, Америка Ўзбекистонда ҳарбий база очиши ëки шунга ҳаракат қилиши мумкинми?

Абдуманноп Пўлатов: Менинг назаримда ҳозир бу кун тартибида йўқ. Лекин бу борада режалар ва олдинда фикр билиш учун бошланғич музокаралар даражасида бу масала муҳокама қилинаяпти.

Барибир у асосий масала сифатида кун тартибига қўйилмаган. Сабаби бу ерда гап Каримовда ҳам эмас¸ Имомали Раҳмонда ҳам эмас. Ҳар бир мамлакатнинг мухолифатчиси «Бизнинг подшоҳимиз энг аблаҳ», деб жар солаверади.

Бунинг ҳеч ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Гап бунда эмас. Ҳамма хатолар қилиб¸ бир-биридан ўрганиб ўзининг манфаатини ҳимоя қилишда¸ шахсий манфаатини¸ ҳукмрон доиралар манфаатини¸ ўзининг назарида давлатнинг манфаатини ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб келаяпти.

Америка учун ҳарбий база борасида қайси мамлакат билан ҳамкорлик қилиш бу битта масала.

Иккинчи бутунлай бошқа бир масала , Афғонистонга бораëтган юкларни темир йўл ва автомобил йўллари билан етказиш масаласи.

Покистон томони хавфли бўлганлиги учун бошқа йўллар муҳокама қилинаяпти. Буларнинг ичида ҳарбий бўлмаган юкларни ташиш бўйича энг арзон темир йўл бу Термиз темир йўли. Чунки бу темир йўл Афғонистонга Туркманистон орқали бормаган.

Шунинг учун истасак-истамасак Ўзбекистон билан бир неча ойдан бери музокаралар кетаëтган эди. Энди бу музокаралар янада авж олади.

Лекин олдинги хатоларни барча томонлар ҳам ҳисобга олиб¸ ўртада ўз манфаатини жиддийроқ ҳимоя қилиб¸ сал пишиқроқ ўйланган келишувларга эришиш мумкин.

Ҳозирги вазиятда Қирғизистон ўзининг нархини оширишга ҳаракат қилаяпти.

Лекин бу бўлаëтган нарсаларнинг демократияга алоқаси жуда ҳам кам. Мен ҳозир дўстларимнинг Москва фақат диктаторлар билан ишлайди ва АҚШ демократлар билан ишлайди, деб айтаëтган гапларига унчалик қўшилмайман. Чунки АҚШ ҳам барча бошқа мамлакатлар каби ўзининг манфаатига мос келган давлатлар билан ҳамкорлик қилади.

Бакиев қисман АҚШ пули билан ҳокимиятга келган. Лекин ҳозир у ерда демократия Акаев давридагига нисбатан камроқ. Бакиев ҳукумати демократларни четга чиқариб қўйган.

Бу ерда Россия учун ҳам¸ Америка учун ҳам демократия¸ инсон ҳуқуқлари масаласи учинчи¸ тўртинчи ўринда турибди. Афсуски аччиқ ҳақиқат шундан иборат.

Озодлик: Агар ҳақиқатан ҳам АҚШнинг ҳарбий базаси олти ойдан кейин Қирғизистонни тарк этадиган бўлса, бу минтақа учун яхшими ёки ёмон?

Носир Зокир: Менинг шахсий фикрим бор. Мен ўтган сафар ҳам айтган эдим: Қозонга яқин юрсанг қораси юқади. Мустақил бўлган давлатлар қанчалик демократик давлатларга яқинлашса¸ бу ички сиëсий тизимга таъсир қилади.

Путинга ўхшаган КГБ чилар раҳбарлик қилаëтган Россия каби давлатларга яқинлашса эса аксинча. Мана, мустақил бўлганимизга 17 йил ўтган бўлса ҳам, ҳатто Елцин даврида ҳам бирорта россиялик сиëсатчи «Ҳой бу ерда инсон ҳуқуқлари поймол бўлаяпти», деб баëнот бергани йўқ.

Тепада ўтирганларга нима керак¸ ҳокимият керак. Баъзилар «АҚШ ўз базасини Тожикистонга кўчириши мумкиин», демоқда. Имомали Раҳмоннинг кечаги инжиқлиги ëш боланинг дадасига «Овқат емайман» деб инжиқлик қилганига ўхшаган гап эди.

Кремл «Ҳов, ўзингни бос. Сенинг тумшуғингдан олиш бизнинг қўлимизда», дегандай гап гапирган бўлса керак¸ эртаси куни ғизиллаб югуриб борди.

Халқнинг нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтадиган бўлсак¸ агар АҚШ билан яқинлашилса¸ ҳам иқтисодий¸ ҳам демократик тарзда халқ учун фойда бўлади.

Бу тепадаги раҳбарлар учун фойда бўлмайди. Базанинг чиқиб кетиши Марказий Осиëнинг оддий халқи учун зарар.

Озодлик: Камолиддин, бу сиëсий жиҳатдан яхшими ëки ëмон?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ база чиқиб кетиши ҳақида ҳали аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки бу биринчи марта айтилаëтгани йўқ ва ҳар сафар Қирғизистон ўзининг фикридан воз кечади. Чунки АҚШ томонидан маълум бир дивидендлар таклиф қилинади.

Иккинчидан бу марказий Осиëдаги геосиëсий вазиятга таъсир қилади. Ҳозир назаримда қўшниларидан ва Россиядан энг хафа давлат бу Тожикистон.

Каримов Медведев келганда «Биз сизга хоҳлаганингизча газ сотишимиз мумкин. Фақат бир шартим бор. Тожикистонга Роғун ГЭСини қуриб бермайсиз», деган. Имомали Раҳмон бундан хафа бўлди ва хафа бўлишга арзийдиган асос, менинг назаримда, бор.

Туркманистон ўз аэродромларини тақдим қилиши мумкин¸ деган гаплар ҳам айтилди. Балки шундай бўлиши мумкиндир, лекин Туркманистоннинг сиëсий доктринаси бунга умуман йўл қўймайди. Яқинда қабул қилинган ҳужжатда ҳам шундай деб айтилган.

Ўзбекистон ўз алоқаларини АҚШ билан эмас¸ НАТО ва ЕИ билан кенгайтириши мумкин. Мен Хонобод тақдим қилинади деб ўйламайман.

Менимча Хонобод бошқа тақдим қилинмаса керак. Чунки бу Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиëсатидаги қутблашувни кучайтирди. Ўзбекистон бу нарсага тайëр эмас экан. Буни вазият кўрсатди.

Озодлик: Манасдаги база чиқиб кетса ва АҚШ Афғонистонга бошқа йўл топа олмаса¸ бу орада коалицион кучлар ҳам чиқиб кетса¸ толиблар Афғонистонни бир ҳафтада босиб олади. Бу Марказий Осиëга катта хавф солмайдими?

Камолиддин Раббимов: Биласизми ҳақиқатан ҳам Афғонистон муаммоси актуал. Каримов қанчалик авторитар шахс бўлмасин Афғонистондаги вазият барқарор бўлишидан жуда ҳам манфаатдор. Каримовнинг Афғонистондаги вазиятдан қўрқув даражаси кучли.

Агар мана шундай қутблашув пайдо бўладиган бўлса¸ Каримов Афғонистондаги хавфсизликни танлайди. Шу нуқтаи назардан ЕИ ва НАТО структуралари билан ҳамкорлик борган сари кучайиб бораяпти.

Афғонистондаги вазият ҳақиқатан анча қалтис. Менимча Ўзбекистон¸ кейинчалик Тожикистон ҳам Афғонистон атрофидаги лойиҳаларни кучайтирса керак.

Абдуманноп Пўлатов: Менинг назаримда Манас базасининг ëпилиш эҳтимоли унчалик катта эмас. Шундай бўлган тақдирда ҳам минтақада яна бошқа база очилиш эҳтимоли кучаяди. Чунки НАТО ва Германия билан қанча ҳамкорлик бўлмасин¸ АҚШ дунëдаги энг қудратли ва Афғонистонда ўзининг энг кўп аскарига эга бўлган давлат.

Шунинг учун Афғонистон тақдирини ҳал қилишда Американинг ўрни жуда катта. НАТО ва Германия бу ëрдамчи кучлар. Ўзбекистонда ҳам бирор база очилиш эҳтимоли бор. Лекин бу анча қийин бўлади ва қимматга тушади.

Ўзбекистон ва Туркманистон каби демократик бўлмаган ва ëпиқ бўлган давлатларнинг нейтраллик сиëсатини ўзгартириши, агар давлат раҳбари шунақа фикрга келса¸ бу бир-икки ҳафталик иш.

Масалан, Туркманистонга АҚШ томонидан кўзга ташланадиган таклифлар бўладиган бўлса¸ у ўзининг аралашмаслик сиëсатини ўзгартириши мумкин. Албатта ўзгартиради, деяëтганим йўқ. Ҳамма нарсани кутиш мумкин, демоқчиман.

Бу ерда жуда мураккаб музокаралар ва мураккаб ўйинлар кетади. Марказий Осиëда бирор ҳарбий база очилмаган тақдирда ҳам АҚШ нинг Форс кўрфазидаги¸ Қувайтдаги¸ Қатардаги ҳарбий базалари орқали Афғонистонга юк ташишга қудрати етади. Ҳозир Пентагон вакиллари шу тўғрисида айтишаяпти. Муаммо шундан иборатки, бу анча қимматга тушади ва узоқ. Гап фақат шунда.

Мен Носир дўстимнинг «Қозонга яқин юрсанг қораси юқади» деган гапига қўшиламан. Марказий Осиëнинг ғарб ва АҚШ билан яқинлашиши минтақадаги инсон ҳуқуқлари¸ демократия масалаларига секинлик билан бўлса-да ижобий таъсир кўрсатади.

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳозир Бишкекдаги гапларга қараганда парламентдаги депутатлардан «Америкага бу аэропортдан транзит сифатида фойдаланиш ҳуқуқинибериш керак». деган гаплар чиқаяпти. Менимча булар ҳам сенга¸ ҳам менга тарзида қилишмоқчи. Яъни формал шаклда беркилади¸ аммо амалда аэропортдан фойдаланса бўлади, деб ўйлайман.

Энди америкаликлар нима қилади? Автомобил ва темир йўллар масаласини Абдуманноп айтди. Лекин агар бу йўллардан фойдаланиладиган бўлса¸ буни Украина¸ Белорусия¸ Қозоғистон¸ Россия¸ Қирғизистон билан келишиш керак. Бу жуда ҳам оғир, деб ўйлайман. Америкаликлар буни келишишнинг уддасидан чиқа оладими ëки йўқми катта муаммо.

Лекин америкаликлар Марказий Осиë давлатлари билан ҳамкорлигини кенгайтирадиган бўлса¸ бу бир томондан авторитар диктаторларга берилган мадад бўлади. Инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари четга ташланади.

Айни пайтда бориш-келишлар кўпайганлиги сабабли инсон ҳуқуқлари фаолларига¸ журналистларга¸ зиëлиларга оз-моз бўлса ҳам ëрдами тегади, деган фикрдаман.

Носир Зокир: Мен, агар рухсат берсангизлар, Тошпўлат аканинг фикрларини давом этдирсам. Бу ерда дўстларим битта катта хавф бор. Ўзи Американинг битта базаси қолган эди.

Эсларингизда бўлса, ўтган йили Чехия ҳукумати бир баëнот билан чиқди. Бу баëнотга қараганда русларнинг айғоқчилари Чехияда юриб¸ Америкага қарши халқ фикрини шакллантиришга ҳаракат қилаëтганда қўлга олинган.

Бу база чиқиб кетгандан кейин Кремл нима қилади? Афғонистонда Кремлда етишиб чиққан генераллар бор, ўшалар орқали Афғонистондаги Америка кучларига қарши халқ фикрини қўзғаб¸ ўша ерда жанжал¸ тўполон чиқариши мумкин.

АҚШ нинг собиқ президенти Труменнинг битта гапи бор экан. Дунëнинг қайсидир бурчагида ўқ овози эшитилиб қолса¸ «Эй ўрисей¸ шу ерга ҳам қўлинг етиб бордими», деган экан. Афғонистонда ҳам уруш чиқариб руслар Американи у ëқдан чиқаришга ҳаракат қилади. Бу жуда катта уруш хавфига олиб келиши мумкин. Совуқ урушни қайтадан бошланишига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрим бор.

Озодлик: Москвадаги Карнеги Халқаро Тинчлик жамғармаси таҳлилчиси Алексей Малашенко фикрича, Москва ўз позициясини манфаатдор томонлар қабул қила оладиган даражада аниқ белгилай олмайди.

Унинг айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистон қанчалар баҳслашмасин, бир-бирисиз яшай олмаслигини яхши тушунади. Шу боис улар бошқа шартлар қўйиши мумкин бўлган янги воситачини қидириши мумкин. Агар бундай воситачи ўртага чиқса¸ бу минтақада Москва позициясининг сусайишига олиб келади.

Жаноб Малашенко назарда тутаётган воситачилик ролига ЕИ ва АҚШ даъвогарлик қилиши мумкинми?

Москванинг Марказий Осиë давлатлари сиёсатини яна белгилашга уриниш ҳаракатлари минтақани халқаро кескинлик майдонига айлантириб юбормайдими?

Агар яна ҳам очиқроқ айтадиган бўлсак, кейинги ҳафта ва ойлар ичида Марказий Осиëда катта ўйиннинг кескинлашганига гувоҳ бўлмаяпмизми?

Камолиддин Раббимов: Ҳозирги пайтда геосиëсий бир вазият шаклланди. Буни дехатомик дейиш мумкин. Россиянинг ғарб билан муносабатлари максимал даражада таранглашган. Шунинг учун Россиянинг ғарбдан воситачи бўлишни сўраши бу нотўғри ҳолат.

Россия ўзининг манфаатларини ғарб манфаатларини блокировка қилиш орқали парваришлаяпти. Энергетик империя бўлиш концепцияси ҳам Марказий Осиë гази ва нефти устидан максимал назорат ўрнатишга ихтисослашган. Ҳозирча бу эффектив амалга оширилаяпти.

Россиянинг Марказий Осиëдаги энг яқин шериги Қозоғистон. Лекин Қозоғистон мустақил геосиëсий ўйин олиб бораëтган давлат. Бир томондан Россия билан ўзаро самимий ишончли алоқаларда. Лекин айни пайтда ўзининг сиëсатини Россиянинг қош-қовоғига қарамасдан олиб бораяпти. Марказий Осиëдаги энг мустақил давлат деб ҳозирча Қозоғистонни айтишимиз мумкин.

Ўйин албатта бошланади¸ вазият қалтислашади. Ғарб¸ АҚШ ва Россия Марказий Осиë борасидаги лойиҳаларини бошқатдан кўриб чиқаяпти.

Умуман олганда, Марказий Осиëда манфаатлар тўқнашуви янги даражага кўтарилди. Бундан Ўзбекистон ўзига дивидендлар олишга ҳаракат қилса керак.

Абдуманноп Пўлатов: Менинг назаримда ўйин бошланганига 17 йил бўлган. Мен унчалик катта ўзгариш кутаëтганим йўқ. Марказий Осиë минтақасида ягона бир воситачи¸ ўзининг кучли таъсирига эга бўлган ягона мамлакат яқин орада бўлмайди.

Барча қудратли давлатлар ўзининг ўрнига эга бўлади. Бу ЕИ¸ АҚШ¸ Россия¸ Хитой¸ Туркия¸ қисман Эрон¸ Ҳиндистон¸ Япония ва Жанубий Корея. Бу ерда ҳамма давлатлар хато қилса ҳам ўзининг бир хил сиëсатини юргизаяпти.

Қозоғистоннинг бирдан бир фарқи у иқтисодий томондан бақувватроқ. Аммо у ҳам ташқи сиëсатда барча қудратли давлатлар билан тузук бир муносабатни излаяпти. Ўзбекистон ҳам¸ Туркманистон ҳам¸ Қирғизистон ҳам худди шундай. Мен булар орасида бирорта жиддий фарқни кўрмаяпман.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен бир гапни айтмоқчи эдим. Шерикларим унчалиик аниқроқ қилиб айтишмади. КХШТ нинг кейинги қабул қилган қарори билан Марказий Осиëда тезкор қуролли кучлар¸ 30-35 мингга тенг бўлган махсус кучлар шаклланади. Бу махсус қисмлар ўзининг базаларида жойлашган бўлади. Лекин қаерга керак бўлса¸ улар шу кучларни зудлик билан етказиб беради.

Бу нима дегани? Энди Кремлдан ҳамкорлари¸ иттифоқчилари юз ўгира бошлаган пайтда¸ ўзининг қўл остидан кетказмаслик учун мана шу кучларни шакллантирди. Бу кучларни ишлатиш учун 10 миллиард доллар пул ажратилди. Бу катта маблағ.

Агар Кремл ўз олдига қўйган мақсадларига эришмоқчи бўладиган бўлса¸ диктаторларни умрбод сақлаш учун ҳаракат қилади. Айни пайтда бошқа дунëқарашга эга бўлган¸ демократияни истаганларга қарши курашиш мамлакат ичида кучаяди ва бу демократияга қарши курашаëтганларга Москва ўз мададини бериб туради.

Шу томондан мен ўйлайманки¸ бундан кейин вазият анча мураккаблашиши мумкин. Бу мураккаблашишга ғарб мамлакатлари, жумладан, АҚШ қўлидан келганча аралашишга ҳаракат қилади.

Менинг фикримча Россиянинг ҳозирги сиëсати Марказий Осиëдаги кескинликни анча кучайтиради.

Носир Зокир: Биз битта нарсани ўйлайлик¸ эсимизни таниганимиздан бери Америкага қарши урушган давлатларнинг тақдири нима бўлди. Шуларнинг биттаси СССР эди. Ўз ўзидан йўқ бўлиб кетди. Биттаси Ироқ эди.

Абдуманноп Пўлатов: Мен Носир дўстимнинг гапини бўлдим. Америка билан СССР орасида совуқ уруш бўлган. Иккинчи жаҳон урушида эса иттифоқчи бўлишган. Носир дўстим, совуқ урушни назарда тутаяпти.

Носир Зокир: Албатта. Қайсики давлатлар Америка билан тескари бўлган бўлса¸ ўзига фақат ëмон ҳолатни келтириб чиқарган холос. Тарихда Америкага қарши бўлган бирорта давлат ютиб кетмаган.

Менинг назаримда, Россия ҳам бу ҳаракатини қилаверади. Лекин ҳеч нарсага эриша олмайди. Жуда борса Афғонистонда гуруҳларни бир-бирига қарши қўйиб, уриштириши мумкин холос. Лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG