Линклар

Ҳақиқатни яшириб бўлмай қолди


Кузатувчиларга кўра¸ қашшоқлик Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизга яқини яшовчи қишлоқ ҳудудларида урчигандан урчиб бормоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ қашшоқлик Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизга яқини яшовчи қишлоқ ҳудудларида урчигандан урчиб бормоқда.

Ўзбекистон парламентининг расмий нашри “Халқ сўзи” газетасига кўра¸ мамлакатда ҳар миллион оиладан 324 мингги қашшоқликда кун кечирмоқда ва моддий ëрдамга муҳтож.

“Халқ сўзи” газетаси келтирган бу қарам¸ фақат бир миллион оиланинг иқтисодий аҳволини ўрганиш натижасида келиб чиққан ва оддий арифметика қоидасига мувофиқ¸ Ўзбекистонда камбағал оилалар сонининг бундан бир неча баробар кўп бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Кўринадики, Расмий Тошкент мамлакат аҳолисининг камбағаллигини тан олаётир.

Жиззахлик Салима опа оиласи ҳам иқтисодий ночорликда кун кечираётганлардан бири.

Салима опа ўзининг бугунги абгор ҳаётидан қийналган пайтлари “келажакда ҳамма нарса яхши бўлиб кетади”, деб ўзини юпатади¸ умид билан яшайди...

- Ўлчагандай қилиб ëғ билан нон есак. Оддий мисолда: бир ойда 3 кило ун¸ ярим кило ëғ билан инсон кун кечира оладими? Шу ҳаëтдан қониқиб бўладими?

Бошқасини қўяверинг, ойда бир кило гўшт ея олмаймиз. Яхши кун бўлармикин, деб яшаймиз.

Аëллар кўпроқ рўзғорни ўйлайди. Битта кўйлак олсак бир неча йил киямиз. Иморатни, энди, пул бўлса қиламиз¸ бўлмаса борига шукур қилиб юраверамиз. Рўзғор томондан муаммолар¸ етишмовчилик кўп¸ дейди Салима опа.

Жиззахда Салима опаники сингари иқтисодий етишмовчиликда яшаётган оилалар кўпчиликни ташкил қилади.

Жиззах вилоят “Маҳалла” жамғармаси ходимининг билдиришича, вилоятда 42900 кам таъминланган оила бўлиб, ҳар йили уларга моддий ёрдам бериш учун турли тадбирлар амалга оширилади.

- Масалан, ҳашарлар пайтида уйлар ремонт қилиб берилган. Наврўз байрамида¸ мустақиллик байрамида ҳашар бўлаяпти. Ўша шанбаликлар арафасида кам таъминланган¸ бечораҳолларнинг уйлари таъмирланиб берилаяпти.

Бундан ташқари байрамларда баҳоли қудрат 15, 20, 30 минг сўмдан ëрдам берилаяпти¸ ҳомийларнинг ëрдами уюштирилаяпти.

Масалан, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини соғломлаштириш мақсадида 26 миллион сўм сарфланган. Бундан ташқари 36 миллион сўмга қорамол берилган. Жамғарманинг ўзидан 45 та олиб берганмиз. Ҳомийлар билан қўшганда жами 1300 та қорамол берилган.

Ҳомийларнинг маблағи билан ҳисоблаганда жами 721 миллион сўмлик ёрдам бўлган. Шунинг 36 миллиони “Маҳалла” жамғармасидан олинган¸ дейди “Маҳалла” жамғармаси ходими.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда нафақат камбағал оилалар балки, ўртаҳол оилаларнинг турмуш тарзи ҳам кун сайин оғирлашиб бормоқда.

Бунга¸ Самарқандда яшовчи зиёли оилалардан бири бўлган Шодиевлар оиласи мисолида амин бўлиш мумкин.

Оила бошлиғи Халил Шодиев Самарқанд давлат Университетида доцент бўлиб ишлайди. Рафиқаси ҳам зиёли аёл. Бир ойлик даромадлари ўртача 250 минг сўм атрофида. Бироқ эр - хотиннинг топгани икки фарзандни кўнгилдагидай тарбиялашга етмаётганлигидан нолийди, Халил ака.

- Ҳафтасига бир килограмм гўшт оламиз. Тежаб тўрт кишига етказамиз. Баъзан бир-икки кун гўштсиз овқат еймиз. Иккита ўғлим талаба. Биттаси мен билан ўқишга боради ва тушлик қилишга уйга қайтиб келади. Қизим тўрт пара ўқиган куни тушлигига 500-600 сўм бераман. Тежаб-тежаб, бир амаллаб кун кўриб юрибмиз¸ дейди Халил Шодиев.

Бу зиёли ўзбек оилаларидан бирининг аҳволи.

Жорий йилнинг 5 феврал куни Ўзбекистон парламенти нашри -“Халқ сўзи” бир миллион оиладан 324 минги камбағалликда яшаётгани ҳақда ёзди.

Ушбу нашр ўтган йилнинг декабр ойидаги сонларидан бирида ҳам айни мавзуни тилга олиб, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи камбағалликда яшаётгани ва аксар халқнинг коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашга ҳам қурби етмай қолгани ҳақда ёзган эди.

Мустақил кузатувчи Тўрабек Сано айни ҳолатни изоҳлар экан, эндиликда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги қашшоқлик даражасини яшира олмай қолаётганини айтади.

- Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги вақтларда аҳоли орасида қашшоқликнинг ошиб бораëтганлигини тан олаëтганлигига ягона омил бўлаëтган нарса, бу жаҳон жамоатчилигидан бугун бу ҳолатни яширишнинг сира ҳам иложи йўқлигидир.

Чунки Ўзбекистондаги вазият шу кунга қадар бунчалик ночорлашмаган¸ халқнинг турмуш даражаси бунчалик ёмонлашмаган эди.

Кўплаб одамлар Россия¸ Қозоғистон ва бошқа давлатларга иш излаб кетди. Ўзбекистонда ишсизлар сони тобора кўпайиб бораётгани туфайли мамлакатда қашшоқлар сони меъëридан ошиб кетди.

Ҳукумат эса буни яширишнинг бирон бир чорасини тополмаяпти. Вазият чегарадан чиқиб кетди¸ дейди Тўрабек Сано.

БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири қашшоқлик даражасидан паст кўрсаткичда кун кечиради. Бугунги кунда аксарият ўзбек оилаларининг асосий емиши нон билан чой эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи, тахминан, 20 АҚШ долларини ташкил қилади.

Айрим манбаларда айтилишича, ўзбекистонликлар ярмидан кўпининг бир кунлик харажати ўртача бир АҚШ долларига ҳам етмайди.

Аммо Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида мамлакатда ўртача иш ҳақи 220 АҚШ долларига етганини таъкидлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG