Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:56

Модага ҳам инқироз келди


Молиявий инқироз туфайли ўзбек аёллари тобора арзонроқ ва жўнроқ матолардан кийим кийишга мажбур бўлмоқдалар.
Молиявий инқироз туфайли ўзбек аёллари тобора арзонроқ ва жўнроқ матолардан кийим кийишга мажбур бўлмоқдалар.

Иқтисодий инқироз ўзбек аёлининг кийиниши ва пардоз-андозини ҳам жўнлаштириб юборди. Бу эса¸ ўз навбатида¸ ўзбекистонлик чеварлар ва дўкондорлар даромадидан баракани қочирди.

Ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Феруза 28 ёшда. У сўнги пайтларда ўзбек аёллари кийимлари жуда ҳам одмилашиб кетганини айтади:

- Бир йил бўлиб қолди шундай бўлганига. Авваллари ундай эмасди. Аввал кўчага чиққанимизда, аёлларнинг устида чиройли-чиройли кийимлар кўрардик. Бурилиб орқадан кузатардик, уларни.

Масалан, ўша кийимларнинг фасонларини чизиб олишга, ёки шунчаки эслаб қолишга ҳаракат қилардик.

Ҳозир эса ҳайрон қоларли даражада кийинган аёлни кўрмайсиз. Ҳамма кўримсиз тусдаги ва деярли бир хил кийимда... Ажралиб турадиган кийим-кечакларни кўрмайсиз. Чунки одамларнинг чўнтаги қимматбаҳо кийимларни кўтаролмай қолди, дейди Феруза.

Унга кўра, аёллар кийимининг жўнлашиб кетаётганидан молиявий бўҳрон ўзбекистонликлар ҳамёнига ҳам салбий таъсир кўрсатганини илғаш мумкин.

-Мана, кеча бозорга тушдик. Юнусобод туманининг 12 даҳасида арзон Хитой моллари сотилади.

Кеча ўзим учун ўша бозордан спорт кийимини сотиб олдим. Ўзим истаганимни 35-45 минг деяпти. Унга ҳозир пулимиз йўқ, шунинг учун 18-15 минглисини қидириб топдик. Ўшани сотиб олдим.

Нима қиламиз энди. Ҳамма ҳам кийингиси келади, қиммат бозорларга боргиси келади. Чиройли кийим-кечаклар, қимматбаҳо палтолар сотиб олгимиз келади. Лекин чўнтак кўтармаганидан кейин шунисига ҳам шукр қиламиз, дейди Феруза.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, сўнги бир йил давомида ўзбекистонлик аёллар дўкон ёки бозорлардан тайёр кийим-кечак сотиб олишни камайтирганлар. Аёллар кўпроқ бозордан харид қилинган арзон матони чеварга олиб бориб, кўйлак ва костюмлар тиктиришни афзал кўраётган эканлар.

-Бир метри уч-тўрт ёки беш-олти минг сўмдан сотиладиган матолар бор. Ўша матолардан қурбимиз етадиганини сотиб оламиз. Тикувчига тиктирамиз. Битта кўйлакни етти-саккиз минг сўмдан тикадиган тикувчилар бор, ўшаларга тиктирамиз, дейди Феруза.

Тошкент шаҳрининг Кадишева, Аҳмад Дониш, Чорсу каби бозорларида сотиладиган битта тайёр кўйлак нархи, аниқланишича, 80-100 минг сўм, яъни қарийб 70-75 долларни ташкил қилмоқда. Бу эса Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи билан тенг кўрсаткичдир.

Шундан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, чеварда тиктирилган битта кўйлак ўртаҳол ўзбек аёли учун 20 минг сўм, тахминан 15 АҚШ долларига тўғри келар экан.

Аммо тошкентлик чеварлардан бири Люда опа молиявий инқироз чеварларнинг топар-тутарига ҳам таъсир қилаётгани ҳақида гапиради:

- Ҳозир аёллар камроқ кийим тиктирадиган бўлдилар. Агар авваллари камбағал оилалардан бўлган аёллар ҳам кийим тиктиришга мато олиб келган бўлсалар, ҳозир ундайлар камроқ кийим тиктиришаяпти.

Менинг мижозларим орасида арзонроқ мато олиб келаётганлар сони жуда ҳам кўпайиб кетган. Ҳамма пул йўқлигидан нолийди. Баъзан эса меҳнат ҳаққимни иккига бўлиб тўлашларига ҳам тўғри келаяпти, дейди нолиб тошкентлик чевар.

Бутун дунё бўйлаб кузатилаётган молиявий бўҳрон нафақат Ўзбекистондаги мода саноати ва ўзбек аёллари кийиниш услуби, балки дунёдаги аксар етакчи мода уйлари ва заргарлик компанияларининг ҳам инқирозли вазият билан тўқнаш келишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, яқинда таниқли Tiffany заргарлик брэндининг инқирозга юз тутгани, Chanel мода уйи эса бир қанча йирик мамлакатларда ўтказилиши режалаштирилган намойишларини бекор қилгани маълум бўлди.

Кузатувчиларга кўра, айнан шу сабабли ҳозир аксар кийим-кечак дўконлари, инқирозни четлаб ўтиш мақсадида нархларни туширишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ҳам бундан мустасно эмаслигини кузатдик.

-Мени шахсий дўконим бор. Ҳозирги инқироз туфайли кийим-кечак нархларини 20, 30 ва 40 фоизгача арзонлатишга тўғри келаяпти. Мана шу инқироздан бир амаллаб чиқиб олиш учун ўзимнинг дўконимда нархни иложи борича туширишга мажбурман, дейди Чилонзор даҳасидаги кийим-кечак дўконларидан бирининг эгаси Ҳилола.
XS
SM
MD
LG