Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Тинчлик калити Покистон қўлида


Покистон раҳбариятини Афғонистонга туташ қабила ҳудудларидан бошпана топган жангари гуруҳларга қарши кескин ëндашув тутишга кўндириш¸ Ҳолбрук олдида турган мураккаб вазифалардан биридир.
Покистон раҳбариятини Афғонистонга туташ қабила ҳудудларидан бошпана топган жангари гуруҳларга қарши кескин ëндашув тутишга кўндириш¸ Ҳолбрук олдида турган мураккаб вазифалардан биридир.

Афғонистонда тинчлик ўрнатишни ўз устивор мақсадларидан бири қилиб белгилаган президент Обаманинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук Исломободга келди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ричард Ҳолбрук Покистон расмийлари билан учрашувларда экстремизмга қарши самарали кураш стратегиясини муҳокама қилишни режалаштирган.

7-8 феврал кунлари Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда чиқиш қилган Ричард Ҳолбрук Афғонистонга қўшни давлатлар, жумладан, Покистонни ҳам терроризмга қарши кураш жараёнига жалб этувчи янгича ёндашув зарурлигини таъкидлади.

Покистон ҳукумати юзланаётган муаммолар, жумладан, толибон ва Ал-Қоида жангариларининг сўнгги пайтда анча фаоллашганига оид масалалар Исломободдаги учрашувларнинг диққат марказида бўлади.

Покистоннинг Вашингтон ва Брюсселдаги собиқ элчиси Ториқ Фатмий Покистон раҳбарияти Ричард Ҳолбрукнинг Афғонистон ва Покистонга махсус вакил этиб тайинланишини олқишлаган бўлса-да, ўзлари дуч келаётган муаммолар борасида Ҳолбрукка босим қилишларини айтади.

- Расмий Вашингтон Жорж Буш маъмуриятининг терроризмга қарши олиб борган уруши самара бермаганини тан олиши лозим. Улар Афғонистонда кўзлаган мақсадларига эриша олмадилар, бу эса Покистонда салбий оқибатларга олиб келди.

Иккинчидан, эндиликда Вашингтон Покистоннинг демократик тарзда сайланган ҳукуматини ҳурмат қилиши лозим. Бу ҳукумат АҚШнинг айрим талабларини қабул қила олмаслигини ҳам Вашингтон ёдда тутиши даркор, дейди Ториқ Фатмий.

Ал-Қоида ва толибон жангариларининг Покистондаги фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ричард Ҳолбрук Покистоннинг шимол-ғарбий чегара вилоятларининг маркази Пешовар шаҳрига боришни ҳам режалаштирган.

Пешовардаги кузатувчилардан бири Халид Азиз фикрича, мамлакат жанубидагу Панжоб вилоятида яқинда содир этилган қўпорувчилик амалиётлари жангарилар фаолиятининг Афғонистон чегарасига яқин қабилалар истиқомат қилувчи ҳудудларга ҳам ëйилганини намойиш этади.

Сўнгги пайтда нисбатан тинч бўлган жанубий Панжоб минтақасида ўтган ҳафта содир этилган қўпорувчилик амалиётида 30га яқин фуқаро нобуд бўлган эди. Ҳафта давомида содир этилган иккинчи хуружда полициянинг етти ходими нобуд бўлди, полиция назорат пункти эса¸ ер билан яксон қилинди.

Бу ҳужумлар учун маъсулиятни Покистондаги толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Расмий Вашингтон ўтмишда Покистон ҳукуматини ўз ҳудудида бекинаётган жангариларга қарши етарлича чора-тадбирлар кўрмаётганликда айблаган эди.

Покистон томони эса АҚШнинг жангариларга қарши қаратилган деб айтилаётган ҳаво зарбаларини қоралаб, уларнинг халқаро ҳамжамиятнинг террорчиликка қарши кураш уринишларига жиддий путур етказаётганини билдирмоқда.

Халид Азиз Ҳолбрукнинг Исломободга сафари АҚШ ва Покистон ўртасидаги келишмовчиликларни муҳокама қилишга имкон яратишини айтади.

- Кўриниб турганидек, жангарилар тобора фаоллашиб бормоқда. Ҳолбрукнинг мамлакатга сафари эса Покистон сиёсатчиларининг бу ҳақиқатни англашига имкон яратади¸ дейди Халид Азиз.

Айни пайтда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд мамлакатнинг Афғонистондаги элчиси Шерард Ковпер Колесни Британиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили этиб тайинлади.

Британия ҳукумати ўз вакили Шерард Ковпер Колеснинг АҚШнинг минтақадаги вакили Ричард Ҳолбрук билан яқиндан ҳамкорлик қилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG