Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:33

Борарга жойи йўқ айбсиз ўзбеклар


Гуантанамо ҳужраларининг темир эшиклари очилганидан сўнг¸ умрининг 7 йилини бу ерда ўтказган беайб ўзбекистонлик йигитларни ўз ҳаëтини қайтадан бошлаш синови кутиб турибди.
Гуантанамо ҳужраларининг темир эшиклари очилганидан сўнг¸ умрининг 7 йилини бу ерда ўтказган беайб ўзбекистонлик йигитларни ўз ҳаëтини қайтадан бошлаш синови кутиб турибди.

Amnesty International тарқатган хабарга кўра¸ Гуантанамо қамоқхонасида сақланиб келинган олти ўзбекистонликдан учтаси айбсиз топилиб¸ озодликка чиқадиган бўлди.

Amnesty International - Халқаро амнистия ташкилотининг билдиришича, қамоқхонада сақланаётган Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков ва Ойбек Жабборовларга нисбатан айблов бекор қилинган ҳамда тергов тўхтатилган.

Улар исталган дақиқада қамоқхонадан чиқарилиши мумкин. Аммо, ҳозирча бир муаммо улар йўлини тўсмоқда – улар, халқаро ҳуқуқ ташкилотлари хавотирича, қийноқлар ва адолатсиз судлов тизими ҳукм сурган Ўзбекистонга қайта олмайди.

Айни пайтда террорда гумон қилинган бу маҳбусларни қабул қилишга рози бўладиган давлат ҳам ҳозирча топилгани йўқ.

АҚШнинг янги президенти ўзининг илк иш кунидаëқ мамлакат нуфузига узоқ йиллар давомида доғ тушириб келган бу қамоқхонани бир йил ичида ёпиш ҳақда буйруқ берди ва айбсиз топилиб¸ озодликка чиқариладиган маҳбусларни қабул қилишни сўраб¸ Европа давлатларига мурожаат қилди.

Аммо ҳозирга қадар бирор Европа давлати ўзбекистонлик бу уч маҳбусни қабул қилиш истагини билдиргани йўқ. Аммо, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Халқаро амнистия гуруҳи вазият тез орада ўзгаришига умид қилмоқда.

Боиси, куни кеча Болтиқ бўйидаги икки давлат — Латвия ва Эстония Гуантанамодан озод этилган маҳбусларни қабул қилиш истагини билдирди. Шунингдек, Германия ҳукумати ҳам шундай истакни билдирмоқда.

Террорчи, деган айбловдан қутулган уч ўзбек Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков ва Ойбек Жабборовларга қайси давлат қачон бошпана беради бу ҳозирча номаълум, аммо улар Ўзбекистонга берилмаслиги лозим¸ дея яна бир карра таъкидлади Халқаро амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Мэйси Вайшердинг.

- Умид қиламизки, қолган маҳбуслар сафида ўзбекистонлик тутқунлар учун ҳам хавфсиз ва ҳимоя кафолатланган, муҳими, уларни Ўзбекистонга бериб юбормайдиган давлатни топишга муваффақ бўламиз.

Биз улар Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги керак, деган фикрдамиз, дейди Мэйси Вайшердинг.

Бу ташкилот хавотирлари мутлақо асосли, дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов. Гуантанамодаги ўзбекларнинг исми-шарифи ва туғилган йили матбуотда эълон қилинганидан сўнг улардан бири бу гуруҳга таниш экани ойдинлашди.

Бу Тошкентлик Камолиддин Қосимбековдир. Суръат Икромов у ҳақда ташкилот архивида қайд этилган мана бу маълумотларни берди.

- Қосимбеков Камолиддин Тоҳиржонович. 1977 йилда Тошкент шаҳри¸ Собир Раҳимов тумани¸ Себзор массивида туғилган. 1999 йил 9 августда Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 97 ва 164 моддаларига асосланиб¸ унга нисбатан қидирув эълон қилинган. 97 модда бу қасддан одам ўлдириш¸ 164 модда эса бу босқинчилик¸ дейди Суръат Икромов.

Аммо, Камолиддин 1999 йил йил 16 феврал портлашларига алоқадорликда айбланган йигитлардан бири эди ва шу боис, унга нисбатан қўйилган айбловни асосли, дейиш жуда мушкул, дейди Суръат Икромов.

- Ўзи бир қисм одамлар диний айблов бўйича қўлга олинган. Кўп йигитлар 1999 йил Тошкентда бўлган портлаш орқали айбланишган ва улар қочиб кетишга мажбур бўлишган. Улар ҳар қандай йўллар билан Афғонистонга тушиб қолган бўлиши мумкин¸ дейди Суръат Икромов.

Нима бўлган тақдирда ҳам¸ Гуантанамога тушиб қолган ўзбекистонлик маҳбуслар ва хусусан, Камолиддин Қосимбеков ортга қайтарилмаслиги лозим, дея халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фикрни қувватламоқда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

- Масалан¸ ўлим жазосини йўқ қилган бўлгани билан¸ ҳали қийноқ бўлаяпти. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸бунинг айби 97 модда. Бу қаттиқ жиноят ҳисобланади. Шунинг учун мен у Ўзбекистонга келса¸ барибир ҳибсга олинади деган ишончдаман. Менимча¸ у қайтса қаттиқ жазога тортилади¸ дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

АҚШ ҳарбийларининг Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган уч ўзбек Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков ва Ойбек Жабборовларга нисбатан айблов бекор қилинган ҳамда тергов тўхтатилган.

Улар тез орада қамоқхонани тарк этиши ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари умид қилаётганидек, бирор Ғарб давлати томонидан қабул қилиниши мумкин.

Шу қамоқхонада сақланаётган яна уч нафар ўзбекистонлик Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов ва Абдулла Муҳаммадхонлар эса Халқаро амнистия ташкилоти тарқатган сўнгги баёнотга кўра, ҳануз террорчилик фаолиятида гумон қилинаётган маҳбуслар рўйхатида қолмоқда.

Халқаро ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, ўз даврида 700 нафаргача маҳбус сақланган бу қамоқхонада ҳозир 250 маҳбус қолган.

Деярли етти йилдан буён терроризмда гумон қилиниб, сақланган маҳбуслардан ҳозирга қадар фақат 21 нафарига нисбатан айблов эълон қилинган ва уларнинг иши АҚШ ҳарбий трибунали томонидан кўриб чиқилган.
XS
SM
MD
LG