Линклар

Қишлоққа иш келадиган бўлди

  • Сарвар Усмон

Норасмий манбаларга кўра¸ қишлоқда ишсизлик даражаси 70-80 фоизни ташкил этиши боис қишлоқ ҳаëти қашшоқликнинг ўзига хос синонимига айланиб бормоқда.

Норасмий манбаларга кўра¸ қишлоқда ишсизлик даражаси 70-80 фоизни ташкил этиши боис қишлоқ ҳаëти қашшоқликнинг ўзига хос синонимига айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашга қаратилган давлат дастури қабул қилинди. Эндиги гап бу ишларнинг тирикчиликка етадиган даромад олиб келиш-келмаслигида қолди.

"2009 йили Ўзбекистон қишлоқларида 544 мингта иш жойи ташкил қилиниши керак".

Бу вазифа "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" давлат дастурида белгилаб қўйилган, деб хабар қилди куни кеча Regnum ахборот агентлиги.

Ярим миллиондан зиёд қишлоқликни иш билан таъминлашга қаратилган мазкур дастурни ҳаётга тадбиқ этиш учун 192 миллиард 269 миллион сўм сарфланиши режалаштирилган.


Дастур юзасидан бир қатор расмий идоралар билан боғландик, албатта. Бу ҳақда кейинроқ айтармиз.

Ҳозир эса, ўша қарийб ярим миллион иш жойининг потенциал эгалари – оддий қишлоқликлар билан ўтказганимиз суҳбатлар мазмунига эътиборингизни тортмоқчиман.

Андижон вилоятидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи Даврон аканинг фикрича, ҳукумат қишлоқ жойларида янги иш жойларини ташкил қилишга бел боғлаганинини, албатта, олқишлаш керак, чунки

- Ерларни бўлиб берган фермерлар ҳам қисқариб¸ олдин 200 та одам ишлаëтган ерни 50 та одам ишлайдиган ҳолатга олиб келиб¸ ишлаб турган одамларнинг ўзига иш йўқ.

Қишлоқда бир завод қурилмаса¸ фабрика қурилмаса. Улар далага чиқиб ишлайман деса¸ уларни ҳам фермер ишлатадида. Фермер чақирмаса¸ қанақа қилиб чиқиб ишлайди.

Қишлоқда¸ 20-30 та одам дарс берадиган мактабни ҳисобга олмаса¸ фермерларнинг қўлидан бошқа ишлайдиган ер йўқ¸ дейди Даврон ака.

Демак, бу масалада ҳукумат билан оддий ўзбекистонликнинг позицияси бир хил: янги иш жойлари яратиш керак.

Бироқ, масала ечимига қолганда, қишлоқликлар бошқачароқ фикрда.

Масалан, 544 минг иш жойидан 140 мингтаси аҳолига хизмат кўрсатиш муассасалари: ошхона, сартарошхона, ҳаммом кабиларни очиш билан яратилиши назарда тутилган.

Андижонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, у яшайдиган қишлоқда сартарош ҳам, этикдўз ҳам етарли.

- Биз яшаб турган ерда ўзи 4 мингта аҳоли яшайди. Тўртта сартарошхона бор. Яна қанақасига 4-5 та сартарошхона қуриш мумкин? Янги туғилган чақалоқдан то 90 ëшга кирган одамга қадар 4 мингта одам бўлса.

Ҳаммом энди билмадим. Ўзи уйда ëқиш учун газ йўқ¸ ҳаммомга қаердан газ бўлади.

Этикдўзлар ҳам 2-3 та. Ўшаларнинг ўзига ҳам ямаладиган нарса зўрға чиқади.

Кийимга келсак ҳам¸ одамлар ҳозир бозордан Хитойнинг нарсасини олиб кийишаяпти. Қимматбаҳо мато олиб тиктирадиган ҳам йўқ. Ўзи пулни зўрға нонга эплаяпмизку¸ қанақа қилиб кийим тиктириб киямиз¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Яна бир суҳбатдошимиз, Собиржон Риштон туманидан. Унинг айтишича, янги иш жойларини ташкил қилиш масаласига комплекс ёндошилмаса, давлат дастуридан самара чиқиши қийин.

-Ўзи қишлоқда свет¸ газ бўлмаса¸ нима кераги бор? Масалан сартарошхонада сочни фақат қайчи билан олмаса керак. Унинг қанақадир соч оладиган аппарати бўлиши керак. Бу аппарат свет бўлмаса ишламайди. Буни қилиш учун олдин қишлоқда шароитни яратиб қўйиш керак. Бўлмаса¸ осмондаги орзуларни орзу қилишнинг кераги йўқ¸ дейди риштонлик Собиржон.

Янги иш жойлари ташкил қилишга оид давлат дастурида ошхонаю сартарошхоналар қуриш ҳақидагина гап кетаётгани йўқ, албатта.

544 минг иш жойидан 70 мингтаси касаначилик ҳисобидан яратилиши назарда тутилган. Риштонлик суҳбатдошимизга шу ҳақда ҳам айтдик. Жавоби мана бундай бўлди.

- Ўзи Риштонда кулоллар кўп. Заводлар синган. Агар заводлар тикланадиган бўлса¸ қолганлар уйида ишлаб¸ заводнинг ҳисобига қандайдир пул ўтказиб туриши керак шекиллида. Бунга кулоллар рози бўлмайди¸ дейди Собиржон.

Қўқон яқинидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи Ёрқинжон ҳар йили 9 – 10 ой Россияда ишлайди. Шу кунда у ўз қишлоғида. Ёрқинжон билан суҳбатлашар эканмиз, муаммонинг ечими бошқа томонда эканлигини тушунгандай бўлдик.

Риштонлик Собиржон ҳам, қўқонлик Ёрқинжон ҳам бир нарсани айтди: излаган одам шу кунда ҳам, 544 мингта янги иш жойи яратилмай туриб ҳам, иш топиши мумкин.

Қўқонлик Ёрқинжондан эшитинг:

- Иш борликка бор.

Озодлик: Мана иш борликка бор деяпсиз. Шахсан сиз учун қанақа ишлар бор?

- Қурилишда ишлашим мумкин ëки бир уйда ғишт теришми¸ сувоқ қилишми хусусий ишлашим мумкин. Мана шунақа ишлар бор.

Озодлик: Қурилишда иш бор деяпсиз. Эртага борсангиз сизни ишга қабул қиладими?

- Қилади. Дейлик кўчада ғишт териш 30 сўм бўладиган бўлса¸ у ерда арзонроқ бўлади. Иш бор лекин арзонда. Сизга 10 сўмдан¸ 15 сўмдан бериши мумкин. Ойликка келсак¸ маълум бир тўхталиш бўлади. Мен ҳам ишлаб кўрганманда. Берадию¸ чўзилади.

Суҳбатдошларимиз айтганларидан келиб чиқсак, баъзи хулосалар қилиш мумкин.

Риштонлик Собиржоннинг айтишича, янги иш жойларини яратишга киришиш масаласига комплекс ёндошиш, яъни аввал қишлоқ инфраструктурасини такомиллаштириш керак.

Қўқонлик Ёрқинжоннинг айтишича, Ўзбекистоннинг қишлоқларида шу кунда ҳам иш мутлақо йўқ эмас. Муаммо – тўланаётган ҳақнинг ўта озлигида, боз устига ўз вақтида берилмаслигидадир. Шунинг учун ҳам миллионлаб ўзбекистонлик Россияда ишлаб юрибди.

"Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" давлат дастурини жойларда амалга ошириш бошландими?

Янги иш жойи яратиш учун қишлоқлик кредитни кимдан ва қандай шартлар асосида олади?

Бу саволлар жавобига қизиқиб, Фарғона вилоят Бувайда тумани ва Тошкент вилоят Чиноз тумани ҳокимликларига, мазкур дастурни молиялаштиришга жалб этилган муассасалардан бири - Микрокредитбанкка қўнғироқ қилдик.

Уччала идорада ҳам телефон гўшагини масаладан бехабар одам кўтарди. Хабардорларини эса топиб бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG