Линклар

logo-print

Сиëсат Ўш бозорига айланди


АҚШ матбуоти Манас ҳаво базаси билан боғлиқ муаммони сиёсатчилар эмас, АҚШ долларлари ҳал қилишига ишонади.

АҚШ матбуоти Манас ҳаво базаси билан боғлиқ муаммони сиёсатчилар эмас, АҚШ долларлари ҳал қилишига ишонади.

The Washington Times газетаси АҚШнинг Манас базаси учун йилига 150 миллион доллар пул тўлаганини ëзганидан сўнг¸ қирғиз депутатларини бунча пулнинг қайга кетгани қизиқтириб қўйди.

The Washington Times газетасида келтирилган “АҚШ базадан фойдалангани учун Қирғизистонга йилига 150 миллион доллар пул тўлар эди”, деган маълумотни қирғиз парламентида депутат Абдурашит Тағаев ўртага ташлади.

Ростдан ҳам бу пул берилган эдими? Берилган бўлса, бунча катта миқдордаги пул қаёққа йўқолди ёки кимларнинг чўнтагига тушди?

Депутат мана шу саволларга жавоб олишни истади.

Бу саволларга Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбоев жавоб берди.

- 150 миллион доллар пул берилмаган. 2001 йилдан 2006 йилгача Америка йилига 2 миллион доллардан тўлаган эди.

2006 йилда ўтказилган музокаралардан сўнг АҚШ 17,5 миллион доллар тўлашга рози бўлган. Бу маблағни ҳам АҚШ қирғиз ҳукуматининг қатъий талабларидан сўнг тўлашга рози бўлган, деди Қодирбек Сарбоев.

Айни пайтда The Washington Times газетаси Оқ уй расмийларига таянган ҳолда, АҚШ Қирғизистон билан музокараларни давом эттиришини ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Бишкекдаги базани сақлаб қолишга ҳаракат қилиши ҳақида ёзади. Газетага кўра, бу муаммони сиёсатчилар эмас, балки АҚШ долларлари ҳал қилади.

Қирғиз матбуотида ҳам мана шу мавзудаги мақолаларни учратиш мумкин. Бу мақолаларда, агар АҚШ ижара ҳақини кўпайтирса, бюджети доимий моддий қўлловга муҳтож бўлган Қирғизистон ўз қарорини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида гапирилади.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев бундай чиқишларни изоҳлар экан, Манас базаси атрофидаги чакана савдо Қирғизистон обрўсига путур етказаётганини айтади.

- Америкаликлар биз Россия билан келишиб, базани Бишкекда қолдирамиз, деган гапларни айтишмоқда. Биз Ўш бозори даражасида савдо-сотиқ қилиб, давлат сифатидаги обрўимизни тушириб юбордик.

АҚШ ва аксилтеррор коалицияси расмийлари “қолиш-қолмаслигимизни Россия билан ҳал қиламиз, қирғизларга эса пул бериб қўйсак, етарли бўлади” қабилида фикрлай бошладилар.

Албатта¸ бу Қирғизистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсига берилган қаттиқ зарбадир, деди Ўмурбек Текебаев.

Айни пайтда қирғиз парламенти депутати Абдурашит Тағаев бундай фикрларга қўшилмайди.

Унинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллар мобайнида Оқ уй расмийлари билан АҚШ базасининг мамлакат экологиясига келтираётган зиёнини камайтириш ва АҚШ ҳарбийларининг Бишкекдаги ҳозирлиги шартларини қайта кўриб чиқиш борасида музокаралар олиб борганлар.

Бу музокараларда АҚШ томони Қирғизистонни менсимай, унинг талабларини инобатга олмай келгани учун мана шундай қарор қабул қилинган ва бунга пул масаласининг алоқаси йўқ.

- Бизнинг ҳисоб-китобимизча, АҚШ тўлаган ижара ҳақи экологияга етказилган зиённи оқлай олмайди. Биз бу ҳақда бир неча йилдан бери бонг уриб келамиз, деди депутат Абдурашит Тағаев.

Айни пайтда АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш масаласи Қирғизистон парламенти қўмиталарида муҳокама қилинмоқда.

Бу борада парламентнинг умумий йиғилишида қарор қабул қилиниши керак ва шундан сўнггина АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш жараёни бошланади.

Бироқ қирғиз парламенти депутатларига кўра, бу масала қачон кўриб чиқилиши ва якуний қарор қачон қабул қилиниши ҳозирча ноаниқ.

Таҳлилчилар фикрича, асосий кўпчилиги президентни ёқловчи депутатлардан иборат Қирғизистон парламенти АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш учун овоз беради.

Бироқ парламентда бу қарорга қарши депутатлар гуруҳи ҳам мавжуд.

- АҚШ ҳаво базаси миллий хавфсизлигимиз учун хизмат қилар эди.

Қирғизистон хавфсизлигини Марказий Осиё умумий хавфсизлиги ва Афғонистондаги беқарор вазиятдан ажратилган ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам бу базанинг зиёнидан фойдаси кўпроқ, деди парламент депутати Бақит Бешимов.
XS
SM
MD
LG